Линклар

Ўшлик ўзбек қизиники дейилган жасадни кўришга Ўзбекистонга ўта олмаяпти

  • Шерзод

 Ўшда йўқолган Одинахон Икромжон қизи

Ўшда йўқолган Одинахон Икромжон қизи

Ўзбекистонлик ҳуқуқ- тартибот идоралари 22 кун аввал йўқолган ўшлик 8 яшар Одинабону Икромжон қизининг жасади Намангандаги каналдан топилганини хабар қилишди. Айни пайтда Наманганга чақирилган қизчанинг отаси Икромжон акани ўзбек чегарачилари Мустақиллик байрами муносабати билан ўрнатилган чеклов боис Ўзбекистон ҳудудига киритмаяпти.

Ўш вилояти Қорасув туманида яшовчи Икромжон Раимжонов 25 кундан буён 8 ёшли қизчаси Одинабонуни изламоқда.

26 август куни Қорасув тумани ички ишлар бошқармаси Раимжоновга хабар қилиб, Ўзбекистоннинг Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги каналдан ёш қизчанинг жасади топилгани ва у Икромжон аканинг қизи экани тахмин қилинаётганини айтишган.

Қорасув ИИБси бу ҳақда Наманган вилояти Тўрақўрғон туман ички ишлар бўлимидан хабар келганини айтишган.

Икромжон аканинг Озодликка айтишича, икки кундан буён Ўзбекистонга ўтишга ҳаракат қилмоқда, бироқ ўзбек чегарачилари Мустақиллик байрами нишонланишини рўкач қилиб, уни чегарадан ўтказишмаяпти:

- Буларга жасаднинг эгнидаги кийимини суратларини жўнатиб юборишибди. Қирғизистон орган ходимлари “ўша ерга бориб келинг”, деб керак бўлган барча ҳужжатларни тайёрлаб беришди. Лекин божхонадан ўтолмадим мен. Қилиб берган ҳужжатлари билан Ўзбекистон божхонаси ўтказмади. “Телеграмма керак бизга”, деб ўтказишмади. Ўзбекистон орган ходимларининг айтиши бўйича, бу қизнинг жасади таниб бўлмас даражада. “Сиз қиз йўқотган экансиз, агар сиз келсангиз сизнинг ДНКингиз орқали текшириб, сизнинг қизингиз ёки у эмаслигини аниқлаб берамиз” дегани учун мен икки кундан бери ҳаракат қилаябман, лекин ўтолмаябман, - дейди Икромжон ака.

Ўш вилояти Қорасув туманида Одинабону Икромжон қизи сурати туширилган эълон.

Ўш вилояти Қорасув туманида Одинабону Икромжон қизи сурати туширилган эълон.

Раимжоновнинг айтишича, икки кундан буён Қирғизистон чегарачилари уни қирғиз чегарасидан ўтказиб юбораяпти, лекин Ўзбекистон томони “бизга орган ходимлари хабар қилмаган” қабилидаги гаплар билан уни ортга қайтараяпти.

Икромжон акага кўра, у Ўзбекистондаги қариндошларидан телеграмма олишга ҳам ҳаракат қилган, лекин бунинг ҳам имкони бўлмаган:

- Ҳаракат қилдим. Қариндош- уруғлар бор. Лекин уларнинг фамилияси, исми бошқа бўлгани учун бу ерга телеграмма юборса ҳам ўтказмас эканда. Фамилияси бир бўлса ўтказар экан, акс ҳолда йўқ,- дейди сухбатдошимиз.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари агар у икки кун ичида келмаса, жасад дафн қилинишини маълум қилган.

Ўш вилояти Қорасув туманидаги Киров қишлоғида шу йилнинг 4 август куни бедарак йўқолган Одинабону воқеаси Ўшда "бола ўғрилари" ваҳимасини кучайтирди.

Сўнгги ойларда Ўш ва Қорасув шаҳарлари, шаҳарга туташ аҳоли пунктларида "бола ўғрилари юрибди", "30 болани ўғирлашибди" деган ваҳима юрибди.

Шу каби миш- мишларнинг кенг тарқалгани сабабли Ўшда маҳалла фаоллари ва масжид имомлари ота-оналарга болаларига эҳтиёт бўлиш чоралари ҳақида тушунтиш бошлаган.

Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари "бола ўғрилари" ҳақидаги гапларни инкор қилиб, ваҳимага асос йўқ, демоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG