Линклар

Европа Иттифоқи лидерлари Украинадаги вазиятни кескинлаштираётган Россияга қарши янги жазо чораларини муҳокама этиш учун Брюсселга йиғилди.

ЕИ ва НАТО расмийларига кўра, Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган ва улар россияпараст айирмачилар сафларида жанг қилмоқда.

Брюсселдаги бугунги муҳокамаларда Украина президенти Петро Порошенко ҳам қатнашмоқда.

Жаноб Порошенко Европа Иттифоқи раҳбариятидан Москвага қарши кескинроқ санкциялар қўллашни талаб этмоқда.

Брюсселда Порошенко билан учрашган Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо Украина бўхрони қайтмас нуқтага яқинлашаётганидан огоҳлантирди.

Жаноб Баррозо Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкцияларни ишлаб чиқаётганини айтди.

Европа Комиссияси раҳбарига кўра, ЕИ Россияни Украина шарқидаги вазиятни юмшатиш бўйича музокараларга ундаш ва масалани сиёсий йўл билан ҳал этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

– ЕИ Россия билан конфронтацияга боришни хоҳламайди, янги совуқ уруши бутун қитъа учун фалокатли бўлиши мумкин, - деди Европа Комиссияси раҳбари.

Ўз навбатида Украина президенти Петро Порошенко Россия босқинини қоралади. Украина раҳбарига кўра, Россиянинг минглаб аскари оғир ҳарбий техникаси билан Украина ҳудудига бостириб кирган.

Порошенко Брюсселда қилган чиқишида Россиянинг бу босқини бутун қитъа учун тахдид эканини қайд этди.

- Бугун Украина тақдирини мухокама этмоқдамиз. Эртага эса бутун Европа хавфсизлиги ва барқарорлиги кун тартибига чиқиши мумкин, - деди Порошенко.

Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Россиянинг Украинадаги тажоввузкорона хатти-ҳаракатларига жавобан янги санкциялар бўйича қарор бугун кечга яқин қабул қилинишини айтди.

Бир кун аввал ЕИ ва АҚШ расмийлари Россияни Украинадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблаган ва Москванинг бу хатти-ҳаракатлари жавобсиз қолмаслигини таъкидлагандилар.

– Бир мамлакат қуролли қўшинини иккинчи мамлакатга унинг рухсатисиз киритар экан, бу “босқин”, деб аталади ва бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолатдир, - деди Франция ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус.

Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Россия “агрессия”си Европада сўнгги ўн йилликларда кузатилмаган ўта жиддий бўҳронни келтириб чиқарганини таъкидлади.

Германия ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Штайнмайер эса Россия ва Украина орасида улкан чегаравий низо келиб чиқишидан огоҳлантирди.

Айни пайтда Руминия президенти Траян Бэсеску Россияга қарши қўшимча жазоларни қўллашдан ташқари, НАТО Украина армиясини қуроллантириши кераклигини қайд этди.

29 август куни НАТОнинг Брюсселда бўлиб ўтган фавқулодда учрашувидан кейин сўзлаган ушбу ташкилот Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россиянинг хатти-ҳаракатлари Украинада беқарор вазият яратишга уриниш, дея баҳолаб, бу мамлакат суверенлигининг “қўпол равишда бузилгани”га яққол мисол эканини айтган эди.

- Биз Россия зиммасига олган халқаро мажбуриятларини писанд қилмай келаётганини кескин қоралаймиз. Биз Россияни ўзининг ноқонуний ҳарбий ҳаракатларини тўхтатишга, айирмачиларни ноқонуний дастаклашни бас қилишга ҳамда ушбу мудҳиш бўҳронни юмшатиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирамиз, - деди НАТО раҳбари.

Андерс Фог Расмуссуен Россияни Украина шарқидаги айирмачиларга танклар ва тўплар етказиб берганлик, Россия ва Украина ҳудудидан туриб, украин қўшинларини ўққа тутганликда айблади.

НАТО Шарқий Украинада камида бир минг россиялик ҳарбий борлигини билдирган.

Россия Мудофаа вазирлиги НАТОнинг иддаоларини рад этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG