Линклар

Духи кучли киши – ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан ака Гапировдир.

1 кам 60 ида вафот этган Равшан ака 2 сентябрь куни дафн этилди.

Равшан акани таърифлаш учун сленг-ибора ишлатганим - ўзбекча сўз тополмаганимдан эмас.

Масалан, “духи кучли”нинг ўрнига “довюрак”ни ишлатсам бўларди.

Бироқ луғатларнинг қатларида уйқуни уриб ётган бу сўз Равшан братнинг таърифи учун етарли эмас.

Равшан акани аниқ таърифлаш учун “довюрак”нинг ёнига яна алламбало сўзлар қўшиш керак, бунинг учун луғат титиш лозим.

Титардим ҳам луғатни. Лекин Равшан акага луғатдан олинадиган ялтироқ, чанг тушмаган сўзлар ярашмайди.

Равшан ака меҳмонхона назокатидан йироқроқ, чўрткесар одам эди, “ҳа энди, ма энди” қилиб, қўл силтаб, муроса қилиб кетавермасди.

Чиройли сўзларни билмасди Равшан ака. Саводи ҳам ҳаминқадар эди. Лекин шунга қарамай...

Саводи ҳаминқадар, дер эканман, имлосини назарда тутаяпман, юридик билимини эмас. Шунинг учун...

90-йилларнинг иккинчи ярмида танидим Равшан акани. Ўшанда бир шериги билан уйимга – Озодлик мухбирининг уйига келган эди.

Хизбчиларга боғлиқ бир воқеани айтиб келган эди. "Радионгизда гапиринг", деб келган бўлса керак-да ҳар ҳолда, тафсилоти эсимда йўқ.

Лекин бошқа нарса аниқ эсимда. Суҳбат асносида Равшан аканинг “магазинчидан чиққан правозащитник” эканлигини билиб, ичимда кулганим эсимда: “грантга яшамоқчи бўпти-да бу учар!”

Кўринишидан ўзбекнинг классик учари эди Равшан ака: озғин жусса, нозик юз, оғиз тўла тилла тиш, чаққон-чаққон ҳаракатлар...

Лекин ўша учрашувдан сўнг қарийб 20 йил ўтди ва ўшанда билиб-билмай у кишига ғойибона маломат қилганимни тушуниб турибман.

Равшан ака Гапиров Қирғизистон ҳаётини ёритувчи халқаро журналистлар ва уларнинг муштарийларига 2010 йил, Июнь фожеасидан кейин кенг танилди.

(Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиз, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғурдир.

Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллатлар вакилларидир).

Равшан аканинг Июнь воқеаларидан кейинги фаолиятини кузатган, унинг Интернетда тарқатган хабарларини, баёнотларини, мурожаатларию шикоятларини ўқиганларга Равшан ака Ўзбекнинг Ўшдаги Энг Катта Ҳимоячиси бўлиб кўринган бўлиши мумкин.

Лекин бу нотўғри таассурот.

Чунки Равшан ака ҳеч қачон Ўзбекнинг ҳимоячиси бўлган эмас.

Равшан ака ҳар доим Фуқаронинг ҳимоячиси бўлган.

Равшан ака ҳар доим Қонун Олдида Барча Баробар, деган принцип билан яшади.

Шунинг учун ҳам йиллар давомида Ўзбек миллий маркази, деган тузилмаларга қарши бўлиб келди.

Шу ўринда кулдирадиган, тўғрироғи, куйдирадиган бир воқеани эслаб ўтиш жоиз: ўтган йилнинг мартида, ҳали Мелис Мирзақматов амалда пайтда Ўш шаҳар кенгашининг ўзбек депутатлари Равшан Гапировни миллатлараро вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларига мурожаатнома йўллаган, унинг жазоланишини талаб қилган эди.

(Қирғизистон Президентига ёзишсин, майли, лекин нега Ўзбекистон Президентига ёзишади - депутатларнинг ўзлари миллатчилик қилишмадими, деган саволимизни қавслар ичида келтириш ўринли, деб ўйладим).

Ўқиётганларингиз Равшан ака тўғрисида биографик очерк эмас – таассуротларим тасвири, холос.

У кишининг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти тўғрисида тўлиқ тасаввур истасангиз, сайтимизга ва умуман Интернетга “Равшан Гапиров” деб излов беринг – ўнлаб мақола топасиз.

Равшан Гапиров 2010 йилгача асосан маҳаллий ҳизбчилар (Ҳизб ут-Таҳрир) ҳимояси билан шуғулланди.

Ҳизбчиларнинг ғояларига шерик бўлмаган ҳолда, Равшан ака уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Худди маҳаллий ўзбекнинг ўзбеклигини эмас, унинг фуқаролигини ҳимоялагандай.

Ўғрини ҳимоя қилишади, каззобни ҳимоя қилишади, зўравонни ҳимоя қилишади. Ҳатто Ўшда ўзбекни ҳимоя қилишади ҳуқуқ ҳимоячилари.

Лекин шу пайтгача Равшан акадан бошқа ҳизбчини ҳимоя қилган ҳуқуқ ҳимоячисини эшитган эмасман.

Равшан Гапиров шунақа “эси йўқ” ҳимоячи эди.

2007 миди, 2008 миди – аниқ эсимда йўқ - таътилга Ўшга борганимда бозорбошида Равшан акани учратиб қолдим. (Сўнгги "жонли" учрашувимиз эди ўша учрашув).

- Юринг, бир гаплашайлик, - дедию йўл бошлаб қолди.

Маиший хизмат кўрсатиш комбинатининг Қорасув кўчасидаги тўрт қаватли тунд биносига йўл бошлади.

Аллақачон тўхтаб қолган комбинатнинг бўш, қаровсиз, зах тортиб кетган биносининг тор, қоронғу йўлакларидан юриб, бир хонага – Равшан аканинг “кабинети”га кирдик.

- Ижара ҳақи каттамас, шунинг учун ўтирибман бу ерда, яқинда кўчиб кетаман, - деди Равшан ака бу рутубатдан ўзича хижолат бўлиб.

Кишибилмас разм соламан Равшан акага: биринчи марта кўрганим ўзбекнинг классик учари эмас эди олдимда ўтирган одам: гавда тўлишган, оғиздаги тилла тишлардан нур қочган, ҳаракатларда чаққонлик йўқ, чарчаган бир катта киши.

Яна шу ҳориган одам менга бировларнинг ташвишларидан, мелисанинг зўравонлигию сўтнинг адолатсизлигидан гапираяпти...

Дамим қайтиб кетди. Тезроқ ташқарилагим, тоза ҳавога чиққим, тезроқ чекким келди.

Узр айтдим. Ишим борийди, дедим.

Қолаверинг, дедим.

Йўлни ўзим топволаман, дедим.

Равшан ака қолаверди заху қоронғу хонада.

Равшан ака ўша захликдан, қоронғуликдан 1 сентябрь куни қочиб қутулди.

Охиратинг обод бўлсин, Равшан брат!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG