Линклар

Сулҳга қарамай, Мариуполь яқинида портлашлар рўй берди


Мариуполь шаҳри яқинидаги портлаш.

Мариуполь шаҳри яқинидаги портлаш.

Киев ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида сулҳ ўрнатилганига қарамай, якшанбага ўтар кечаси Украина шарқидаги Мариуполь шаҳри яқинида тўп ва портлаш овозлари эшитилди. Бу воқеа икки томон амал қила бошлаганига икки кун ҳам бўлмаган сулҳ барбод бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайишига сабаб бўлди. Портлашлар Донецк аэропорти яқинидаги ҳудудда содир бўлгани айтилмоқда.

Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган айирмачилар 7 сентябрь куни ҳукумат кучлари Донецк аэропорти биносини тарк этгани ва тўқнашувлар атрофдаги ҳарбий иншоот яқинида бораётганини иддао қилди.

Якшанбага ўтар кечаси Азов денгизи соҳилида жойлашган ва ҳукумат кучлари назоратида бўлган Мариуполь шаҳрида ҳам ўт очишни тўхтатиш келишуви қўпол равишда бузилган.

Хабарларга кўра, айирмачилар ҳукумат кучларини тўплар ва “Град” ракеталари билан ўққа тутган.

Мариуполь шаҳридаги гувоҳларнинг Ассошиэйтед пресс агентлигига телефон орқали маълум қилишича, портлаш овозлари шаҳардан шарқ томонда - Украина ҳукумати кучлари айирмачиларга қарши мудофаа истеҳкомлари ўрнатган ҳудудларда эшитилган.

Украина Миллий мудофаа ва хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Владимир Полевой 7 сентябрь куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида ҳукумат кучлари айирмачилар билан эришилган келишув шартларини бажараётганини таъкидлади.

- Украина қўшинлари келишув ва оташкесим шартларини тўлиқ бажаряпти. Айни пайтда, сўнгги 24 соат мобайнида террорчилар бизнинг бир неча постимизни ўққа тутди. Масалан, Мариуполь шаҳри яқинидаги позицияларимиз тўплардан ўққа тутилди, дея баён қилди Владимир Полевой.

7 сентябрь куни ББС икки томон бир-бирини тўплардан ўққа тутаётганини хабар қилди.

ББС маълумотига кўра, Мариуполь шаҳри айирмачилар томонидан қуршовга олинган.

Ундан олдин Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Петро Порошенко Украина шарқида томонлар оташкесимга риоя қилаётганини маълум қилган, бироқ томонлар бир-бирини сулҳни бузаётганликда айблаган эди.

Украина шарқида қон тўкилишига чек қўйиш мақсадида 5 сентябрь куни Украина, Россия ва Кремл дастаклаётган айирмачилар Беларус пойтахти Минскда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув имзолади.

Музокара қатнашчилари барча оғир қуролларни минтақадан олиб чиқишга, ҳамма асирларни озод қилишга ва уруш ҳаракатларидан жабр кўрган аҳолига гуманитар ёрдам етказиб беришга рози бўлди.

Ғарб лидерлари Россия Минскда эришилган келишувга риоя қилишига шубҳа билдирди.

Айни пайтда Халқаро қизил хоч ташкилоти Твиттердаги ўз саҳифасида ташкилот ходимлари 6 сентябрь куни Луганск шаҳрига гуманитар ёрдам олиб киришга ҳаракат қилгани, аммо шаҳарнинг шимоли-шарқий қисмида ўққа тутилганидан сўнг ортга қайтганини билдирди.

Халқаро қизил хоч ушбу воқеа юзасидан бошқа маълумот тарқатмади.

БМТ маълумотига кўра, Украина шарқида апрель ойида қуролли тўқнашувлар бошланганидан бери шу кунгача камида 2600 киши ўлган, юз минглаб одам уй-жойини ташлаб, хавфсизроқ ҳудудларга қочишга мажбур бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG