Линклар

logo-print

Қозоғистон жанубида қозоқ ва ўзбек ёшлари ўртасида оммавий муштлашиш содир бўлди


Сайрамнинг Қорамурт қишлоғида реўй берган воқеа расмларини Ўзбекистон Халқ Ҳаракати эълон қилди.

Сайрамнинг Қорамурт қишлоғида реўй берган воқеа расмларини Ўзбекистон Халқ Ҳаракати эълон қилди.

Қозоғистон жанубидаги Сайрам туманида 27 август куни маҳаллий ўзбек ва қозоқлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди. Сайрамнинг Қорамурт қишлоғига 60га яқин қозоқ йигитлари ҳужум қилиши оқибатида тўрт нафар этник ўзбек тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди. Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти воқеа сабаблари ўрганилаётгани, лекин жанжал “миллатлараро низо эмаслигини ишонч билан” таъкидлади. Воқеа гувоҳларидан бирига кўра, жанжалга бир неча кук аввал қўшни қишлоқдаги тўйда қозоқ ва ўзбек йигитлари ўртасидаги рўй берган муштлашув сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам тумани Қорамурт қишлоғида чоршанба куни рўй берган ҳодиса гувоҳларининг Озодликка айтишича, маҳаллий вақт билан кундузги 4лар атрофида 50-60 кишидан иборат тўда кириб келиб, қишлоқ гузарида турган таксичиларга ҳужум қилган.

Қорамурт қишлоқ ҳокимиятининг исмини келтирмаётганимиз вакилига кўра, ҳужум қилганлар қўшни Маданий қишлоғидан бўлгани тахмин қилинмоқда. Қишлоққа кириб келганлар қўлида ўқ отар қуроллар билан арматура бўлаклари бор эди, дейди суҳбатдошимиз.

- Болалар келиб, Маданий қишлоғиданми, аниғини билмадик, йигитлар бостириб келиб, таксистлар турган жойда таксистларни урган. Машиналарининг ойналарини синдириб ташлаган. Ҳамма ерини дабдала қилиб ташлаган. Кейин магазинларнинг ойналарини уриб синдирган. Кўпчилик бўлиб келишди, 60га яқин қозоқ йигитлари. Ўзбекларни уриб кетган,- дейди маҳаллий ҳокимият вакили.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳодиса натижасида жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган тўрт кишининг барчаси ўзбек миллатига мансубдир. Воқеада маҳаллий ўзбекларга доир машина ва дўконларга жиддий зарар етказилган.

- Бошларига арматурада урган. Қовурғаларини синдирган, бирининг жағига теккан. Жабрланганлар тўрттами шунақа. 18та машина, 8та дўконга зиён етказилди,- дейди Қорамурт қишлоғи ҳокимияти вакили.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида воеага оид фото ва видео эълон қилинди.

Ҳужум оқибатида касалхонада қолаётган тўрт этник ўзбекнинг аҳволи ўртача оғир экани айтилмоқда.

Улардан бири Равшан Исметовнинг акаси Комилжон, Озодлик билан суҳбатда, маҳаллий вақт билан кундузги соат 4ларда бошланган жанжал пайтида отишма ҳам бўлганини айтади.

- Укам жароҳатланди. Жағининг ўнг томони синиб кетган. Арматура билан урган. Ҳужум қилганларнинг қўлида пистолет ҳам отилган. Ҳа, отишма ҳам бўлган. Милициялар 8та патронни топиб олиб кетди,- дейди Комилжон Исметов.

Расмийлар ҳодиса сабабларини изоҳламаётир. Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари полковник Салтанат Қоракўзова жанжалга миллатлараро тус бермасликка чақирди.

- Ҳозирча ҳеч қандай изоҳ йўқ. Воқеа сабаблари ўрганилмоқда. Лекин бир нарсани аниқ айтиш мумкин, жанжалга этник омил сабаб бўлмаган. Бир гуруҳ ёшлар безорилик ниятида бир-бири билан муштлашган,- деди ички ишлар вазирлиги вакили.

Воқеа гувоҳи бўлган Комилжон Исметовнинг айтишича, ҳужум қилганлар кутилмаганда, бирданига қишлоққа бостириб келгани боис маҳаллий аҳоли бунинг ортидаги сабаблар ҳақида тахмин қилмоқда холос. Асосий тахмин қўшни қишлоқда икки кун аввал бўлиб ўтган тўйдаги жанжал, деб кўрилмоқда, дейди Комилжон.

- Бу жанжал чиққани, икки кун олдин тўй бўлган. Тўйда ўзбек билан қозоқ урушган. Шундан кейин “сенларга кўрсатамиз” деб кетган экан. Жанжал шундан чиққан тамом. Унисининг аниғини билмаймиз,- дейди ҳужум оқибатида жароҳатланганлардан бирининг акаси Комилжон.

Жанубий Қозоғистон Сайрам тумани Қорамурт қишлоғи аҳолисининг 90 фоизидан ортиқроғи этник ўзбеклардан иборат экани айтилади. Муштлашувни бошлагани тахмин қилинаётган Маданий қишлоғида эса асосан қозоқлар истиқомат қилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, Сайрам туманида аввал ҳам бундай жанжаллар содир бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG