Линклар

НАТО саммитида тезкор кучлар ташкил этишга келишилди


НАТО Бош котиби А.Ф.Расмуссен.

НАТО Бош котиби А.Ф.Расмуссен.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари Россия агрессиясига жавобан НАТОнинг тезкор қучларини ташкил этиш режасини маъқуллаганини эълон қилди. Москвага ишора қилган Расмуссен Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги уринишига учинчи давлат вето қўя олмаслигини урғулади.

НАТО Иттифоқининг Уэлсда бўлиб ўтган икки кунлик саммитида Украина шарқидаги вазият асосий муҳокама мавзуси бўлди.

5 сентябрь кунги саммитдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Иттифоқ эшиклари бошқа давлатлар учун очиқ эканинни урғулади:

- НАТОнинг эшиклари Иттифоққа аъзо бўлишни хоҳлаган давлатлар учун очиқ қолади. Ҳар бир мамлакатни хизматига яраша баҳолаш жараёни давом этади. Ҳеч қандай учинчи давлат НАТОнинг кенгайишига вето қўя олмайди, - дея баёнот берди Расмуссен.

НАТО саммити Беларус пойтахти Минскда Украина ҳукумати ва айирмачилар ўртасида музокаралар бўлаётган пайтга тўғри келди.

Киев расмийлари ва НАТО Россияни Украина шарқидаги айирмачиларга қўшинлар ва зирҳли машиналар жўнатганликда айблади. Россия эса бу айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, Украина шарқида ҳукумат кучлари билан Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасидаги апрель ойидан бери давом этаётган қуролли тўқнашувлар давомида шу кунгача 2600дан ортиқ одам нобуд бўлган. Юз минглаб аҳоли ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган.

Расмуссен НАТОнинг тезкор кучларини ташкил этиш Иттифоқнинг шарқий ҳудудларида жойлашган давлатларни ҳимоя қилиш учун зарур экани билан изоҳлади.

Расмуссен НАТО тезкор кучларининг Бош қўмондонлиги Польшанинг Шецин шаҳрида жойлашишини билдирди.

Бош котибга кўра, учта Болтиқбўйи давлатлари ва Руминия ҳам тезкор кучлар Бош штаби ўз ҳудудида бўлишига истак билдирган.

Расмуссенга кўра, тезкор кучлар тузиш Иттифоқ ўз аъзоларини “ҳар қачон” ҳимоя қилиши ҳақида аниқ мужда эканини таъкидлади.

Андерс Фог Расмуссен НАТО раҳбарлари, 2008 йилда Россия билан қисқа муддатли урушдан кейин Иттифоққа аъзо бўлишга саъй ҳаракат қилиб келаётган Грузияга ёрдам беришга келишиб олганларини қўшимча қилди.

Айни пайтда Британия Бош вазири Дэвид Камерон НАТО лидерлари Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудини босиб олган “Исломий Давлат” жанггарилари содир этган шавқатсиз қатлиомларни кескин қоралаганини билдирди.

Террорчилар яқинда америкалик икки журналистнинг бошини танасидан жудо қилган ва гаровдаги Британия фуқаросини қатл этишга таҳдид қилган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри БМТ Бош ассамблеясининг шу ой охирида бўладиган йиғилишида террорчи ташкилотларга қарши режа ишлаб чиқаришга чақирди.

XS
SM
MD
LG