Линклар

Кеча Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жиноят содир этганликда гумонланган шахсларга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини қўллаш тўғрисида Жиноят-процессуал кодексига тузатиш киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Янги тартибга кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи каби ҳолатлар ҳисобга олиниб уй қамоғи қўлланилади.

Уй қамоғидаги шахснинг муайян шахслар билан алоқада бўлиши, хат-хабар олиши ва жўнатиши, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиши, уй-жойини тарк этиши тақиқланади.

Уй қамоғидаги шахснинг яшаш жойи қўриқланиб, зарур ҳолларда унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатилиши ҳам мумкин.

Янги тартибни ишлаб чиққан мутахассислар фикрича, уй қамоғи жорий этилиши жиноятчилик олдини олиш ва жиноят ишини ўрганишда ҳақиқатни яширишга уринишнинг олдини олишда самара бериши мумкин.

Бироқ кузатувчилар бу чора маҳбуслар билан тўлган қамоқхоналардаги вазиятни ўнглаш ва давлат бюджетини тежашга қаратилган, деган тахминни айтмоқда.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда фуқароларга нисбатан уй қамоғи қўлланилмаган.

Бироқ мамлакат раҳбарининг тўнғич қизи Гулнора Каримова оилавий можаролар сабабли уй қамоғида эканига шама қилувчи маълумотларни хорижий ахборот воситаларига сиздирган.

Гулнора Каримова яқинда Би-Би-Сига йўллаган аудиомурожаатида қизи ва ўзи “итлардан ҳам баттар” аҳволда ушлаб турилаётганликлари, тиббий ёрдамга муҳтож эканликлари, шунингдек, қизи Имон уй қамоғи боис мактабга боролмаётганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG