Линклар

АҚШ Давлат котиби ИШИДга қарши глобал коалиция тузишга чақирди


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри сўнгги ойларда Сурия ва Ироқ ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олган “Исломий Давлат” гуруҳига қарши курашда “глобал коалиция” тузишга чақирди. "New York Times" газетасида чоп этилган мақоласида Жон Керри жиҳодчиларнинг “геноцид режалари”га қарши имкон қадар кўп давлат иштирокида коалиция тузиш кераклигини таъкидлаган. Айни пайтда Европа Иттифоқи давлатлари ҳам “Исломий Давлат” гуруҳига қарши кураш йўлидаги уриниш икки ҳиссага кучайтирилишини эълон қилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг мақоласи “қутблашган минтақа ва мураккаб дунёда Ироқ ва Шом Исломий Давлати (ИШИД) қатор мамлакатлар, жумладан, Қўшма Штатларга муштарак таҳдиддир”, деган сўзлар билан бошланган.

Мақолада Жон Керри террорчиларнинг ҳар қандай қонун ва меъёрларни инкор этувчи нигилистик қарашлари ва геноцид кун тартибига глобал коалиция қарши тура олиши таъкидланган.

Ал-Қоидадан ажралиб чиққани айтиладиган “Исломий Давлат” гуруҳи сўнгги ҳафталар мобайнида Сурия ва Ироқ шимолидаги катта ҳудудларни, жумладан, Мўсул ва Тикрит шаҳарларини ҳам босиб олди.

Август ойи ўртасида “Исломий Давлат” гуруҳи Тикрит шаҳрида ҳарбий ҳаво кучларига янги қабул қилинган 1700 нафар шиа аскарини ўлдирди ва қатлиом акс этган суратларни Интернет тармоғига жойлаштирди.

16 август куни қароргоҳи Лондонда жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти “Исломий Давлат” жанггариларини икки ҳафта давомида Суриянинг Дайр ал-Зор вилоятида яшайдиган қабиланинг қарийб 700 аъзосини қатл этганини билдирди.

Террорчилар амалга оширган қатлиомлар халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланди.

30 август куни Милан шаҳрида Италия ташқи ишлар вазири Федерика Могерини билан матбуот конференцияси ўтказган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон “Исломий Давлат” Европа мамлакатларига ҳам жиддий таҳдид эканини таъкидлаб, улар таҳдидига қарши кураш чоралари кучайтирилишини баён қилди.

- ЕИ вазирлари “Исломий Давлат” жанггариларининг қабул қилиб бўлмас хатти-ҳаракатларини қоралади ва биз уларнинг таҳдидига қарши кураш йўлидаги уринишимизни, минтақа давлатлари билан яқин ҳамкорликда, икки ҳиссага кучайтиришга келишиб олдик. Уларнинг таҳдиди фақат минтақага тааллуқли эмас. Бу таҳдиднинг Европага ҳам бевосита таъсири бор, - дея баёнот берди Кэтрин Эштон.

Жон Керри мақоласида террорчилик таҳдидини бартараф қилиш учун имкон қадар кўп давлат иштирокида коалиция тузилиши ва жанггариларга қарши кураш олиб бораётган кучларга ёрдам кўрсатилиши кераклигини таъкидлаган.

“Фақат ҳаводан уюштирилган ҳужумлар билан душманни енгиб бўлмайди. Бу дунё жамоатчилигидан жиддий ёндошувни талаб қилади. Биз “Исломий Давлат” жанггарилари билан фронт чизиқларида юзма-юз жанг қилаётган Ироқ кучлари ва мўътадил қарашдаги Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлашимиз лозим. Биз “Исломий Давлат” жанггарилари қудратига путур етказишимиз ва ахборот воситаларидаги экстремистик муждаларига қарши туришимиз керак. Биз ўз халқимизни ҳимоя қилиш учун ўз мудофаамиз ва ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз керак”, дея таъкидлаган Жон Керри.

АҚШ Давлат котибининг бу чақириғи 4-5 сентябрь кунлари Уэлсда НАТО саммити бўлиб ўтиши арафасида янгради.

Жон Керрига кўра, АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел НАТО саммитидан ташқари жиҳодчи-террорчи гуруҳларга қарши курашаётганларга кўрсатиладиган ёрдам рўйхатини тақдим этади.

АҚШ Президенти Барак Обама “Исломий Давлат” гуруҳига қарши кенг қамровли дастур ишлаб чиқаётганини маълум қилган.

Жон Керри НАТО саммитидан кейин ўзи ва АҚШ мудофаа вазири Яқин Шарқ минтақасига сафар қилишини билдирди. Ташрифдан мақсад террорчи гуруҳ бевосита таҳдид солаётган давлатлар расмийлари билан уларга ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилишдан иборат.

Жон Керри ўз мақоласини “Коалиция тузиш оғир вазифа, аммо у душманни мағлуб этишнинг энг яхши йўлидир”, деган сўзлар билан якунлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG