Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:53

Санкциялар боис бўшаган Россия бозорларини ўзбек ошқовоқлари тўлдиради


Россия Ғарб маҳсулотлари учун ўз эшикларини ëпиши ортидан Ўзбекистон учун очилган иқтисодий имкониятлардан фойдаланиш масаласи шу кунларда Росиянинг Тюмень вилоятида муҳокама қилинмоқда. Жорий ҳафтада Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланадиган “Узинтеримпэкс” давлат ширкати мутасаддилари Тюмень савдо палатаси вакиллари билан учрашишди. Учрашув пайтида Ўзбекистонда етиштирилган полиз махсулотларини Тюмень бозорларига етказиб беришнинг янги кўлами муҳокама қилинди.

“Узинтеримпэкс” давлат ширкати пилот лойиҳалар департаменти вакили Мирсаид Мирходжаевнинг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистондан Россияга етказиладиган мева ва сабзовот экспорти ҳажми яна ошади.

Расмий Кремль Россияга қарши санкция жорий қилган Ғарб мамлакатларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари импортини тақиқловчи фармонни имзолаганидан кейинги вазият Ўзбекистон учун янги имкониятлар очгани таъкидланмоқда.

Эндиликда санкциялар боис бўшаган Россия бозорларини Ўзбекистондан олиб келинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари билан тўлдириш имкони пайдо бўлди.

Санкциялар боис бўшаган Россия бозорларини ўзбек ошқовоқлари тўлдиради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:19 0:00
Бевосита линк

“Узинтеримпэкс” давлат ширкати пилот лойиҳалар департаменти вакили Мирсаид Мирходжаевга кўра¸ бу имкондан унумли фойдаланиш истиқболларини ўзбек мулозимлари Россия минтақалари губернаторлари билан муҳокама қилмоқда:

- Бундай учрашувлар жуда самарали бўлмоқда. Биз Ўзбекистонда етиштирилган қовун-тарвузлар намуналарини Тюменьдаги ҳамкорларимизга тақдим қилдик. Самара кутганимиздан кўра аъло. Ўзбек қовун-тарвузлари¸ ошқовоқ ва мева махсулотларига харидор кўп¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбек “торпедалари” Россияликлар ошқозонини нишонга олмоқда

“Узинтеримпэкс” давлат ширкати мулозими Мирсаид Мирходжаев Россия бозорларида талаб катта бўлган маҳсулотлар орасида “торпеда” навли қовунлар энг харидоргири бўлиб қолмоқда, дейди.

- Шаклан торпедага ўхшайдиган бу қовунларнинг мазаси испан қовунларидан анча баланд. Шираси тилни ëради. Ҳозир Росссия бозорида бу қовунлар савдоси чаққон¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбек қовунлари Россияда ҳаридоргир
Ўзбек қовунлари Россияда ҳаридоргир

Озодлик суҳбатлашган баъзи мутахассислар ўзбек деҳқонларининг Россия бозорига мева етказиб бериш имкони хайрли эканини таъкидлаган бўлса¸ фермерлар бунинг оқибатида Ўзбекистон бозорларида нарх кўтарилиши оқибатларидан гапиришди.

Озодлик суҳбатлашган хоразмлик фермер Шухрат Икромов Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалиги учун очилган янги истқиболлар ҳақида гапирар экан, бу аснода мамлакат бозорларида гўшт ва полиз маҳсулотларининг қимматлаши эҳтимолига ҳам тўхталди:

- Россия ўз кунини ўзи кўрсин. Ҳозир 150 миллион кишилик Россия бозори Ўзбекистондаги мева-чеваларни бирданига сотиб ола бошласа, нарх кўтарилади. Бу тижоратдан фермернинг косаси оқаришига ҳам ишонмайман. Улгуржи савдони монополия қилган бир ховуч одамгина бунинг ҳайрини кўради ҳолос¸- дейди хоразмлик фермер.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув ҳўжалиги вазирлигидаги Озодлик манбаларига кўра¸ Ўзбекистон 2016 йил охирига қадар Россияга мева ва сабзовот экспорти ҳажмини икки баравар ошириши мумкин.

Айни манбага кўра¸ Ўзбекистон ўтган йили Россияга 200 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилган. Бундан мамлакат 300 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган.

Бу йил Ўзбекистон Россияга 250 минг тонна мева-сабзавот етказиб беришни режаламоқда.

Ҳозир Ўзбекистон четга экспорт қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.

XS
SM
MD
LG