Линклар

Қамоқдаги журналист Абдураҳмоновга 10 минг евролик мукофот берилади


Солижон Абдураҳмонов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Солижон Абдураҳмонов 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўн йиллик қамоқ жазосини ўтаётган журналист Солижон Абдураҳмонов Германиянинг Йоханн Филипп Палм жамғармасининг сўз ва матбуот эркинлигига бағишланган юксак мукофотига муносиб деб топилди. Палм жамғармаси мукофот эгасини 10 минг евро миқдоридаги пул билан тақдирлайди.

Йоханн Филипп Палм жамғармаси кенгаши, Солижон Абдураҳмоновнинг тез орада қамоқдан озод этилиб, тақдирлаш маросимида мукофотни шахсан ўзи қабул қилиб олишига умид билдирмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Uznews.net маълумотига кўра, 26 август куни Палм жамғармаси 2014 йил сўз эркинлиги ва матбуот соҳасидаги лауреатлар Ўзбекистондан журналист Солижон Абдураҳмонов ва Баҳрейндан Назиха Сайидлар эканини маълум қилган. Тақдирлаш маросими эса 30 ноябр куни Германиянинг Шорндорф шаҳрида бўлиб ўтади.

Озодлик, Америка Овози, Uznews.net каби агентликларнинг Қорақалпоғистондаги мухбири бўлиб ишлаган 63 ёшли Солижон Абдураҳмонов 2008 йил июн ойида йирик миқдорда гиёҳванд моддалар сақлаганлик ва тарқатганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари журналистнинг қамалишини унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини таъкидлаб келади.

Солижон Абдураҳмонов Британиянинг Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Ўтган йили Халқаро Амнистия ташкилоти Солижон Абдураҳмоновни сиёсий маҳбус, дея эътироф этди.

Ўтган йилнинг ёзида АҚШнинг 12 сенатори Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист - Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййид ҳамда ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновни “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирган эди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ҳаёти “катта таҳлика” остида қолаётганини айтиб, уни озод қилишга чақириб келади.

Шу кунда Қаршидаги 64/61-колонияда жазо ўтаётган Солижон Абдураҳмоновнинг соғлиғи, яқинларининг таъкидича, вақт ўтган сайин ёмонлашиб бормоқда.

Жорий йил 28 май куни 64 ёшини қарши оладиган сиёсий маҳбус Солижон Абдураҳмоновнинг яқинлари унинг озод қилиниши бўйича кўмак сўраб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилдилар.

XS
SM
MD
LG