Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

Ўшликлар қишда газсиз қолиш эҳтимолидан ташвишга тушишди


Газ йўқлиги туфайли ўшликлар кўп қаватли уйлардаги хонадонлар балконларига қўлбола печкалар ўрнатишга мажбур бўлганлар.
Газ йўқлиги туфайли ўшликлар кўп қаватли уйлардаги хонадонлар балконларига қўлбола печкалар ўрнатишга мажбур бўлганлар.

“Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг Бишкекка келиб кетиши ҳам Қирғизистон жанубини газ билан таъминлаш масаласига ойдинлик киритмади. Айни пайтда беш ойдан буён газсиз яшаётган ўшликларни келаётган қишни газсиз қандай чиқариш муаммоси ўйлантирмоқда.

Чоршанба куни Бишкекка келган “Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллерни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва бош вазир Жўўмарт Ўтўрбаев қабул қилди.

Апрель ойида “Газпром” ширкати “Қирғизгаз”ни 1 АҚШ долларига тўлалигича сотиб олганди. Бу шартнома имзоланганидан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни тўхтатиб қўйганди. Бунга Қирғизистонда газ таъминоти билан шуғулланувчи корхона эгаси ўзгаргани, у билан эса янги шартнома тузилмагани сабаб экани айтилганди.

Ўтган ойлар ичида “Газпром” ширкати Қирғизистон жанубига газ бериш юзасидан Тошкент билан келишувга эришолмаган.

Қирғизистонликлар “Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг Бишкекка келиши билан мазкур муаммога ойдинлик киритилишига умид қилгандилар. Бироқ Миллер сафари ҳақида маълумот берган расмийлар қирғизистонликларни, хусусан, ўшликларни кўнглига таскин берадиган аниқ бирор гап айтмадилар. Жумладан, Қирғизистон президенти аппарати ахборот сиёсати бўлимининг мудири Алмаз Усенов бу борада қисқа маълумот бериш билан чекланди.

- Президент Алмазбек Атамбаев “Газпром” ҳиссадорлик жамияти раёсати раиси Алексей Миллерни қабул қилди. Учрашув чоғида “Газпром”нинг Қирғизистондаги фаолияти ва мамлакатнинг энергетик хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди, - деди Алмаз Усенов.

Қирғизистон энергетика ва саноат вазири Ўсмўнбек Артиқбаев эса Алексей Миллернинг қирғизистонлик газчилар билан суҳбати натижалари юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

“Газпром” сайтида ҳам ширкат томонидан Қирғизистон жанубини газ билан таъминлаш бўйича чора-тадбир кўрилаётгани ҳақида конкрет гап йўқ. Сайт хабарига мувофиқ, Атамбаев ва Миллер учрашуви чоғида, хусусан, “Кўгарт” ва “Шарқий Мойлисув IV” участкаларида геологоразведка ишларини олиб бориш бўйича режалар кўриб чиқилган. Ширкат маълумотларига кўра, Қирғизистонда 6 миллиард куб метр миқдорида газ заҳираси бор. Бироқ бу газни қазиб олиш бўйича лойиҳалар муҳлати, босқичлари ва уларни амалга ошириш йўллари ҳақида яна ҳеч нарса дейилмаган.

Бу ҳол газсизликдан қийналаётган ўшликларнинг ташвишини зиёда қилмоқда.

- Ўш шаҳри бўйича баҳордан бери газ тўхтаган. Одамлар жуда қийналаяпти.Мана, қиш келаяпти. Қишдан қандай чиқишни ўйлаб, ҳозир одамларнинг боши қотиб турибди. Домда яшаганларга, айниқса, жуда оғир бўлаяпти. Аввалроқ “Газпром” Ўзбекистон билан музокара олиб бораётганини эшитгандим, аммо, афтидан, бундан ҳеч қанақа натижа чиқмаганга ўхшайди, - дейди ўшлик Жамила Қодирова Озодликнинг қирғиз хизмати билан суҳбатда.

“Газпром” ширкати расмийлари “Қирғизгаз”ни сотиб олаётган пайтда Қирғизистонни газ билан узлуксиз таъминлаш ҳақида билдиргандилар. Парламент депутати Қурманбек Дийқанбаев қирғиз расмийларини “Газпром”дан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилолмаётганини танқид қилди.

- Шартномага таянган ҳолда, газни узлуксиз таъминлаб беришлари керак эди. Шартномани тасдиқлаган пайтимизда уни бизга имзолатиш учун олиб келган раҳбарлар газ таъминотида узилишлар бўлмаслигини кафолатлашган. Афсуски, жануб беш ойдан буён газсиз ўтирибди. Ҳукумат бўлса, ўзбекларга қараб қўйиб, “Газпром”га ўз мажбуриятларини эслатмаяпти негадир. Бу масалани Жўғўрқу Кенеш каникулдан келганидан кейиноқ қараб чиқамиз, - деди депутат Қурманбек Дийқанбаев.

Айни пайтда қирғизистонлик эксперт Шерғази Мамбетов, агар Қирғизистондаги газ заҳираларини разведка қилиш бўйича “Газпром” қўллаб-қувватланса, бундан самара бўлиши айтади.

Аввалроқ қирғиз расмийлари апрель ойидан буён табиий газ узатилмаётган Ўшни суюлтирилган газ ҳамда арзон-гаров кўмир билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилаётганини билдирганлар.

XS
SM
MD
LG