Линклар

Ўзбек шифокорлари саратон билан оғриган беморни даволашди. Тошкентда трамвай йўловчини босиб кетди. Маҳалла оқсоқоли қашшоқ аёлдан пора талаб қилди. Спам­ SMS уяли алоқа фойдаланувчиларига қимматга тушмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Талаба қиз номусига тажовуз қилган профессор 13 йилга қамалди”

Бухоро давлат университети профессори Илҳом Ғаниев номусга тегиш ва порахўрликда айбланиб 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди (“Ҳуқуқ”, 4 сентябр).

Кафедраси мудир бўлиб ишлаган таниқли профессор ўзбек филологияси факултетининг исми ошкор этилмаган талабасини “китоб топиб бераман” деган баҳона билан ўз офисига олиб келиб номусига теккан.

Катта миқдорда димедрол таблеткалари ичиб жонига қасд қилган талаба қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Қайд этилишича, профессор Ғаниев ва унинг рафиқаси профессор Нодира Афоқова ўқишга киритиш эвазига бир неча минг доллар пора ҳам олиб келган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди Илҳом Ғаниевни 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

“Битирувчиларни иш билан таъминлашда кўзбўямачиликлар кузатилмоқда”

Ўзбекистондаги битирувчи қизларни ишга жойлашда кўзбўямачиликлар ҳам кузатилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 4 сентябр).

Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова маълум қилади.

Қўмита раисига кўра, худудларда битирувчи қизларни ишга жойлаштиришда муаммолар ҳам оз эмас.

“Иш билан банд бўлса-да, меҳнат дафтарчалари очилмаслиги, уч томонлама шартномаларнинг ҳаққоний эмаслиги каби ҳолатлар аниқланмоқда. Айни пайтда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар олиб бориляпти” деган Э.Боситхонова.

Жорий йилда Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежларини 243 мингдан ортиқ қиз битирди. Уларни 100 дан ортиқ корхона ва ташкилотга бириктириш белгилаб қўйилган.

“Ўзбекистонда шифокорлар саратон билан оғриганни даволашди”

Ўзбекистонлик бемор Бурҳон Ф. халқум саратонини олиб ташлаш амалиётидан кейин қайта гапира бошлади (“Даракчи”, 4 сентябр).

Жарроҳлик амалиёти академик Воҳидов номидаги жарроҳликка ихтисослаштирилган республика марказида ўтказилди.

Бурҳон Ф. нафақат бўғиз саратони олиб ташланган, балки гапира олиши учун махсус қурилма ўрнатилган илк бемор бўлди.

Марказ катта илмий ходими Отабек Эшонхўжаевга кўра, мазкур амалиётни ҳаёт учун зарур органларда саратон метастазаси бошланмаган беморларнинг барчасини даволашда қўллаш мумкин.

“Байрам кунлари Зангиотада электр узиб қўйилмоқда”

Тошкент вилояти Зангиота тумани Авлиёота маҳалласида байрам кунлари электр энергияси узиб қўйилмоқда (“Новый век”, 4 сентябр).

Электр узилиши барча байрамларда такрорланмоқда. “Байрамлар арафасида матбуот, радио ва телевидение орқали чиқишларида энергетиклар ўзлари эришаётган ютуқлар ҳақида жўшиб ҳикоя қилишади. Аслида эса, пойтахт ва пойтахт вилоятида энергия қуввати анчадан буён етмаяпти. Ахир электр узилишлари кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. Балки юқори идораларга улкан ютуқлар ҳақида ҳисобот бериб, хўжакўрсинга ишлашни бас қилган маъқулдир?!” деб ёзади газета.

“Маҳалла оқсоқоли қўли калта аёлдан пора талаб қилди”

Намангандаги Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Атавалиев пора билан қўлга тушди (“Диёнат”, 4 сентябр).

Фуқаро Азиза Худоёрова кам таъминланган оила вакили сифатида маҳалла оқсоқолига нафақа сўраб мурожаат қилган. Раис эса ундан 144 минг сўм пора талаб қилган.

“Ўзингиз ўйланг, ўзи ёрдамга муҳтож, қийналиб турган оила қандай қилиб 144 минг сўм пулни раиснинг шахсий манфаати учун топиб бера олади ва шунча миқдордаги пул ўзида бўлса, маҳалла остонасига бош уриб келармиди?” деб ёзади вилоят прокуратураси терговчиси Адҳамхўжа Исмоилов. Суд маҳалла оқсоқолини 6 йилга озодликдан маҳрум этган.

“Спам SMS уяли алоқа фойдаланувчиларига қимматга тушмоқда”

Ўзбекистондаги мобил алоқа абонентларига спам SMS-хабарлар келмоқда (“Оила даврасида”, 4 сентябр).

SMS рус тилида “Салом, сенга фото” деган жумла бўлиб, унга линк илова қилинган. Абонент линкни очса, телефонга автоматик тарзда дастур ўрнатилиб, телефон хотирасидаги барча рақамларга мазкур SMS-хабар жўнатилади. Спам хабар абонентларга ортиқча даҳмаза бўлиш билан бирга, уларнинг ҳисобидан катта миқдорида пул ечиб олинишига ҳам сабаб бўлмоқда.

“Тошкентда трамвай йўловчини босиб кетди”

29 август куни соат 11 ларда Тошкентнинг Маннон Уйғур кўчасидан Самарқанд дарвоза кўчаси томон ҳаракатланаётган “Татра” русумли, 2704 рақамли трамвай йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган пиёдани босиб кетган (“Пойтахт трансорти”, 5 сентябр).

Натижада пиёда воқеа жойида вафот этган. Хабар берилишича, трамвай “Тошкент трамвайи” корхонаси ҳайдовчиси Рустам Восиқов бошқарувида бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG