Линклар

Ленинград область суди Ўзбекистон фуқароси Зулфиқор Қодировнинг Россия Федерацияси ҳудудида қонуний меҳнат қилаётгани тўғрисида қарор чиқарди ва уни Хориж фуқароларини сақлаш марказидан озод қилди. Суд полиция ва Федерал миграция хизмати ходимларининг ўзбек муҳожирига нисбатан қилган ҳаракатларини ноқонуний, деб топди.

Ленинград область суди Ўзбекистон фуқароси Зулфиқор Қодировнинг Россия Федерацияси ҳудудида қонуний меҳнат қилаётгани тўғрисида қарор чиқарди ва уни Хориж фуқароларини сақлаш марказидан озод қилди. Суд полиция ва Федерал миграция хизмати ходимларининг ўзбек муҳожирига нисбатан қилган ҳаракатларини ноқонуний, деб топди.

Жорий йилнинг 23 июлида ўзбекистонлик Зулфиқор Қодиров Ленинград области Волхов шаҳри кўчаларидан бирида ҳужжат текшириш учун маҳаллий полиция ходимлари томонидан тўхтатилган.

Муҳожир йигит қайддан ўтгани тўғрисидаги ҳужжатини уйда қолдиргани сабабли полициячилар томонидан ҳибс этилган ва полиция бўлинмасига олиб кетилган, дейди Озодлик билан суҳбатда ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Петербургдаги “Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси” раҳбари Маҳмуд Маматмўминов:

- Зулфиқор Қодиров Красное Селодаги марказда 23 июлдан бўлган. Унинг укаси бизга баъзи кишилар тавсияси билан мурожаат қилган. У бизга полиция ходимларининг нотўғри ҳаракатларини тушунтириб берди. Оддий ишчи экан. Бизнинг жамғармага бўлган бундай мурожаатларни, аризаларни кўриб чиқиб, уни бефарқ қолдира олмаймиз, дейди Маҳмуд Маматмўминов.

Жамғарма раиси Волхов шаҳар суди Зулфиқор Қодировда ҳужжатлари жойида экани тўғрисидаги иддаоларини инобатга олмасдан, ўз қарори билан уни Россия Федерацияси ҳудудида яшаш қоидаларини бузганликда айбдор деб топди, дейди.

Бироқ, суднинг бу қароридан норози бўлган Қодиров Петербургдаги Муҳожирларга кўмаклашиш жамғармасига мурожаат қилган ва ташкилот адвокатлари ёрдамида судга аппеляция аризаси билан мурожаат қилган. Ҳимоячилар Ленинград вилоят судида Зулфиқор Қодиров ҳибс этилган пайтда Россия ҳудудида қонунан яшаб келгани тўғрисида инкор этиб бўлмайдиган исбот-далилларни келтирган. Маълум бўлишича, ўзбек муҳожири Россия ҳудудида яшашга рухсатномасини қонуний йўл билан “Ягона миграция марказида” узайтирган ва 2015 йилнинг 19 апрелигача ҳақиқий бўлган ишга рухсатномага эга бўлган.

Шунингдек, судда ҳимоячилар ҳибсга олинган Қодировга полиция бўлинмасида Россия Федерацияси қонунчилигида белгиланган таржимон тақдим этилмаган. Натижада, рус тилини яхши билмаган мигрант ўз фикрини назорат идоралари ходимларига аниқ-тиниқ тушунтира олмаган.

Олиб борилган суд-суриштирув натижасида ўзбекистонлик Зулфиқор Қодировнинг шикоят аризаси Ленинград вилоят суди томонидан қондирилди. Шу тариқа, суд Волхов полицияси ва Миграция хизмати ходимлари ноқонуний тарзда ўзбекистонликни ҳибсга олгани ва жавобгарликка тортилгани ўз исботини топди.

“Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси” раиси Маҳмуд Маматмўминов полиция ёки ФМС ходимлари ноҳақлиги аниқ бўлган вазиятлардагина суд тортишувларига аралашишни тавсия қилди.

- Лекин бу “Бўларкану!”, деган гап эмас: одамларимиз бунга ишониб қолмасин. Бу ерда ё полиция ходими ёки ФМС ходими ноҳақлик қилиб, бирор ерда хато қилиб ноҳақлик туфайли у одамга запрет босилаётган бўлган тақдирда бу ишни ютиб чиқиш мумкин. Ё бўлмаса бу одам уни ҳибс этганларга рус тилида ўз ҳолатини тушунтириб бера олмаган бўлсагина биз исботлаб олиб чиқяпмиз, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳмуд Маматмўминов.

Жамғарма раиси барча ҳужжатлари жойида бўлган марказий осиёлик фуқароларгагина суд маҳкамасида ёрдам кўрсатиш имкони борлигини яна бир бор эслатиб қўйди.

Таъкидлаш жойизки, Санкт-Петербург шаҳар суд приставлари 2013 йилнинг ўзида 1700 нафар меҳнат муҳожирини Россия ташқарисига чиқариб юборган. Бадарға қилинган шахсларнинг асосий қисми – Россияга меҳнат қилгани келган Ўзбекистон фуқароларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG