Линклар

logo-print

Покистон ИИ вазири намойишчиларга “террорчи” сифатида қарашга чақирди


Исломобод шаҳридаги Покистон ҳукуматига қарши намойишчилар, 2014 йил 1 сентябрь.

Исломобод шаҳридаги Покистон ҳукуматига қарши намойишчилар, 2014 йил 1 сентябрь.

Покистон Ички ишлар вазири Чаудри Нисар Али Хон депутатларни Исломобод шаҳридаги ҳукуматга қарши намойишчиларга полиция “босқинчи ва террорчи” сифатида қараши тўғрисида “аниқ йўлланма” беришга чақирди. Вазир буни намойишчилар “давлатга қарши исён қилишга урингани” билан изоҳлади. 30 августдан бери полиция ва норозилар ўртасида давом этаётган зўравонликларда уч намойишчи ўлди.

Покистон Ички ишлар вазирининг чақириғи 2 сентябрь куни мамлакат парламентининг Бош вазир Навоз Шариф раислигида бошланган фавқулодда йиғилишида янгради.

Уч кундан буён полиция билан тўқнашаётган намойишчилар Бош вазир истеъфога чиқишини талаб қилмоқда.

Намойишларга бошчилик қилаётган Имрон Хон ва таниқли уламо Тоҳир ул-Қадрий норозилар талаби бажарилмагунча намойишлар давом этишини таъкидлаган.

30 август куни кечқурун Бош вазирнинг расмий резиденциясига бостириб киришга уринган норозилар билан полиция ўртасида содир бўлган тўқнашувларда уч намойишчи ўлди.

31 август ва 1 сентябрь кунлари намойишчилар телевидение бош қароргоҳини қисқа муддат эгаллаб олган пайтда ва Навоз Шарифнинг идорасига бостириб киришга уринган пайтда яна тўқнашувлар рўй берди.

2 сентябрь кунги чиқишида Покистон ички ишлар вазири Исломобод шаҳридаги намойишлар сиёсий тадбир эмас балки, “давлат идоралари ва Покистон ҳукуматига қарши исён экани”ни таъкидлади.

Вазир намойишда ҳарбий тайёргарликдан ўтган жанггарилар иштирок этаётганини урғулади:

- Намойишчилардан 1000 ёки 1500 нафари тайёргарликдан ўтган террорчилар. Улар жанггари ташкилотлар ва гуруҳлардан келиб қўшилган,- дея баён қилди Покистон Ички ишлар вазири.

Айни пайтда, Мудофаа вазири Хважа Муҳаммад Осиф ҳукумат намойишчиларга нисбатан чекланган чоралар кўриш, жумладан, уларга нисбатан “куч қўллаш ва ҳибсга олиш” масаласини кўриб чиқаётганини айтди.

Намойишчилар Бош вазир Навоз Шариф ҳукуматини коррупцияда айблаган ва Шарифни 2013 йилда ўтказилган сайлов натижаларини сохталаштириш орқали ҳокимият тепасига келганини иддао қилган.

Шариф барча айбловларни инкор қилиб, истеъфога чиқмаслигини таъкидлади.

Имрон Хон етакчилигидаги мухолиф Таҳрики Инсоф партиясидан парламентга сайланган депутатлар 2 сентябрь кунги парламент сессиясига бойкот эълон қилди.

Бошқа сиёсий партиялар Навоз Шарифни истеъфога чиқишга чақиришдан бош тортди.

Улар буни кўча намойишлари орқали ҳукумат бошлиғини истеъфога чиқариш конституцияга зид экани билан изоҳлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG