Линклар

Покистон расмийлари пойтахт Исломободда полиция ва Бош вазир Навоз Шарифнинг истеъфосини талаб қилаётган намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда камида уч киши нобуд бўлгани билдирди. 31 август куни полиция ходимлари Бош вазир резиденцияси олдига йиғилган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади. Тиббиёт ходимларига кўра, зўравонликлар пайтида 400 дан зиёд одам жароҳат олган.

Исломобод шаҳридаги Озодлик мухбирларига кўра, полиция ва намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувлар пайтида полиция ходимлари ҳам жароҳат олган.

Пойтахт полицияси бошлиғи Ҳолид Хаттак намойишчилар болғалар, арралар, болталар билан қуроллангани ва улар ихтиёрида ҳатто кран ҳам борлигини маълум қилди.

Покистон мудофаа вазири Хважа Муҳаммад Осиф полиция ходимлари парламент яқинидаги автомобиллар тўхташ жойи ва унга ёндош ҳудудни намойишчилардан тозалаганини айтди.

Маҳаллий телеканаллар хабарига кўра, Бош вазир Навоз Шарифнинг истеъфога чиқишини талаб қилаётганлар Лаҳор, Карачи ва Покистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам намойишлар ўтказмоқда.

Намойишчилар Бош вазирни 2013 йилда ўтказилган сайлов натижаларини сохталаштириш орқали ғолиб бўлганини иддао қилмоқда.

Покистон парламенти аъзолари ва аксар сиёсий партиялар қўллаб-қувватлаган Навоз Шариф 30 август куни Бош вазирлик лавозимидан истеъфога чиқмаслигини яна бир марта такрорлади.

Намойишлар 14 августда - Покистон мустақиллик кунида Лаҳор шаҳрида бошланган эди.

Норозилик тадбирига бошчилик қилаётган мухолифат лидерлари Имрон Хон ва таниқли уламо Тоҳир ул-Қадрий миллионлаб покистонликни намойишга қўшилишга даъват қилган, бироқ норозилик намойишларда бир неча минг одам иштирок этмоқда.

Хабарларга кўра, 30 августга қадар Исломобод шаҳридаги норозилик намойиши тинч ўтган.

Собиқ крикет юлдузи Имрон Хон Исломободдаги полициянинг намойишчиларга нисбатан хатти-ҳаракатини “ноқонуний”, деб атади.

31 август куни ўз тарафдорлари олдида сўзлаган Хон мамлакат озод бўлмагунча намойишчилар билан бирга қолишини таъкидлади.

- Мен шу ердаман. Мен Сизлар билан биргаман. Мен тун давомида Сизлар билан бирга бўлдим. Биз мамлакатни озод қилмагунимизча мен Сизлар билан бирга шу ерда қоламан, - дея баёнот берди Имрон Хон.

Полиция билан тўқнашувлардан кейин Имрон Хон халқни норозилик намойишлари ўтказишга чақириб, мамлакатни фалаж ҳолатга келтириш билан таҳдид қилди.

Бош вазир матбуот котиби Осиф Кирманий намойишчилар ҳукумат идораларига ҳужум қилишга уринганидан сўнг давлат куч ишлатишга мажбур бўлганини баён қилди.

Якшанбага ўтар кечаси содир бўлган зўравонликлар пайтида Навоз Шариф ўз резиденциясида бўлган-бўлмагани маълум қилинмади.

GEO телевидениесига берган интервьюсида Карманий: "Давлат бир неча минг намойишчи раъйига қараб қолмаслиги керак", дея таъкидлади.

XS
SM
MD
LG