Линклар

Украина президенти ўз мамлакатига Россия қўшинлари бостириб кирганини айтмоқда


Украина Президенти Пётр Порошенко.

Украина Президенти Пётр Порошенко.

Украина Президенти Пётр Порошенко Россия қўшинларининг Украинага киритилгани тўғрисида баёнот берди. Юзага келган вазиятда Украина президенти Туркияга сафарини бекор қилди. Ғарб мамлакатлари раҳбарлари Кремлдан вазият бўйича тушунтириш талаб қилмоқда.

Украина Президенти Пётр Порошенко Туркия Републикасига белгиланган ташрифини бекор қилиб, давлатда юзага келган вазият юзасидан Миллий хавфсизлик хизмати Кенгашини чақирди.

"Мен Донецк вилоятида, хусусан Амвросиевка ва Старобешевода, вазиятнинг кескинлашгани боис Туркия Республикасига режалаштирилган ишчи ташрифимни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилдим, чунки дарҳақиқат Украинага Россия қўшинлари киритилди", дейилади Украина президенти расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Президент Порошенко “Россия қўшинлари Украинага киритилгани” боис Киев БМТ Хавфсизлик кенгашига фавқулодда мажлис ўтказишни тўғрисида мурожаат қилишини ҳам билдирди.​ Порошенконинг баёноти ёзилган видео Украина президенти маъмурияти тарафидан эълон қилинди.

Украина раҳбари Туркия Президенти инаугурацияси маросимида қатнашиш учун Анқарага бориши керак ва ташрифи давомида етти давлат вакили билан учрашишни режалаштираётган эди.

Айни пайтда, АҚШ россияпараст айирмачиларининг Украина шарқидаги ҳаракатлари Москва тарафидан бевосита дастакланаётганини баён қилди.

AҚШ Дaвлaт депaртaменти мaтбуот котиби Жен Псaки 27 aвгуст куни ўтгaн мaтбуот aнжумaнидa Укрaинa шaрқидaн олинaётгaн мaълумотлaр россияпaрaст aйирмaчилaрнинг Донецк вa Лугaнск вилоятлaридa мaмлaкaт aрмиясигa қaрши ўткaзaётгaн ҳaрбий aмaлиётлaри Россия тaрaфидaн дaстaклaнaётгaнигa ишорa қилишини айтди.

Чоршанба куни Вашингтонда қилган чиқишида Жен Псаки Украинага Россия тарафидан танклар, зирҳли машина ва бошқа оғир ҳарбий техника киритилгани тўғрисида хабарлар келаётганини таъкидлади. Давлат департаменти вакили Донецк ва шаҳар аэропорти атрофларида оғир жанглар кетаётганини билдириб, Россия ҳарбийлари Украина ичкарисига 50 километрга кириб борганини тўғрисида гапирди.

Германия канцлери Ангела Меркель Кремльдан бу хабарлар юзасидан тушунтириш беришни талаб қилмоқда. Канцлернинг матбуот хизмати раҳбари Штеффан Зиберт чоршанба куни кечки пайт Ангела Меркель ва Владимир Путин ўртасидаги бўлиб ўтган телефон мулоқот чоғида айнан Россия можаронинг бартараф этилишига барча имкониятларни сарфлаши кераклигини билдирганини айтди.

Ғарб давлатлари раҳбарларининг бу баёнотлари сешанба куни рус қўшинлари Украинанинг Новоазовск ҳудудига бостириб киргани тўғрисидаги хабар тарқатилиши ортидан янгради.

Россияпараст сепаратчилар Донецк вилоятидаги Новоазовск шаҳрини босиб олганидан сўнг Украина ўз ҳудудига ҳарбий тажовуз қилганликда Россияни айблади.

Украина ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Зорян Шкирякка кўра, Россия ҳарбийлари Украинага бир неча йўналишда бостириб кирмоқда. Россия Қуролли Кучлари Бош штаби ўз ҳаракатлари билан Донбассдаги аҳоли пунктларини босиб олиш мақсадида Украина ҳукумат кучларини заифлаштиришга интилмоқда, деди Шкиряк.

Аксилтеррор амалиёт штабида чоршанба куни эрталаб Украинанинг Донецк вилоятига 100данга яқин Россия ҳарбий техникаси ва қуролли кучлари киритилганини хабар берди.

Украина Оммавий ахборот воситаларида Новоазовск шаҳрига Россиядан 500тача пиёда аскар ва 30-та танк киритилгани ва Новоазовск шаҳри тўлиқ рус қўшинлари томонидан ишғол этилганини хабар қилмоқда.

Украина бош вазири Арсений Яценюк Киев НАТО қўшинларидан “амалий ёрдам” кутаётганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG