Линклар

"Исломий давлат" америкалик яна бир журналистни қатл этди


Стивен Сотлофф

Стивен Сотлофф

Ироқ ва Сурияда халифалик эълон қилган "Исломий Давлат" жанггарилари америкалик журналист Стивен Сотлоффнинг боши танасидан жудо қилингани акс этган видеони тарқатди. Икки ҳафта аввал жанггарилар америкалик бошқа бир журналист Жеймс Фолейни қатл этганди.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши “Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари Интернет орқали тарқатган америкалик журналист Стивен Сотлоффнинг боши танасидан жудо қилингани акс этилган видеони ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Бу ҳақда чоршанба куни Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Кейтлин Ҳэйден маълум қилди.

31 яшар Сотлоффнинг қатлига оид видео Интернетда 2 сентябрь куни пайдо бўлди.

Мазкур видеода юзига ниқоб кийган жанггарининг даъвосича, Сотлоффнинг ўлими орқали Ироқ шимолидаги "Исломий давлат" позицияларига берилган ҳаво зарбалари учун қасос олинган.

“Time”, “The National Interest” ва “Foreign Policy” нашрлари учун ишлаган Стивен Сотлофф 2013 йилнинг август ойида Сурияда жанггарилар томонидан ўғирлаб кетилганди.

Ўтган ҳафта журналистнинг онаси “Исломий давлат” гуруҳи раҳбаридан ўғлини озод қилишни сўраб, видеомурожаат билан чиққанди.

19 август куни “Исломий давлат” жанггарилари бошқа бир америкалик журналист Жеймс Фолейнинг қатли акс этган видеони тарқатганди.

“Америкага мужда” деб номланган видеода ниқобли жанггари, агар Вашингтон Ироқда ҳаво зарбалари беришни тўхтатмаса, ўлдирилажак кейинги одам Сотлофф бўлиши ҳақида америкалик расмийларни огоҳлантирганди.

Францянинг AFP агентлиги ва АҚШнинг Global Post компанияси журналисти бўлган Жеймс Фолей ҳам 2012 йил ноябрида Сурияда қуролланган номаълум одамлар томонидан ўғирланганди.

Беш дақиқали видеода қуролланган гуруҳ АҚШ президенти Барак Обама Ироқ шимолидаги "Исломий давлат" позицияларига ҳаво зарбаси беришни буюрганига жавобан Фолейни ўлдирганини даъво қилади.

Ушбу видеода Американинг Time журнали мухбири Стивен Сотлофф ҳам гаровдаги асир сифатида кўрсатилиб, жанггарилар Сотлофф тақдири АҚШ Президенти Барак Обаманинг “кейинги қарори”га боғлиқ бўлишини таъкидлаган.

Журналист Жэймс Фолей Исломий давлат экстремистик гуруҳининг асли британиялик аъзоси тарафидан ўлдирилиши ортидан Британияга қайтаётган жиҳодчилар мамлакатда ҳужум уюштириши мумкин, деган хавотирлар туғилди.

Жорий йил июнь ойи ўрталарида Ироққа ҳужум қилган ИШИД - ҳозирда эса ўзини "Исломий давлат" деб атаган жанггарилар гуруҳи 29 июнь куни бу ҳудудда халифалик эълон қилган.

XS
SM
MD
LG