Линклар

Киев Россияни Украинадаги айирмачиларни бошқараётганликда айблади


Донецк шаҳри яқинидаги айирмачилар, 2014 йил 28 август.

Донецк шаҳри яқинидаги айирмачилар, 2014 йил 28 август.

Киев расмийлари Россия Президенти Владимир Путиннинг айирмачиларни Украина шарқида қуршовда қолган украин қўшинларига “гуманитар коридор” очиб беришга чақиргани можарода Москванинг қўли борлигига исбот эканини айтди.

Украина расмийлари 29 август куни эълон қилган баёнотда Путиннинг чақириғи фақат бир нарсани, яъни, айирмачилар Кремль томонидан бошқарилаётгани ва назорат қилинаётганига далил экани таъкидланган.

Путин “Новороссия” деб атаган Украинадаги айирмачиларни қуршовда қолган украин қўшинлари соғ-омон чиқиб кетиши учун уларга коридор очиб беришга чақирган.

Россия империяси даврида Украина жанубидаги ҳудудлар “Новороссия” деб аталган.

Путиннинг ушбу атамани ишлатгани, Кремль Донецкдан Молдованинг Россия тарафдори бўлган Днестр ўлкасигача бўлган ҳудудни қўшиб олишни режалаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирни кучайтирди.

Жорий йил март ойида Россия Қирмни ўз ҳудудига аннексия қилгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

29 август куни Брюсселда НАТО элчиларининг навбатдан ташқари учрашуви ўтказилади.

Йиғилишда Украинадаги бўҳрон муҳокама этилиши режаланган.

НАТО маълумотига кўра, Шарқий Украинада камида бир минг россиялик ҳарбий бор.

Россия Мудофаа вазирлиги НАТО иддаосини рад қилди.

29 август куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига бостириб кирганини исботловчи далиллар тақдим этилмаганини урғулади.

- Айбловлар биринчи марта янграётгани йўқ. Бўҳрон бошланганидан бери бунинг ҳаммаси учун бизни айблаб келишяпти. Ҳар-хил уйдирмани биринчи марта эшитаётганимиз йўқ. Бизга бирор марта далилларни тақдим этишгани йўқ,- деди Россия Ташқи ишлар вазири.

28 август куни Оқ Уйда сўзлаган АҚШ Президенти Барак Обама Украина шарқидаги зўравонлик учун Россияни айблади.

Обама Москвани Украинадаги айирмачиларни тайёргарликдан ўтказганлик, қуроллар ва молия билан таъминлаётганликда айблади.

АҚШ раҳбари Германия Канцлери Ангела Меркел билан сўзлашгани ва икки давлат раҳбарлари Россия ўз ҳатти-ҳаракатлари оқибатини кўриши керак, деган фикрга келганларини айтди.

Меркелга кўра, Европа Иттифоқи раҳбарларининг 31 август куни бўладиган саммитида Россияга қарши қаттиқроқ санкциялар қўллаш масаласи муҳокама этилади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 28 август кунги фавқулодда йиғилишида Ғарб давлатлари вакиллари Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилди.

XS
SM
MD
LG