Линклар

Малайзиядаги ўзбек элчихонаси ходимларининг “мама Роза”лар билан ҳамкорлиги иддао қилинмоқда


Алдов билан Малайзияга олиб келиниб¸ фоҳишаликка мажбурланаëтганини айтган ўзбек қизлари¸ Ўзбекистон элчихонаси ва консуллиги ходимларининг ватанга қайтишга ëрдам сўраб бораëтган одам савдоси қурбонларини яна қайтариб “мама Роза”ларга топшираëтганини иддао қилди. Малайзиядаги ўзбек дипломатларидан бу иддаога муносабат олиш самарасиз қолаëтган бир пайтда¸ Озодликнинг мазкур элчихонага яқин манбаси консуллик хизмати ходимлари ва “мама Роза”лар ўртасида алоқа борлигини тасдиқлади.

Қўли узун “мама Роза”лар

Озодликка куни-кеча ўзи боғланган Малайзиядаги ўзбек қизларидан бири 20 яшар Камола (асл исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилган – таҳр.) бир йил аввал танишининг тарғиботи билан кийим-кечак дўконида сотувчилик қилиб¸ сарпо-суруғ қилиш хаëлида Малайзияга келган.

Келганидан 10 кун ўтиб¸ унинг тошкентлик тарғиботчиси Камолани асли тожикистонлик аëлнинг уйига келтириб¸ “бир ойча шу ерда ишлаб туриш”ни айтиб¸ жуфтакни ростлаган.

Унинг паспортини олиб қўйган қўшмачи хотин (унинг исми шарифи ва яшаш манзили Озодликка маълум – таҳр.) эса¸ Камолани Тошкентдан олиб келиш учун 8000 доллар тўлаб қўйгани ва бундан кейин қарзни узиш учун фоҳишалик қилажагини айтган.

Калтак ва таҳдид остида бир йилдан бери кунига ўндан ошиқ мижозга хизмат кўрсатишга мажбурланаëтган Камола¸ келганидан бери Ўзбекистонга кетишда ëрдам беришни сўраб элчихонага мурожаат қилаëтгани¸ бироқ бу ердан ўзининг қайта “мама Роза”сига бериб юборилаëтганини иддао қилади:

- Консулликка борамиз¸ бизга паспорт қилиб беринг¸ бизни сотиб юборишган¸ зўрланиб¸ фоҳишалик қилиб юрибмиз¸ десак¸ консульство “мама Роза”га телефон қилади-да¸ “Сани жўжачанг келди¸ опкет” дейди. Ҳаммаси пул учун тил бириктириб олган. Бир йилдан бери шу шаҳардан чиқиб кета олмайман. Ўзбекистон нима учун четда консульство очиб қўйган? Нечта қиз ўлиб кетаяпти бу ерда¸ элчихонанинг ҳеч бир иши йўқ. Мана кечагина яна битта қиз ўлиб қолди. Касал ҳолида ишлатишди¸ охири больницага олиб боришди ва эртасига ўлиб қолди. Ўлиги ҳозир ҳам моргда ëтибди. Ким бу қизлар учун жавоб беради?(Озодликка Малайзияда ўлгани айтилган учала қизнинг қўшмачи хотин қўйган тахаллусигина маълум¸ уларнинг шахси ва ўлимига оид бошқа тафсилотлар ҳозирча мавжуд эмас – таҳр.) Айтинг¸ қўлимизда на паспорт ва на бошқа ҳужжатимиз йўқ бўлса¸ элчихона ëрдамисиз қандай Ўзбекистонга қайта оламиз? дейди шахсан ўзи Малайзияда фоҳишаликка зўрланган уч ўзбек қизининг ўлимига гувоҳ бўлганидан қаттиқ шокка тушганини айтган Камола.

Унинг иддаосича¸ ўзини бир неча бор элчихонадан қайтариб олиб келган қўшмачи аëл¸ узун қўлини истаган жойга чўза олиши ва ўзидан қочмоқчи бўлган қизларни қаердан бўлса ҳам топиб келишини ўта шаллақи оҳангда муттасил такрорлашни канда қилмайди.

Элчихона ходимлари “муҳим тадбирлардан” бўшамаëтир...

Озодлик мухбири Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонасига боғланиб¸ бу жиддий иддаога ўзбек дипломатлари жавобини ўрганишга уринди.

Ўзини элчихона котибаси деб таништирган аëл¸ мавзудан хабардор бўлгач¸ тегишли расмий билан улаб бериши учун кутишни сўради ва қарийб 10 минутлик кутишдан сўнг¸ консуллик ходимларининг “муҳим тадбир”да эканини айтиб¸ бошқа кун боғланишни маслаҳат берди.

Бошқа кун қилинган телефон мурожаатига ҳам айни услуб ва айни узр билан жавоб қилинди. Озодлик ҳамон Малайзиядаги ўзбек дипломатларининг бу мавзуда изоҳ беришини кутмоқда.

Малайзиядаги Ўзбекистон элчихонаси расмийлари одам савдоси қурбонларига ëрдам бермаëтганликда айбланаëтган¸ бу иддаоларга жавоб беришдан ўзини олиб қочаëтган бир пайтда¸ Тошкент ҳукумати одам савдосига қарши курашни ўзининг устивор вазифаларидан бири қилиб белгилаган.

АҚШ Давлат департаментининг дунë мамлакатларидаги одам савдоси вазиятига доир 2014 йилги ҳисоботига кўра¸ 2013 йил давомида Ўзбекистон ҳукумати 1392 фуқаросини одам савдоси қурбони сифатида эътироф этган.

