Линклар

"Уюшган жиноий гуруҳ аъзоси" Гулнора Каримовага қарши жиноят иши очилди


Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши очилганини эълон қилди. Ўзбекистон прокуратурасининг 8 сентябрь куни маълум қилишича, Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян иши бўйича ўтказилган тергов натижасида жиноят ишининг “уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари”га доир қисми алоҳида иш юритувга ажратилган. “Хусусан, Г. Каримова” ва жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳақида гап бораётгани айтилади бош прокуратура хабарномасида.

Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси сайтидан Гулнора Каримовага қарши иш очилгани ҳақида маълумотдан скриншот

Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси сайтидан Гулнора Каримовага қарши иш очилгани ҳақида маълумотдан скриншот

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши очилгани тўғрисида эълон қилган хабарномага кўра, президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи “уюшган жиноий гуруҳ” аъзоси бўлган.

Прокуратура берган хабарда айтилишича, мазкур гуруҳни “Н.Содиқов, Р.Мадумаров, Г.Авакян ва бошқалар ташкил этган”. Прокуратурага кўра, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва унинг собиқ ҳисобчиси Нурмуҳаммад Содиқов томонидан бошқарилган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига доир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган.

“Хусусан, Г.Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А.Гафурова, А.Курбанов, Б.Сулейманов, Ш.Камильжанов, Р.Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда”, дейилади хабарномада.

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян май ойида узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, Гулнора Каримова дохил жиноий гуруҳ “давлат активларини сунъий пасайтирилган нархларда қўлга киритиш ва бошқа усуллар билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 5,5 млрд. Сўмлик, “Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan Ltd.” МЧЖ ҚК нинг 11,9 млрд. сўмлик, “Фарғона НҚИЗ” УШКнинг 40,1 млрд. Сўмлик, шунингдек бошқа корхона ва ташкилотларнинг 102 млрд сўмлик активлари талон-тарож қилинган ва ўзлаштирилган”.

“Тергов ҳаракатлари давомида етказилган иқтисодий зарарни тўлиқ қопланиши юзасидан чоралар кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда жиноий гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистондаги 457 млрд. сўмлик мулклари давлат даромадига ўтказилди”, дейилади яна расмий хабарномада.

Ўзбекистон Бош прокуратураси "уюшган жиноий гуруҳ" аъзоси Гулнора Каримовага нисбатан эҳтиёт чораси кўрилганми, йўқми очиқламади. Лекин президент қизининг ўзи сиздирган хабарларда уй қамоғида қолаётгани айтилади.

8 сентябрь куни эфирга узатилган OzodlikOnline дастурида Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда жиноий иш очилиши нимани англатади?, деган саволга жавоб изланди:

OzodlikOnlineнинг аудио варианти:

Гулнора Каримова Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилиши Европанинг бир неча мамлакатида президент Каримовнинг қизи ва унинг жиноий шериклари, дея кўрилаётган шахсларга нисбатан тергов давом этаётган пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ва унга яқин бўлган Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Швеция, Швейцария, Франция, Латвия ва Ҳолландияда пул ювиш, коррупция ва бошқа молиявий жиноятларда айбланмоқда.

Ўтган ҳафта, Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги жараёнлар Швециядаги жиноят иши тергови ёпилишига олиб келмаслигини билдирган эди.

- Ҳозир мавжуд вазиятда терговни ёпиш учун асосларни кўрмаяпман. Судга тақдим қилгани далил исботларни қўлга киритамиз, деган умиддамиз. Лекин ҳозирча буни аниқ ишонч билан айта олмайман,- дейди Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер.

Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони учун бу мамлакат президентининг қизига 350 миллион АҚШ доллари мидорида пора берганини исботлашга уринаётган бир пайтда 4 сентябрь куни катта қисми Швеция ҳукуматига қарши бу ширкат мулозими Тошкентга сафар қилди.

Швейцария прокурорлари Гулнора Каримова ўз шериклари билан биргаликда юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида ноқонуний йўл билан топилган маблағларни қонунийлаштиришга уринганликда гумон қилмоқда. Бу иш доирасида Швейцария банкларида Гулнора Каримовага оид 1 миллиард долларга яқин пул музлатиб қўйилган

Бундан ташқари Францияда Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган бир нечта кўчмас мулк объекти ҳибсга олинган.

Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда жиноий иш очилганига микрофонсиз суҳбатда муносабат билдирган Швеция прокуратурасининг исми ошкор этилмаслигини сўраган манбаси¸ бу ҳаракатни Каримованинг Европа банкларида музлатилган пул ва бошқа бойликларига "қўл узатиш" деб баҳолади:

- Гулнора Каримованинг Мадумаров ва Авакян бошчилигидаги жиноий гуруҳга аралашгани ва бу гуруҳнинг давлатдан ўғирлаган пулларининг Coca-Cola, Ўзбекистон ҳаво йўллари каби ширкатлардан келганини таъкидлаши Швейцарияда музлатилган пуллар манбаси телекоммуникация ширкатлари эмаслигини исботлашга қаратилган. Бу эса¸ ушбу пулларни Ўзбекистонга қайтариш уринишидир¸ деди швед прокуратураси вакили.

Аксар кузатувчилар ҳам Гулнора Каримова ва унинг шерикларини жиноий жавобгарликка тортиш орқали Тошкент ҳукумати Европада музлатилган маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга уринмоқда, демоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарномасида “уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига нисбатан жазо муқаррарлиги принципининг қатъий қўлланилиши таъминланади”, дея хулоса қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG