Линклар

Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси бўйича экспертлар гуруҳининг якуний ҳисоботини эълон қилган Жаҳон банки бундай тўғон қурилишини техник жиҳатдан амалга ошириш мумкинлиги, унинг экологик ва ижтимоий оқибатлари эса керагича юмшатилиши лозимлигини қайд этади.

Жаҳон банкининг бу борадаги хулосаси 1 сентябрь куни эълон қилинди.

ЖБ ҳисоботига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши бўйича тадқиқот Франциянинг Coyne et Bellier, Италиянинг Electroconsult ва Буюк Британиянинг IPA ширкатлари консорциуми томонидан ўтказилган. Бунга параллел равишда Швейцариянинг Poyry Energy Ltd. ширкати лойиҳанинг экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолаган.

Ҳисобот муаллифлари лойиҳанинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда ёз пайтида дарё қуйисида сув ҳажми камайиб кетиши эҳтимоли дохил барча салбий жиҳатларни ҳам кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаганлар.

Роғун ГЭСи ўн йиллардан буён Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасидаги зиддият ўчоғи бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2012 йилда Остона шаҳрида Марказий Осиёдаги сув можароси урушга олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

Ўзбекистон ҳукумати иддаоларига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳаси бундан 40 йил аввал эскирган конструкция ва технологик қарорлар асосида ишлаб чиқилган ҳамда қурилиш давом эттирилишдан аввал бу иншоот лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши, унинг минтақа экологиясига хавфсизлиги, Амударё сув оқимига таъсири, унинг зилзилабардошлилигига объектив ва асосланган баҳо берилиши шарт.

Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда жойлашгани, бу ҳудудда бир неча марта 10 балли зилзилалар қайдга олинганини таъкидлар экан, шундай табиий офатнинг яна қайталаниши ортидан ГЭС тўғони ёрилиб, минтақадаги юз минглаб одамлар ҳаётига хавф солиши мумкинлигини қайд этади.

Бироқ Тожикистон томони ГЭС минтақа экологиясига хавф солмаслигини, агар тўғони баландлиги 335 метр бўлган Роғун ишга тушса, мазкур сув омборида қўшни давлатларнинг суғориш ишлари учун сув жамғарилиши осон бўлишини иддао қилади.

Ўзбекистон раҳбариятининг ҳисоб-китобича, агар Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилгудай бўлса, унинг тўғони ортидаги ҳавза тўлгунича, ўзбекистонликлар 8 йил сувсиз ўтиришга мажбур бўлади.

Бироқ, тожик расмийларига кўра, Ўзбекистон томонининг бу хавотири ҳам асоссиз.

XS
SM
MD
LG