Бу қурбонлардан 125 нафари мамлакат ичкарисида¸ қолгани эса¸ хорижда эксплуатация қилинган. Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари¸ ҳисоботга кўра¸ одам савдоси қурбонларидан 380 нафарининг ватанга қайтишига ëрдам кўрсатган.

Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан¸ ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз фуқароларини одам савдоси муаммосидан тинимсиз огоҳлантириб¸ унга қарши кураш иддаоси билан хориж ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлардан молиявий кўмак олиб келади. Шунга қарамай¸ Малайзиядаги ўзбек элчихонаси ходимларининг Камола ва бошқа ўзбек қизлари иддао қилган каби одам савдоси билан шуғулланувчи криминал гуруҳлар билан алоқаси борлигини Озодлик билан ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган элчихонага яқин манба тасдиқлади:

- Мен консуллик ходимлари¸ хусусан¸ консулларнинг “мама Роза”лар билан гаплашиб¸ учрашиб туришини яхши биламан. Шахсан ўзим консулларнинг муаммо чиққанда¸ “мамa Роза”ларга телефон қилиб¸ уларни офисга чақириб¸ масалани ҳал қилганини кўрганман. Улар орасида алоқа борлигини тасдиқлайман¸ дейди Малайзиядаги Ўзбекистон элчихонасига яқин расмий манба.

Айни пайтда¸ бу манба айни иддаоларнинг аввалги элчи ва консуллар хизмат даврига тааллуқли экани¸ янги элчи ва консул фаолияти ҳақида гапиришга эрта эканини билдирди.

2009 йилда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган 51 ёшли Шукур Собитов жорий йилнинг июль ойида Тошкентга чақиртирилиб, элчилик вазифасидан олинган эди. Айни пайтда¸ Собитов оиласига яқин манбаларга кўра¸ Ўзбекистон прокуратураси элчихона мулкини талон-тарож қилганлик айби билан собиқ элчига жиноий иш қўзғаган.

Озодликка маълум бўлишича¸ элчи ортидан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги консули ҳам Тошкентга чақиртирилган ва ўрнига янги консул тайинланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг муовини лавозимида ишлаб келган Мурод Асқаров август ойи охирида Малайзияга элчи этиб тайинланди.

Шукур Собитов ўрнига элчи этиб тайинланган Мурод Асқаров Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси¸ сўнгра Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Малайзиянинг одам савдосига қарши кураш кўрсаткичлари абгор

Малайзияда фоҳишаликка мажбурланаëтган Камола¸ ҳар бири ўнлаб ўзбек қизини фоҳишаликка мажбурлаб¸ улар ҳар биридан ойига ўртача 20 минг доллардан даромад қилаëтган ўнлаб ўзбек “мама Роза”си нафақат ўзбек консуллари¸ балки Малайзия полициясини ҳам сотиб олиб қўйганини иддао қилади:

- Боссимиз ҳамма полисларни танийди. Уларга фақат пора беради. Уларнинг каттаси бизнинг босс билан тил бириктирган. Полисга борсак¸ улар ким боссинг деб сўрайди. Отини айтсак¸ дарров телефон қилиб¸ “Қизинг шу ерда” дейди ва бизни бериб юборади. Бизнинг босснинг қўлида 60-70 тача қиз ишласа¸ ҳеч қайсининг визаси йўқ. Мениям ҳеч қанақа ҳужжатим йўқ. Биз ойлик виза билан келиб¸ шундан бери сохта виза билан юрибман. Ишонмасангиз¸ виза копиясини юбораман¸ дейди ўзбекистонлик Камола.

Озодлик мухбирининг Малайзия полицияси расмийларидан бу иддаога муносабат олиш уринишлари ҳам ҳозирча натижа бермади.

АҚШ Давлат департаментининг одам савдосига оид 2014 йилги ҳисоботида Малайзия ҳукуматининг одам савдосига қарши кураши жиддий танқид қилинди.

АҚШ ҳукумати Малайзиянинг бу жабҳадаги курашини энг элементар халқаро талабларга ҳам жавоб бермайдиган деб топди ва уни бу борада дунëдаги энг шармандали давлатлар қаторига қўйди.

Одам савдосига қарши кураш бўйича Малайзия рейтингининг бундай кескин пастлатилиши¸ Куала Лумпур ҳукуматини халқаро ва АҚШ молиявий ëрдамидан мосуво қилиб¸ унга нисбатан муайян санкциялар қўлланишига асос бўлиши мумкин.

“Малайзия одам савдосини жиловлаш борасида умуман жиддий иш қилаëтгани йўқ. Кун тартибидаги асосий нарса даромад ва коррупция. Малайзия одам савдоси қурбонлари¸ биринчи галда муҳожир қурбонларни эмас¸ бизнес¸ қўшмачи ва воситачиларни ҳимоя қилади. Буларни жазолаш ўрнига¸ Малайзия ҳуқуқ идоралари мигрантларни қўлга олиб¸ айб қўйиб¸ депоратия қилиш билан шуғулланиб келмоқда”¸ дейди аксар аҳолиси мусулмон саналадиган Малайзиядаги одам савдоси вазиятига баҳо берган Tenaganita ноҳукумат ташкилоти раҳбари Aegile Fernandez Ғарб мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистон¸ қолаверса¸ Малайзияда кенг илдиз отган айни шу коррупция¸ Камола каби одам савдоси қурбонлари фожеий тақдирини ўзгартириш йўлидаги асосий тўсиқ сифатида кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG