Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

Бухоро театри актёрлари пахта териш санъатини кўрсатмоқда


Бухоро театри актёрлари пахта даласида "жавлон" ураётгани сабаб саҳна ҳам бўшаб қолди
Бухоро театри актёрлари пахта даласида "жавлон" ураётгани сабаб саҳна ҳам бўшаб қолди

Садриддин Айний номидаги Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг санъаткорлари актёрлик маҳоратини пахта даласида оширадиган бўлди. Йигирма кишилик актёру мусиқачилар ва театр хизматчиларидан иборат гуруҳ 15 кун мобайнида ётоғи билан мажбуран пахта теримига жўнатилди. Ўн беш кундан сўнг театрнинг бошқа гуруҳи уларни алмаштиради.

Садриддин Айний номидаги Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг санъаткорлари 9 сентябрь куни эрталаб пахта теримига жўнатилди.

Бу ҳақда исми сир қолиши шарти билан Озодликка хабар берган театр актёрларидан бирининг айтишича, актёрлар ва мусиқачилардан иборат йигирма кишилик гуруҳ 15 кунга юборилган:

“Кеча эрталаб мажлис бўлди. Директоримиз Шамсиддин Йўллиев эртадан ҳамма пахтага чиқади деб айтди. Йигирма кишилик биринчи гуруҳ бугун эрталаб жўнаб кетди. Ўн беш кундан сўнг уларни бошқа гуруҳ алмаштиради. Менинг бармоқларим мусиқа чалишга кўниккан, пахтани қандай теради ҳайронман. Мени кейинги поток рўйхатига тиркашган. Директор кимки норози бўлса, ишдан кетиш ҳақида аризасини ёзсин, деб айтди”, деди театр санъаткори.

Бухоро театри актёрлари пахта териш санъатини кўрсатмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:25 0:00
Бевосита линк

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган театрнинг бошқа бир ходимига кўра, уларни пахтага чиқишга вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи мажбурлаган:

- Кеча мажлисда директоримиз айтдики, бу бошқарманинг буйруғи. Йигирма кишидан бўлиб "ночовка" билан боришга мажбур, деди. Ёши 50дан ўтган бир санъаткоримиз директорга касал отам бор, унга қарайдиган одам йўқ, мен боролмайман, деди. Директор эса, борасан, бўлмаса бошқармага бориб ўзинг гаплаш, деб айтди,- деди театр ходими.

Суҳбатдошга кўра, пахта терими саломатлигига тўғри келмайдиган ходимларнинг ҳам арзлари инобатга олинмаган:

- Санъаткорларимиз орасида аллергияси, астмаси бор одамлар бор. Улар дўхтирдан справкамиз бор дейишса, директор ўтмайди дейди. Ўзбекистонда яшайсанми, театрда ишлашни хоҳлайсанми, унда пахтага бор деяпти, деди театр ходимаси. Ахир санъаткорлар саҳнада ишлайман деб театрга ишга кирган, пахта тераман деб ишга келмаганку. Шуми энди санъаткорларга ҳурмат, шуми энди бизнинг қадримиз, деди театр ходими.

Театр оркестрида мусиқачи бўлиб ишлайдиган навбатдаги суҳбатдошнинг айтишича, театр ходимларининг пахта теримига чиқишини Маданият вазирлиги тақиқлаган:

- Ўтган йили ҳам биз пахтага ҳайдалгандик. Замминистримиз Фотиҳ Жалолов пахтадан кейин театримизга келган ва пахтага чиққанимизни эшитганидан сўнг, директорни койиган эди. Энди билишимча, бунинг ҳаммаси расмиятчилик учун экан. Вазирнинг ҳам, унинг ўринбосарининг гапи ҳам бизнинг бошқармамиз учун бир тийин экан. Вилоят ҳокими артисларингни пахтага чиқарасан, деб буйруқ берганда, бошқарма бошдиғи эса қалтираб хўп деган,- деди театр оркестри мусиқачиси.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ўлмасжон Рашидовга Озодлик қўнғироқ қилиб, уни пахта даласидан топди. Ўлмасжон Рашидов театр ходимларининг пахтага сафарбар этилганини тан олар экан, ҳашарчилар орасида театрнинг ижодий ходимлари йўқлигини айтди:

- Тўғри, ҳашарга чиққанмиз. Лекин театрнинг техник ходимлари пахта теримига чиққан. Улар орасида санъаткорлар йўқ,- деди бошқарма бошлиғи.

Озодлик Ўлмасжон Рашидов билан суҳбатлашгандан сўнг, яна театр ходимлари билан боғланди. Исми сир қолишини сўраган ходимнинг айтишича, бошқарма бошлиғи ёлғон гапирган:

- Рашидов сизга ғирт ёлғон гапирган. Йигирма кишидан 3-4 нафари театрнинг техник ходимлари бўлса бордир, қолганлари ижодий ходимлар. Мана сизга факт, актёрлар Фахриддин, Бозоров Раҳмат, театрда 35 йил ишлаган актёр Зайниддин Каримов, Илҳомжон Ражабов ва яна ўнлаб санъаткорлар айни пайтда пахта теряпти,- деди театр ходими.

Озодлик Бухоро театри ходимларининг мажбуран пахта теримига чиқарилаётгани юзасидан Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирликнинг ўзини Рустам деб таништирган мулозимига кўра, вазирлик театр ходимларининг пахта теримига чиқариш тўғрисида ҳеч қандай топшириқ бермаган:

- Бизга пахтага чиқаринглар деган топшириқ берилмаган. Бизнинг бундан хабаримиз йўқ ва бу масалани ўрганиб, жавобини айтамиз,- деди вазирлик мулозими.

Ўзбекистонда мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчиларини йилнинг тўрт фаслида турли ишларга мажбурий тарзда жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини пахта теримига мажбурий чиқаришни тўхтатганидан сўнг, асосий оғирлик бюджетдан маош олиб ишлайдиган идораларнинг ишчи-хизматчилари бўйнига тушмоқда.

XS
SM
MD
LG