Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:54

Киев қўшинлари Луганск аэропортидан чекинди. Жанглар давом этмоқда


Украина шарқида ҳукумат қўшинлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Киев ва Ғарб давлатлари Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганини айтаётган бир пайтда, Москва қўшни давлатда "ҳарбий интервенция" амалга ошириши нияти йўқлигини айтмоқда.

Украина ҳукумати ўз қўшинлари россияпараст айирмачилар билан тўқнашувлардан кейин Луганск аэропортидан чекинганини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Андрий Лисенконинг айтишича, 1 сентябрь куни ҳукумат кучлари “келишган ҳолда чекинган”. Унинг айтишича, аэропортдан чекиниш қарори “Россия қуролли кучларининг профессионал артиллериячилари” томонидан амалга оширилган ҳужум туфайли қабул қилинган.

Украина ҳукуматининг баёноти Минскда Украина ва Россия ҳамда айирмачилар ва ЕХҲТ вакилларининг учрашуви олдидан янгради.

Душанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Минск сўзлашувларида томонлар ўт очишни тўхтатишга эриша олишларига умид билдирди. Лавров шунингдек рус қўшинлари Украинадаги можарога аралашмайди, дея баён қилди.

Киев ҳукумати ва Ғарб давлатлари Россия ҳарбийлари аллақачон Украинага бостириб кирганини айтмоқда.

Ташқи муносабатлар институти талабалари олдида 1 сентябрь куни қилган чиқишида Лавров шарқий Украинада Россия “ҳарбий интервенция” амалга оширмайди, дея таъкидлади.

Луганск ва Донецк шаҳарлари айирмачилар назоратида қолмоқда.

31 август куни можаро Азов денгизига кўчди. Украина расмийлари ўзига қарашли патруль кемаси қуруқликда ўққа тутилиб, чўктирилганини билдирди. Ҳодисада икки денгизчи бедарак кетди.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Москва бу айбловларни рад этмоқда.

Украинанинг жануби-шарқий минтақаларида россияпараст айирмачилар ҳукумат қўшинлари билан жангларни давом эттирмоқда. Апрель ойидан бери давом этаётган можаро оқибатида 2600дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Украина Президенти Петро Порошенко 1 сентябрь куни қилган чиқишида сўнгги кунлар воқеълиги Россия Украинага қарши “очиқ ва тўғридан-тўғри” агрессия бошлаганини кўрсатади, дея баён қилди.

- Украинага қарши қўшни давлат томонидан тўғридан-тўғри ва очиқ агрессия бошланди. Бу можаро ҳудудидаги вазиятни тубдан ўзгартирди ва хавфсизлик идораларимиз учун янги ва мушкулроқ вазифаларни туғдиради. Ўтган ҳафтада рўй ерган воқеаларни синчковлик билан таҳлил қиляпмиз. Хулосалар жиддий бўлади. Жумладан, кадрлар алмашинуви ҳам бўлади, деди Порошенко

НАТО ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Украина ҳудудида камида минг нафар Россия қўшини бор.

XS
SM
MD
LG