Линклар

Расмуссен Кремлни Украинадаги ҳарбий амалиётлари учун айблади


НАТО Бош котиби А.Ф.Расмуссен, Брюссел ш., 2014 йил 29 август.

НАТО Бош котиби А.Ф.Расмуссен, Брюссел ш., 2014 йил 29 август.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россияни Украинада “бевосита ҳарбий амалиётлар олиб бораётганлик”да айблади. НАТОнинг жума кунги фавқулодда йиғилишида Украинадаги сўнгги вазият муҳокама қилинди. Учрашувдан кейин сўзлаган Расмуссен “Россия қўшинлари ва қуроллари Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳозирда аниқ ва равшан бўлгани”ни урғулади. Ундан олдин Россия Украинадаги воқеаларга алоқадор экани ҳақидаги иддаоларни “тахмин” деб, уни инкор қилган эди.

29 август куни НАТОнинг Брюсселда бўлиб ўтган фавқулодда учрашувидан кейин сўзлаган Бош котиб Андерс Фог Расмуссен Россиянинг ҳатти-ҳаракатлари Украинада беқарор вазият яратишга уриниш ҳамда мамлакат суверенлигининг “қўпол равишда бузилгани”га яққол мисол эканини айтди.

Расмуссен Россияни халқаро мажбуриятларни бажармай келаётганини кескин танқид қилди:

- Биз Россия зиммасига олган халқаро мажбуриятларини писанд қилмай келаётганини кескин қоралаймиз. Биз Россияни ўзининг ноқонуний ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишга, айирмачиларни ноқонуний дастаклашни тўхтатишга ҳамда ушбу мудҳиш бўҳронни юмшатиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирамиз,- деди НАТО раҳбари.

Йиғилишдан кейин сўзлаган Андерс Фог Расмуссуен Россияни Украина шарқидаги айирмачиларга танклар ва тўплар етказиб берганлик, Россия ва Украина ҳудудидан туриб украин қўшинларини ўққа тутганликда айблади.

Ундан аввал НАТО Шарқий Украинада камида бир минг россиялик ҳарбий бор.

Россия Мудофаа вазирлиги НАТОнинг иддаоларини инкор қилди.

29 август куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига бостириб кирганини исботловчи далиллар тақдим этилмаганини урғулади.

- Айбловлар биринчи марта янграётгани йўқ. Бўҳрон бошланганидан бери бунинг ҳаммаси учун бизни айблаб келишяпти. Ҳар-хил уйдирмани биринчи марта эшитаётганимиз йўқ. Бизга бирор марта далилларни тақдим этишгани йўқ,- деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Жума куни Украина Бош вазири Арсений Яценюк парламентдан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши учун ҳаракат бошлашга рухсат сўрашини маълум қилди.

Яценюк Киев ҳукуматининг асосий мақсади Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши эканини қўшимча қилди.

Айни пайтда, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқидаги уруш ҳаракатларини фожиа деб атади ва уни Иккинчи жаҳон уруши даврида немис фашистларининг Ленинград шаҳрини қамал қилганига қиёслади.

29 август куни Москва ташқарисида жойлашган ёшлар лагерида сўзлаган Путин “украина ва руслар деярли битта халқ экани”ни айтди.

Россия раҳбари Киев расмийлари урушга чек қўйиш учун исёнчилар билан музокара олиб бориши керак, деган фикр билдирди.

Киев расмийлари Россия Президенти Владимир Путиннинг айирмачиларни Украина шарқида қуршовда қолган украин қўшинларига “гуманитар коридор” очиб беришга чақиргани фақат бир нарсани, яъни, айирмачилар Кремль томонидан бошқарилаётгани ва назорат қилинаётганига далил экани таъкидланди.

Путин “Новороссия” деб атаган Украинадаги айирмачиларни қуршовда қолган украин қўшинлари соғ-омон чиқиб кетиши учун уларга коридор очиб беришга чақирди.

Россия империяси даврида Украина жанубидаги ҳудудлар “Новороссия” деб аталган.

Путиннинг ушбу атамани ишлатгани, Кремль Донецкдан Молдованинг Россия тарафдори бўлган Днестр ўлкасигача бўлган ҳудудни қўшиб олишни режалаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирни кучайтирди.

Айни пайтда Донецкдаги россияпараст айирмачилар лидери Александр Захарченко Владимир Путиннинг "гуманитар йўлак" очиш ҳақидаги чақириғидан кейин ўраб олинган Украина ҳукумати кучлари чиқиб кетишига розилик берди.

Захарченко бунга Украина ҳукумати кучлари ўз қуролларини топшириш шарти билан рози бўлишларини билдирди.

Жорий йил март ойида Россия Қирмни ўз ҳудудига аннексия қилгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

29 август куни БМТ Украина шарқида апрель ойида зўравонликлар бошланганидан бери қарийб 2600 одам нобуд бўлгани ва асосан, Россия тарафдори бўлган айирмачилар тарафидан инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани, одам ўғирланиши ва қийноққа солиниши воқеалари қайд этилганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG