Линклар

TeliaSonera Швед – Фин ширкати Ўзбекистонда Coscom номи билан фаолият юритувчи шўъбасини валюта конвертацияси муаммоси туфайли сотиш ниятида экани тўғрисидаги хабар Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси вакили томонидан рад этилди. Бу ҳақда 8 сентябрь куни кечқурун Ўзбекистон матбуоти хабар тарқатди.

Аввалроқ Россиянинг Новости ахборот агентлигига таянган ҳолда бир қатор интернет нашрлар TeliaSonera вице президенти Эрик Халбергнинг ўтган ҳафта Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Ucell савдо белгиси остида уяли алоқа хизматини кўрсатувчи Coscom сотилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирган эди.

Мазкур хабарларда Халберг ўзбек томони билан музокараларда ширкат маблағини конвертациялаш тўғрисидаги масалани кўтаргани,агар бу масала ҳал этилмаса, шўъба сотилиши мумкинлигини айтгани ҳақида ёзилган. Ўша хабарларда конвертацияга рухсат бериш илтимоси Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қондирилмагани иддао қилинган.

12news.uz нашри 8 сентябрь куни кечқурун Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари Давлат қўмитаси вакилига таянган ҳолда, бу иддаолар асосиз экани ҳақида хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, Халберг билан учрашувда конвертация масаласи кўтарилмаган ва асосан ширкат фаолиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

TeliaSonera айни пайтда Coscom акцияларининг 94 фоизига эгалик қилади. 2012 йилда Швеция прокуратураси Ўзбекистонда фаолият юритиши учун амалдорлар ва нуфузли шахсларга пора берганликда айблаб, TeliaSoneraга нисбатан жиноят иши очган.

XS
SM
MD
LG