Линклар

Бугун Пешин намозидан сўнг ўшлик хуқуқ фаоли Равшан Гапировнинг дафн маросими бўлиб ўтди. У Ўш шаҳри яқинида жойлашган Наримон қишлоғидаги “Зарбдор” қабристонига дафн этилди. Дафн маросимида ўшлик диндорлар, хуқуқ фаоллари ва марҳумнинг яқинларидан иборат бўлган 200дан ортиқ одам иштирок этди.

2010 йил Ўш воқеаларидан сўнг Ўшнинг собиқ ҳокими Мелис Мирзақматовни очиқчасига танқид қилиб келган ва шу сабабли “миллатчи” ҳуқуқ фаоли, деб кўрилган бўлса-да, марҳум Равшан акани унинг қирғиз миллатига мансуб ҳамкасблари орасида ҳам ҳурмати бор эди.

- 2010 йил июн воқеасига қадар ҳам Равшан ака халқ манфаати учун хизмат қилган. Менимча, бу куч тизимлари қўйган, бир томонлама айблов. Масалан, июнь воқеасидан кейин ўзини ўғли билан ҳам бирга қамаб қўйишган. 2008 йили ҳам шу каби айблов билан қамалган. Равшан акага қўйилган айбларнинг барчаси қалбакилаштирилган, бир томонлама ва русча айтганда “подстава” бўлган. Менинг миллатим қирғиз бўлса ҳам, у ўзбек бўлса ҳам, қанча йиллардан бери бирга ишладик. Унда миллатчилик кайфияти йўқ эди. Бу айбларини Ўш шаҳри куч тизимларининг айбловлари улар охири енгилишди. Судда Равшан ака улардан 440 минг сом ютиб олган. 220 мингини беришди, қолганини ҳозир ҳам беришмаган,- дейди жалолободлик хуқуқ фаоли Алмаз Беков.

"Миллатчи" ҳуқуқ фаоли, дея танилган Равшан Гапировни сўнгги йўлга кузатганлар орасида қирғиз ҳамкасблари ҳам бор эди.

"Миллатчи" ҳуқуқ фаоли, дея танилган Равшан Гапировни сўнгги йўлга кузатганлар орасида қирғиз ҳамкасблари ҳам бор эди.

Июн воқеаларидан сўнг Ўшлик ўзбеклар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, 2010 йил воқеалари бўйича айбсиз қамалганларни озод қилиш бўйича кўрилган ишларда Равшан Гапировнинг ўрни катта.

Шу йилнинг апрель ойида Ўш вилояти суди томонидан 10 йилга қамоққа ҳукм этилган Дилмурод Ҳайдаров, 8 йилга қамалган Ғани Содиқжонов ва Ҳайрулло Соипов, 6 йилга қамалган Шукрулло Қўчқоров, Дониёр Қодиров, Баҳодир Собировлар Равшан ака иштирокида ўтган маҳкамаларда оқланган эди.

Номи зикр этилган шахслар 2010 йил июнь ойида Ўш қирғини пайтида тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб қўлга олинган эди. Дилмурод Ҳайдаровга эса қотиллик айби қўйилган. Бироқ деярли тўрт йил давом этган ва турли даражадаги суд инстанцияларидан ўтган жараёнларда Дилмурод Ҳайдаровга нисбатан илгари сурилган қотиллик айблови исботини топмаган. Агар бу айблов исботланганида Дилмурод Ҳайдаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди. Ҳайдаровнинг иши тўрт йил давомида беш марта қайта ўрганилишга жўнатилган.

Равшан ака ўшанда жиноят ишидаги бир-бирига зид фактлар, қарама-қаршиликларни аниқлаб, Ҳайдаровдан қотиллик айбловининг олиб ташланишига эришган эди.

Равшан Гапировнинг “Ҳизб ут-Таҳрир” партиясига аъзолик ва бошқа диний айбловлар билан қамалганларга ҳам ёрдами теккан.

Хусусан, 2008 йил октябрида Ҳайит байрамини тантанали ўтказишни талаб қилган новқатлик диндорлар ва милиция ўртасида тўқнашув содир бўлган эди. Воқеада 32 одам, жумладан аёллар қўлга олиниб қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Равшан Гапировнинг сайъ ҳаракатлари, судда айбланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилгани туфайли 32 судланувчининг барчаси авф қилинганди.

- Инсон қалбига бир қўрқув солади. Ё Оллох Таолони азобидан ёки инсонлардан, Оллох Таоло яратган маҳлуқлардан бўладиган қўрқув сиғиши керак экан. Равшан акани қалбида фақат Оллох Таолодан бўлган қўрқув бор эди. Мен билганим 14 марта қамалган бўлса, бирор марта органдан қўрқишлик деган нарса бўлмаган бу одамда. Қўлидан келганича мўмин мусулмонларга доимо ёрдамини берган. Имконияти бўлмаса ҳам, касал бўлса ҳам имкон даражасидаги барча яхшиликларни қилган,- дейди диндорлардан бири Дилёр Жумабоев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG