Линклар

Мусулмон киноси фестивалида ўзбек ижодкори “Америкалик”ни кўрсатди


Кинофестивалннинг очилиш маросими

Кинофестивалннинг очилиш маросими

Ўзбек киночиси Рустам Халилов суратга олган “Америкалик” бадиий фильми Қозонда ўтаëтган халқаро мусулмон киноси фестивали доирасида намойиш қилинди. Ўзбек киночисининг бу фильми фестивал асосий танловидан ташқари “Турксўй – маданиятлар мулоқотида” дастурида намойиш қилинаëтган “Америкалик” бадиий фильми жорий йилда суратга олинган.

5 сентябрь куни Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида тантанали очилган ўнинчи халқаро мусулмон киноси фестивали “Маданиятлар мулоқотидан мулоқот маданияти сари” деган шиорни илгари суради.

Фестивалнинг асосий танловида Россия, Европа, Осиё ва МДҲ мамлакатлари кинематографчилари суратга олган элликта фильм қатнашмоқда.

Қисқа метражли фильмлар йўналишида қирғизистонлик режиссёр Руслан Акуннинг “Хайдаб ўтказиш” картинаси ҳам намойиш этилади.

Кинофестивалнинг арт- директори Албина Нафигованинг Озодликка билдиришича¸ бу йилги конкурснинг асосий танловида бирорта ҳам ўзбек киночиси йўқ:

- Кинофестивалнинг бу йилги асосий конкурс дастурида ўзбек киноси қатнашмаяпти. Лекин конкурсдан ташқари дастурга кититилган Рустам Халилов суратга олган “Америкалик” бадиий фильми мунаққидлар тарафидан яхши қабул қилинди¸- дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ танловдан ташқари “Турксўй – маданиятлар мулоқотида” дастурига бир қатор қирғиз режиссёрларининг фильмлари киритилган.

- Ҳақиқатда ҳам бу йилги фестивалда қирғиз кинолари кўп намойиш қилинмоқда. Масалан, Алижон Носировнинг “Қари қиз”¸ Наргиза Маматқулованинг “Зефир”¸ Жилдизбек Разақуловнинг “Келин” асарларининг бадиий ва эстетик қирралари фестивал иштирокчилари эътиборига сазовор бўлди¸- дейди кинофестивал арт-директори Албина Нафигова.

Суҳбатдошга кўра, ўтган йили ўзбек киночилари фестивалда фаолроқ бўлишган:

- Ўтган йили, конкурсдан ташқари дастурда ўзбек киночиси Қамара Камолованинг “Мени унутма” фильми ҳам томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди. Шунингдек, Шавкат Йўлдошев суратга олган “Дўппи”, Ëлқин Тўйчиев суратга олган “Сассиз уй”, Фарруҳ Соипов суратга олган “Нафс” фильмлари ҳам намойиш қилинди¸- дея таъкидлаган суҳбатдош бу фильмлардан бирортаси ҳам соврин олмаганини таъкидлади.

Киноанжуманнинг фахрий меҳмони сифатида Қозонга махсус келган таниқли ўзбек киночиси Али Ҳамроев Рустам Халилов суратга олган “Америкалик” бадиий фильми ҳақида ижобий фикрларни айтиш баробарида ўзбек киноси Қозон фестивалининг руҳини белгиловчи даражага етмаганидан афсус билдирди:

- Масалан, фестивалда намойиш қилинаëтган аксар фильмларда бу кинони суратга олган киночи яшаëтган элнинг дарди акс этган. Афсуски, ўзбек киноларида миллат дарди ва орзу армонлари акс этмаяпти, - деди Қозон кинофестивалининг фахрий меҳмони ва таниқли киночи Али Ҳамроев.

Қозон кинофестивали

Татаристоннинг Қозон шаҳрида бошланган мусулмон кинофестивали 11 сентябрь куни якунланади.

Қозон халқаро мусулмон киноси фестивали 2004 йилдан бери ўтказиб келинади.

Россия муфтийлар кенгаши ва Татаристон Маданият вазирлиги фестивалнинг асосий ташкилотчиси, деб тақдим қилинган.

Фестивалда дунëнинг 50 мамлакатидан 200 га яқин фильм иштирок этмоқда.

XS
SM
MD
LG