Линклар

Пахта-2014: Фермерлардан болаларни далага яқинлаштирмаслик талаб қилинди


2013 йилlf пахта теримига жалб этилган ўзбекистонликларнинг камида 10 нафари, жумладан 6 яшар бола ҳалок бўлди.

2013 йилlf пахта теримига жалб этилган ўзбекистонликларнинг камида 10 нафари, жумладан 6 яшар бола ҳалок бўлди.

Ўзбекистон пахта йиғим-терим мавсумига тайёргарлик кўрмоқда. Ҳукумат жорий йилда пахта далаларига ёш болаларнинг олиб чиқилиши олдини олиш бўйича чоралар кўрилаётганини айтмоқда. Мамлакат бўйлаб фермер хўжаликлари ўз тасарруфидаги майдонларга мактаб болаларини яқинлаштирмаслик тўғрисида огоҳлантирилди. Ўзбек пахтасини етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланилишига доир халқаро танқидлар боис, бу йилги мавсум ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мониторинг қилиниши айтилмоқда.

2013 йилги пахта мавсумида Ўзбекистон ҳукумати илк бор БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мониторинг ўтказилишига изн берди. Ҳукумат мулозимлари ҳамроҳлигида уюштирилган мониторинг натижаларига кўра, ХМТ кузатувичлари “Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати систематик тусга эмас”, деган хулосани эълон қилди.

Лекин шунга қарамасдан ўтган йилги пахта мавсумида мактаб болалари пахтага чиқарилиши ҳолатлари тўғрисида Озодлик хабар қилган эди. Ўзбекистонда чиқадиган ярим расмий Интернет нашрлари 2013 йили болаларнинг пахтага жалб этилиши ҳолатлари ҳақиқатан рўй берганини эътироф этиб, бунга йўл қўйган фермерлар жавобгарликка тортилганини хабар қилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича, ҳукуматга яқин манбаларнинг, орадан бир йил ўтиб, болалар пахта даласига олиб чиқилганига доир ўнлаб ҳолатнинг эътироф этиши “Пахта-2014” кампанияси ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари томонидан мониторинг қилиниши кутилаётгани билан боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Фермерлар кенгашининг ўзини таништирмаган вакили, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ХМТ кузатувчилари ойнинг иккинчи ярмидан келиши кутилаётганини билдирди.

“Ўтган йилдан бери бу борада биргаликда иш олиб боряпмиз. Миллий мониторинг ташкил қилдик, бу йил ҳам мониторинг ўтказамиз. Халқаро меҳнат ташкилоти икки марта келиб кетди, бу йил ҳам 15 сентябрлардан бошлаб келишади”, дейди фермерлар кенгаши вакили.

Унинг айтишича, 2013 йилда мактаб болаларининг далага олиб чиқилиши билан боғлиқ 40дан ортиқ ҳолат қайд этилган.

“Ўтган йили болаларнинг пахта даласига киритилиши учун масъул бўлган фермерларга маъмурий чора кўрилди. Белгиланган тартибда жарима солинди. Бундан ташқари бу болалар ўқиган мактаб мутасаддиларига нисбатан ҳам чора кўрилди. Бу ҳолатларнинг кўпчилиги Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида қайд этилди. Шунинг учун бу йил бундай ҳолатлар умуман бўлмаслиги учун фермерлар турли ташкилотлар билан шартнома тузмоқда. Бу йил давлат ташкилотлари ва хусусий тадбиркорлик субъектлари теримчиларни етказиб беради”, дейди фермерлар кенгаши вакили.

Озодлик билан суҳбатлашган жиззахзлик фермер маҳаллий ҳокимият вакиллари пахта далаларига ёш болаларни яқинлаштирмаслик тўғрисида фермерларни огоҳлантираётганини тасдиқлади.

Болалар меҳнатига оид узоқ йиллик танқидлардан кейин Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили илк бор Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга киритди. Ҳақиқатан, “Пахта-2013” кампанияси давомида пахта далаларига мактаб болаларининг чиқарилиши чекланган бўлди. Лекин минглаб коллеж ва университет талабалари пахтага сафарбар қилинди.

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, жорий йилда ҳам коллеж ва университет талабалари пахтага чиқарилиши мумкин.

Жиззах, Қашқадарё ва Қорақалпоғистондаги фермерлар, Озодлик билан суҳбатда, маҳаллий ҳокимиятларда ўтказилган мажлисларда талабаларни пахта теримига жалб қилиш масаласи кўриб чиқилганини билдиришди.

Бундан ташқари, вилоят ва туман ҳокимликлари маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда давлат ташкилотларидан пахта теримига жалб этиладиган одамларга доир рўйхатларни тузишни талаб қилаётгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши боис дуёнинг етакчи чакана савдо ширкатлари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Халқаро ташкилотларга кўра, 2013 йилда камида 2 миллион ўзбекистонлик пахта теришга мажбурланган.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосининг фожиавий томони ҳам бор. Ўтган йил пахта теримига жалб этилган ўзбекистонликларнинг камида 10 нафари, жумладан 6 яшар бола ҳалок бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG