Линклар

logo-print

"Рус полицияси бизни чув туширди"


Андижонлик йигитлар Пенза полицияси томонидан ҳибсга олинган.

Андижонлик йигитлар Пенза полицияси томонидан ҳибсга олинган.

Андижонлик йигит Россияда шериги билан бошига тушган кўргиликларни қоғозга тушириб, OzodMaktubга йўллади. Мактубда рус полициячиларининг товламачиликлари, ўзбекларни ўз ватандошларини чув тушириш ҳолатлари тилга олинади.

Қуйида андижонлик йигитнинг Пенза вилоятида бошидан кечирган воқеалари акс этган:

Ҳурматли Озодлик радиоси! Мен ҳозир сизнинг сайтдаги Россиядаги полиция ходимларининг таъмагирлик қилиб поезддан тушуриб қолиш ҳолатлари ҳақида ўқидим. Худди шундай вазиятга ўзим хам дуч келганман.

Ухта вилоятидан Ўзбекистонга қайтиш учун билет олдим. Кейин шеригим иккаламиз Пенза вилоятига бордик. Поезд Тошкентга шу шаҳардан жўнаши керак эди.

Биз вокзалга киришимиз билан полиция ходимлари бизни хонасига олиб кириб кетишди. Ҳамма ҳужжатларимиз жойида эди.

Улар "Ҳозир 500 рублдан беринглар, кейин ҳеч қандай текширувсиз чиқариб юборамиз", дейишди.

Вақт оз қолгани учун пул беришга мажбур бўлдик. Ишни қарангки, улар дарров бизни пора берганликда айблаб ҳибсга олишди.

Кейин ўша ерда асли Тошкентдан бўлган собиқ полиция ходими Аваз деган кишини чақириб, бизни топшириб юборди. У эса қандайдир бетон ишлаб чиқарувчи корхонага олиб бориб, "Шу ерда 5 -6 ой ишлаб берсанг, сенларни ҳеч қандай муаммосиз уйингга жўнатиб юбораман", деди.

Бир ойча ишлаганимиздан сўнг ўша ерда ҳамқишлоғим борлигини эшитиб, уйдагилардан телефон рақамини олиб, бизга ёрдам кераклигини айтдим.

У Пензада сурхондарёлик Шерали Мусулмонов деган йигитни қўлида ишлар экан. Шерали келиб, биз билан гаплашиб, сўнг бизни олиб кетди. У билан ҳам 3 ой ишладик.

Шу орада бизнинг судимиз яқин қолганини айтиб, бир орган ходими биз билан боғланди. Ишимиз шунчалик чигаллашиб борардики, нима қилишимизни билмай қолгандик.

Ўзбекистон чет давлатларда юрган ўзининг фуқароларини бир тийинга олмайди. Элчихона ҳам умуман ёрдам бермайди, сизни эшитишни ҳам хохламайди.

Бир куни Шерали бизни ёнимизга келиб, "Мен ҳозир Сотимбой Бердиев билан гаплашиб келдим. Сизларга бир ҳужжат қилиб бераркан. Шу ҳужжат билан бемалол уйингизга етиб олишингиз мумкин бўларкан", деди.

Биз рози бўлдик. Қийинчиликдан шундай безган эдикки, хатто депортацияга ҳам рози эдик.

Бир амаллаб ўша Сотимбой тайёрлаб берган ҳужжат билан уйга келиб олдик. Энг қизиғи ҳали олдинда экан. Уйимизга келганимизга 2 ой бўлмасдан бизни жиноят қидирув бўлимига олиб кетишди.

Уларнинг айтишича, Пенза вилоят прокуратураси ишимизни ўн баробар кўпайтириб Андижонга юборибди. Мана ҳозир ҳар ҳафта прокуратурага қатнаяпмиз.

Россияда ишим яхши эди, ойига 1000 доллар пул топардим. Ўша пензалик полиция ходимлари ва Сотимбойнинг қалбаки ҳужжатлари деб мана Андижонда ҳеч нима қила олмай юрибман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG