Линклар

Ўзбекистон ҳукуматининг блоггерлик фаолиятини тартибга солиш бўйича қабул қилган янги ўзгаришлари сўз ва фикр эркинлигига қўйилган яна бир тўсиқ сифатида баҳоланмоқда.

4 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни матбуотда эълон қилинди.

Янги ўзгартишга мувофиқ, бундан буён веб-сайт ёки блог эгалари бирон ахборотни интернетга жойлаштиришдан олдин унинг тўғрилигини обдон текширишлари талаб этилади.

Шунингдек, блоггерларнинг “Ўзбекистондаги конституциявий тузумини ағдариш, мамлакат худудий яхлитлигига қарши даъватлар, терроризм, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб этувчи материаллар“ни чоп этишлари ҳам тақиқланади.

Акс ҳолда улар жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкин.

Шунингдек, блоггерларга давлат сири ҳисобланган маълумотлар, миллий, ирқий, этник ва ё диний низо қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашувчи ахборотни тарқатиш ҳам тақиқланади.

Сўз эркинлигига тўсиқ

Ўзбекистонлик блоггерлар мазкур қонуний ўзгаришларни ўз фаолиятларига тўсиқ сифатида кўришмоқда.

- Биз буни Ўзбекистонда блоггерларни ҳимоя қиладиган қонун деб ўйлагандик, ўқиб чиқсак, бу қонун ҳукуматни блоггерлардан ҳимоя қилувчи қонун экан, - дейди исми сир қолишини истаган ўзбекистонлик блоггерлардан бири.

Ўзбекистонлик яна бир блоггер янги қонун сўз эркинлигига қўйилган янги тўсиқ эканини айтади:

- Бу ерда блогни оммавий ахборот воситасига тенглаштириш бўляпти. Лекин ўзи асли блог бу ҳар бир одамни ўз кечинмалари, ўй- фикрларини ёзиб борадиган онлайн кундалиги. Блог бу эркин фикр. Бу қонун ана шу эркин фикрга тўғаноқ бўляпти, - дейди ўзбекистонлик блоггер.

Онлайн кундалик – блоглар фикр эркинлиги¸ ахборот олиш ва ëйинлаш жабҳасида ўзига хос инқилоб сифатида пайдо бўлди.

Авваллари ахборотни топиб, уни оммага етказиш билан, асосан, журналистлар шуғулланган бўлса, эндиликда интернет туфайли ҳар бир инсон ўзига маълум ахборот ва ўз нуқтаи назарини ортиқчи расмиятчилик ва ҳеч қандай маблағсиз оммага етказиши мумкин.

Ўзбек блоггерлари маҳаллий матбуотда ҳақиқатни ёзиш имкони йўқлиги боис асл воқеликни блоглар орқали ёритишга ҳаракат қилаётган эдилар.

Сайловлар олдидан ахборот макони жиловланмоқда

Интернетдаги "Фергана.ру" мустақил ахборот нашри асосчиси ва бош муҳаррири Даниил Кисловнинг ишонишича, ахборот оқими устидан назоратни яна ҳам кучайтирадиган янги қонуний ўзгаришларнинг айнан парламент ва президентлик сайлови арафасида қабул қилинаётгани бежиз эмас:

- Менимча, бу қонун у ёки бу блогнинг ёпиб қўйилишини оқлаш учун айнан парламент ва президентлик сайловлари арафасида қабул қилиняпти. Бу сайловлар шу йилнинг охири ва келаси йилнинг март ойида бўлиши кутиляпти. Балки ҳукумат шу йўл билан ўзлари истамаган ахборотнинг Интернетда тарқалиб кетишининг олдини олиш яъни ахборот маконини яна ҳам кучлироқ жиловлашга уринмоқда. Лекин улар шундоқ ҳам Интернетни тўсиб, барча блоггерларни бурчакка сиқиб қўйган, -дейди Кислов.

Ўзбекистон блогосферасига болта урилди

Ўзбекистоннинг Когон шаҳри яқинидаги полигонда содир бўлган 2008 йилги портлашлар ҳақида жамоатчилик блоггерлар орқали хабардор бўлган эди. Бу ҳодиса Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ëритилмаганди.

Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиевга кўра, блоггерлик Ўзбекистонда ўзига хос фуқаролик журналистикаси (citizen journalism)га айланаётганди.

- Ўзбекистонда матбуот кучли назорат қилинади. Кўчада рўй бераётган ҳодисалар ҳақида одамлар айнан блоггерлар орқали хабар топаётган эди, - дейди Умаралиев.

Тўлқининг айтишича, Интернетда ўз блогини очган ўзбекистонликлар сони сўнгги пайтда анча кўпайиб қолган:

- Ўзбекистонни блогофераси энди ривожланяпти. Шу ривожланаётган блогоферага болта уриляпти. Энди агар бирон блоггер ҳукумат ёқтирмаган танқидий постни қолдирар экан, унинг пости конституциявий тузумга қарши, деб баҳоланиб, блоггер жавобгарликка тортилиб қолиши мумкин. Бу эса шундоқ ҳам эҳтиёткор блоггерларда қўрқув ҳиссини яна ҳам кучайтириб юборади, - дейди Тўлқин Умаралиев.

Ўзбекистонда қайсидир блогда сиёсий ёки ҳукуматга тоқат қила олмайдиган мавзуларга ўрин бериладиган бўлса¸ улар блок қилинаётганини кузатиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG