Линклар

logo-print

Беш ой газсиз қолган Ўшга газ қачон берилишини Миллер ҳам билмайди


"Газпром" ширкати раҳбари Алексей Миллер Бишкекдан Ўшга газ қувири ётқизмоқчи.

"Газпром" ширкати раҳбари Алексей Миллер Бишкекдан Ўшга газ қувири ётқизмоқчи.

Октябрь ойидан бошлаб Қирғизистонга арзон баҳода газ берилишини айтган “Газпром” раҳбари Алексей Миллер беш ойдан бери Ўзбекистон таъминотдан узиб қўйган Ўшга газ қачон берилиши ҳақида жўяли бир гап айтмади.

Бишкекда 8 сентябрь куни президент Алмазбек Атамбаев билан учрашганидан сўнг матбуот анжумани ўтказган “Газпром” раҳбари Алексей Миллер Ўшни газ билан таъминлаш учун Бишкекдан жанубий вилоятларга 600 километрлик газ қувури қуриш режаси борлигини маълум қилди. Миллер бу газ қувури қурилиши қачон бошланиши ва бунинг учун қанча маблағ ажратилиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ эканини билдирди.

-Ҳозир “Газпром” “шимол-жануб” газ қувирини барпо этишнинг оптимал йўлларини аниқлашга ҳаракат қилаяпти. Айни пайтда икки йўналиш танлаб олинди. Ҳар бир йўналишга учтадан лойиҳа варианти таклиф қилинмоқда. Мазкур узоқ муддатли лойиҳа мамлакатни газ билан узлуксиз таъминлаш муаммосини ҳал этади.

Алексей Миллернинг гапларидан келиб чиқиладиган бўлса, беш ойдан бери газсиз қолаётган Ўш шаҳрига газ таъминотини тиклаш масаласи ҳозиргача ҳал этилмагани аён бўлмоқда.

Ўзбекистон Ўшга газ беришни шу йилнинг 14 апрелида тўхтатган эди. Бунга 10 апрель куни “Қирғизгаз” “Газпром”га бир долларга сотилгани, бунинг ортидан Қирғизистонни газ билан таъминлаш ваколати тўлиғи билан Россия ихтиёрига берилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Президент Атамбаев “Газпром” билан бу борада шартномани имзолар экан, бундан буён Россия Қирғизистонни арзон ва узлуксиз тарзда газ билан таъминлашини, мамлакат Ўзбекистондан бўлган газ қарамлигидан қутилганини айтган эди. Бироқ президентнинг бу баёноти беш ойдан бери газсиз ўтирган ўшликларга “зангори олов” ўрнини боса олмаяпти.

Қирғиз расмийлари Ўшни газ билан таъминлаш масаласида Ўзбекистон билан олиб борилаётган музокаралар натижасиз якунланаётганини айтиб келмоқда. 8 сентябрь куни ўтган матбуот анжуманида ҳам Алексей Миллер Тошкент билан газ музокаралари қандай бораётгани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Президент Алмазбек Атамбаев эса ўшликларни яна сабр-тоқатга ундаб, “Газпром” яқин кунларда Қирғизистонда газ қазиб олишни бошлаши тўғрисида баёнот берди.

-Жорий йилнинг ноябридан бошлаб “Газпром” Жалолободдаги Майлисув ва Қўгарт конларидан газ қазиб олиш бўйича разведка ишларини бошлайди. Мазкур ҳудудда таҳминан 2,5 миллиард кубометр газ заҳираси бор,-деди Атамбаев Қирғизистон Мустақиллик куни муносабати билан 31 августда сўзлаган нутқида.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти вице спикери Бўдўш Мамирова яқин кунларда парламентда Ўшга газ бериш масаласи муҳокама қилинишини билдирди:

-Миллер келиб кетгани билан муаммони ҳал этиш йўллари айтилмади. Аксинча, Миллер ҳар келиб кетганида президент Атамбаев “қўшнилар бизга атайлабдан газ бермаяпти, бизга мана шундай салбий муносабатда бўлаяпти” қабилидаги тушунарсиз гапларни айта бошлади. Шунинг учун ҳам бу йил Ўшга газ берилмай қолади, деган хавотир бор. Сентябрь ойининг ўрталарида ҳукуматни парламентга чақирамиз. Ҳукумат газ таъминоти масаласида жавоб беради, -деди Бўдўш Мамирова.

Қирғизистон Ўзбекистондан ҳар йили 1 миллиард кубометрга яқин газ сотиб олар эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG