Линклар

Хоразмда тиббиётчилар оммавий равишда пахтага ҳайдалди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон туманларидаги аксарият корхона-ташкилотлар ва муассасаларда бугунги кунда ана шундай эълонни учратиш мумкин

Ўзбекистон туманларидаги аксарият корхона-ташкилотлар ва муассасаларда бугунги кунда ана шундай эълонни учратиш мумкин

Хоразм вилоятининг туманларидаги касалхона, поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларининг шифокору ҳамширалари пахта теримига сафарбар этилди. Касалхоналарда саноқли доктор қолаётгани сабабли дардига даво истаб борган беморлар шифокорларни иш жойидан тополмай уйига қайтмоқда.

Хоразм вилоятининг барча туманларида пахтага оммавий сафарбарлик бошланди.

Бюджетдан маош олиб ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ходимларининг асосий қисми мажбурий тарзда пахта теримига чиқарилмоқда.

Ҳазорасп туманидаги қишлоқ врачлик пунктларидан бирида ишлайдиган ҳамширага Озодлик қўнғироқ қилиб, уни пахта даласидан топди. Ҳамширанинг айтишича, ҚВПда ишлайдиган доктору ҳамширалар пахта теримига ҳайдалган:

- Бугун бизга дам олиш куни бўлиши керак. Лекин мажбуран пахтага чиқарилдик. Айтишларича, икки ой пахта терар эканмиз. Бир кунга 50 кило норма қўйган. Ҳозир мана соат 4 бўлди, зўрға 30 кило тердим, - дейди ҳамшира.

Суҳбатдошнинг айтишича, қишлоқ врачлик пунктида фақат навбатчи шифокор ва битта ҳамшира қоладиган бўлган:

- Мана бизда иккита дўхтиру 13 нафар ҳамшира ишлайди. Ҳозир битта дўхтиру ва битта ҳамшира қолган, холос. Қолганлар пахта теряпти. Агар кимки қаршилик қилиб, "чиқмайман" деса, маошининг 30 фоизи кесилармиш, - деди ҳазорасплик ҳамшира.

Шовот туманида истиқомат қилувчи Оллоберган аканинг айтишича, у туман касалхонасига бемор олиб бориб, докторларни тополмаган:

- Кеча Шовот тумани марказидаги касалхонага чақалоқ неварамни олиб боргандим. Ҳамма эшиклар берк ва уларга “Ҳамма пахта йиғим-теримида” деб ёзиб қўйилган экан. Керакли врачларни тополмадик. Қидириб-қидириб, зўрға битта врачни топиб кўрсатдик. Ҳамшираю санитаркаларнинг деярли ҳаммаси пахтага кетган, - деди шовотлик Оллоберган ака.

Озодлик Хоразм вилояти тибииёт бирлашмасига қўнғироқ қилиб, бу воқеаларга муносабат олишга ҳаракат қилди. Бироқ дам олиш куни бўлгани учун телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини тақиқлашга оид халқаро ҳужжатларни ратификация қилиши ва ҳукуматнинг 18 ëшга тўлмаганларни қишлоқ хўжалик ишларига¸ хусусан¸ пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги қатор фармонларидан сўнг мактаб ўқувчилари ва коллежларнинг 1-курс талабаларини пахтага оммавий сафарбар қилишнинг 2013 йилда тўхтатилгани кузатилди.

Айни пайтда камида 2 миллион боланинг пахта даласига чиқмай қолиши ортидан туғилган текин иш кучига нисбатан эҳтиëж давлат бюджетига боғланган муассасалар ишчи-хизматчилари¸ қолаверса¸ олий ўқув юртлари талабаларини оммавий равишда пахтага сафарбар қилиш ҳисобига қондирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш иддаоси билан мамлакатнинг 18 ëшдан ошган аксар аҳолисини текин ëхуд арзон пахтакорга айлантириш сиëсати ҳам халқаро майдонда жиддий танқидга учрамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG