Линклар

Гулнора Каримованинг қўшиғини эфирга берган "Ёшлар" радиоси раҳбари урилди


Уй қамоғида сақланаётганини иддао қилаётганига қарамасдан Гулнора Каримова яна бир журналистнинг "бошига етди".

Уй қамоғида сақланаётганини иддао қилаётганига қарамасдан Гулнора Каримова яна бир журналистнинг "бошига етди".

Ўзбекистон “Ёшлар” радиоканали директори президент қизи ижросидаги қўшиқни эфирга бергани учун лавозимидан олингани айтилмоқда. Озодликка маълум бўлишича, Гулнора Каримова ижросидаги “Келажакнинг овозимиз” номли қўшиқ эфирга кетишининг эртасигаёқ радиоканал раҳбари Хуршид Далиев ишдан олиниб, ўрнига Султонпошшо Ёқубова тайинланган. Радиоканалнинг янги раҳбарияти Далиевнинг ишдан олинганини тасдиқлади, лекин бунга президент қизининг қўшиғи сабабчи эканини мутлақо инкор қилди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошидаги “Ёшлар” радиосини кейинги бир йилдан бери бошқариб келган Хуршид Далиев 25 август, душанба куни бирданига ишдан олинди. Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг радио жамоаси вакилларига таяниб, Озодликка маълум қилишича, давлат радиоканали раҳбарининг ишдан четлатилишига бир кун аввал Гулнора Каримова ижросидаги қўшиқнинг эфирга кетиб қолгани сабаб бўлган.

- Ўтган ҳафтанинг якшанба куни, Ëшлар радиоканалида Гулнора Каримова томонидан ўтказилган “Келажак овози” танловининг ролиги шанба-якшанба кунги эрталаб соат 7даги эфирда кетиб қолган. Шу туфайли Ëшлар каналининг директори бўлган Хуршид Далиев ишдан олинган. Унинг ўрнига Султонпошша Ëқубова деган аëл қўйилган.

Озодликка маълум бўлишича, гап ижтимоий ролик сифатида ёзилган Гулнора Каримова ўзбек эстрадасининг қатор қўшиқчилари билан бирга ижро қилган “Келажакнинг овозимиз” номли қўшиқ ҳақида кетмоқда.

Гулнора Каримовага доир лойиҳаларда иштирок этган Ўзбекистон халқ артисити Мурод Ражабов Муқимий номидаги театр раҳбарлигидан кетди.

Гулнора Каримовага доир лойиҳаларда иштирок этган Ўзбекистон халқ артисити Мурод Ражабов Муқимий номидаги театр раҳбарлигидан кетди.

Озодклик билан суҳбатлашган “Ёшлар” радиоканали жамоаси вакиллари Далиевнинг ишдан олинганини тасдиқлашди. Унинг ўрнига таҳририят раҳбари этиб тайинланган Султонпошшо Ёқубова Озодликнинг вазиятни изоҳлаб бериш сўровига жавобан, салафи ишдан олинишига Гулнора Каримова қўшиғи сабаб бўлганига доир иддаоларни мутлақо инкор қилди. Шу билан бирга Ёқубова президент қизи иштирокидаги “Келажакнинг овозимиз” номли ижтимоий ролик эфирга қайтадими, йўқми, бу ҳақда ҳам изоҳ бермади.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов радиоканал собиқ директорининг карьерасига айнан режим ғазабига дучор бўлган президент қизининг қўшиғи раҳна солганига шубҳа қилмайди.

- Бошқа сабаби йўқ. Одатда ўзи масалан ўз хоҳишига кўра деб ëзилади. Тепадан буйруқ берилади. “Аризангни ëз, шунақа хато қилиб қўйдинг” дейди. Бу ерда мониторинг олиб борувчи одамлар бевосита режим томонидан қўйиладиган нималар бевосита ëзиб олишган. Буни бтун Ëшлар телерадиоканали системаси ходимлари ҳам билади. Ходимларнинг бир-иккитаси билан гаплашганман. “Шунақа бўлди” деб тасдиқлашди.

Журналистнинг айтишича, ғазабга дучор бўлишидан аввал Гугуша таҳаллуси остида ижод қилган президент қизининг қўшиқларига бутун республика оммавий ахборот воситаларида тақиқ қўйилганига қарамасдан, “Ёшлар” радиосида унинг ижросидаги қўшиқнинг эфирга кетиб қолиши атайлаб уюштирилганига доир гап-сўзлар таҳририят жамоаси томонидан муҳокама қилинмоқда.

- Менинг эшитишим бўйича, Хуршид Далиевни жамоа ëмон кўрган. Ëқтирмай қолишган ва ходимлардан бир-иккиталари 24 соатлик эфирда ичига, ғараз ниятда, бир-икки минут тиқиб юборган бўлиши мумкин деган гап бўлаяпти. Лекин бошқа сабабини билмадим. Ҳар ҳолда Хуршид Далиев уни атай қўйиб, ўзига бир нима чиқарадиган бола эмас эди,- дейди журналист.

Гулнора Каримова қарийб бир йил аввал Ўзбекистонда босимга учрай бошлаганидан бери у бошчилигидаги лойиҳаларда иштирок этган қўшиқчи ва актёрлар устида ҳам қора булутлар пайдо бўлди.

Кейинги бир йил ичида президент қизига доир лойиҳаларда иштирок этган Ўзбекистон халқ артисити Мурод Ражабов Муқимий номидаги театр раҳбарлигидан кетди. Бундан ташқари ўзбек шоу оламининг таниқли намояндалари Нилуфар Усмонова, Рашид Ҳолиқов, Алишер Узоқов, Наби Абдураҳмонов, “Зарба” гуруҳи кабилар муаммоларга дуч келди.

Гулнора Каримова бизнесига алоқадор бўлган шахслар, хусусан президент қизининг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ҳамда унинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Гулнора Каримованинг ўзи эса бир неча ойдан бери уй қамоғида сақланаётгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG