Линклар

Чироқчилик савдогарлар бозорни бузган ҳокимликни талончиликда айбламоқда


Чироқчининг бузилган бозори.

Чироқчининг бузилган бозори.

Чироқчи тумани марказидаги деҳқон бозорининг чакана савдо расталари ва бозор ҳудудидаги хусусий дўкон ва ошхоналар ўтган ой бир кун ичида бузиб ташланган.

Раста ва ошхоналар эгаларига етказилган моддий зарарни қоплаш ҳақида бирон гап айтилмаяпти, дейди Чироқчи бозорида савдо қилиб келган Феруза опа:

- Бозорни бир кунда бузиб ташлашди. Чироқчининг марказидаги бу бозорда учта қатор магазинлар бор эди. Ҳаммаси бузилди. Болалар учун музқаймоқ дўконлари бор эди. Байрам кунлари болалар келиб, шу ердан музқаймоқ, у бу олиб ерди. Ҳозир бозор худди Афғонистонга бомба тушгандай остин-устун бўлиб ётибди, дейди чироқчилик Феруза опа.

Озодлик суҳбатлашган чироқчиликларга кўра¸ мазкур бозор Қашқадарёнинг турли туманларидан келган деҳқонлар учун ҳам тирикчилик манбаи бўлиб келган.

Шахрисабзлик 39 яшар Гулнора Рашидова шундайлардан бири:

- Ўша деҳқон бозорида картошка, пиёз сотар эдим. Бозорни реконструкция қиламиз, деб бизни ҳайдаб юборишди. Тўртта боламни шу бозор ҳисобидан боқиб келаётгандим. Эримдан ажрашганман. Энди болаларимни қандай боқаман? Ўзи шусиз ҳам иш йўқ бўлса. Энди охирги ризқимизни ҳам қирқиб қўйишаяпти, дейди Гулнора опа.

65 яшар маҳаллий тадбиркор Муборак Султонова эса бозор реконструкцияси боис учта дўконидан айрилганини айтади:

- Шу бозорда дўконларимиз бор эди. Тўқсонинчи йилларнинг ўртасида хусусийлаштириб олгандик. Шу дўконларда ўндан зиёд сотувчимиз кун кўриб ўтирувди. Ҳозир шулар ишсиз қолди. Мен ҳам фақат пенсияга қараб қолдим, дейди Муборак опа.

Чироқчи деҳқон бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган тадбиркорлар ўз дўконларини таъмирлаш учун миллионлаб сўмлик маблағ сарфлаганликлари, ҳокимиятнинг дўконларни бир кунни ичида бузиб ташлаши ишсизлик кучайган бир шароитда бозорда тирикчилик қилиб юрган юзлаб одамни анча оғир аҳволга солиб қўйганини айтишади:

- Бозорда ҳаммаси бўлиб 74 та дўкон бузилди. Тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобига қурилган дўконларни ҳукумат бузиб ташлаяпти, зарарини қоплашни ҳеч ким истамайди. Ҳаммамиз ҳокимиятга арз қилдик, улар арзимизга қулоқ солмайди. Бузамиз, бузишимиз керак, деган гапни айтишади. Аxир биз бу дўконларга қанча пул сарфлаганмиз! Ҳозир янги дўкон қурсак, эртага бошқа ҳоким келиб бузамиз, дейдими? Бу нима гап? дейди Муборак опа.

Чироқчи тумани ҳокимилигининг Озодлик мухбири суҳбатлашган расмийси бозорни бузишдан мақсад эски бозор ўрнида замонавий кўринишга эга бўлган савдо расталарини барпо этиш эканини иддао қилди:

- Бозор реконструкция бўлади. Савдогарларга бошқа жойдан ер ажратганмиз. Ҳеч ким уларга тўсқинлик қилаётгани йўқ. Бозорда фақат кадастрдан ўтмаган расталар бузилди ва эндиликда бозор замонавий талаблар асосида реконструкция қилинади. Бу бозор реконструкция қилиб бўлингандан кейин, уларга савдо расталари ва дўконлар бўлиб берилади, дейди Чироқчи ҳокимиятининг исмини очиқламаган ходими.

Чироқчилик тадбиркор Нурали аканинг айтишича, ҳокимият хусусий дўконларни бузиб, савдогарларга иккига-икки метрлик жойнинг бир ойлик ижараси учун 10 миллион сўм сўрамоқда:

- Бунинг ортида ҳокимиятга яқин пулдор одамлар турибди. Улар шу бозорда айланадиган пулни назорат қилишади. Ҳокимиятдагиларни ҳам оғзини мойлаб қўйганми, улар шу ҳокимият билан тил бириктириб, бозорда айланадиган пулни ўз назоратларига олишмоқчи. Бутун савдо расталари ва дўконларни савдогарларга ижарага бериб, ҳаммасини ўзларига тортишмоқчи. Шу бозордан тирикчилик кўриб келаётган оддий халқни улар шу йўл билан таламоқчи, бунинг жабрини улар тортмоқда, дейди Нурали ака.

Бозорларнинг бузилиши фақат Қашқадарёда бўлаётгани йўқ. Ўтган йил Урганч ва Жиззахда ҳам деҳқон бозорлари ва у ердаги хусусий дўконлар бузилиши савдогарларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG