Линклар

Бугун ўйинларнинг А гуруҳига киритилган Ўзбекистон чавандозлари “Кўпкари” мусобақасида Туркия спортчилари билан беллашади. Шунингдек, ўзбекистонлик спортчилар “Тўғиз кўргўл” интеллектуал ўйинида ҳам куч синашади.

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 9 сентябрда бошланган Биринчи Бутунжаҳон кўчманчи ўйинларида дунёнинг 17 давлатидан келган спортчилар, жумладан, Ўзбекистон спортчилари ҳам иштирок этмоқда.

Қирғизистон спорт қўмитаси хабарига қараганда, Ўзбекистон жамоаси чавандозлик ва интеллектуал спорт мусобақаларда иштирок этади.

10 сентябрда ўзбек чавандозлари Туркия билан “Кўпкари” мусобақасида беллашади.

11 сентябрда Ўзбекистонлик чавандозлар Қирғизистон, 12 сентябрда Афғонистон жамоаси билан финалга чиқиш учун мусобақалашади. Мазкур уч ўйинда Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозона олса 14 сентябрь куни ўтказиладиган финал ўйинларида иштирок этади.

“Кўпкари” мусобақасида жами 8 терма жамоа иштирок этмоқда. “Кўпкари” бўйича амалдаги Осиё чемпиони бўлган Қозоғистон жамоаси мазкур мусобақаларда иштирок этишдан номаълум сабабларга кўра бош тортган.

Шунингдек, ўзбекистонлик спортчилар “Тўғиз кўргўл” интеллектуал ўйинида ҳам куч синашади. Ҳозирча ўзбек жамоаси мазкур спорт тури бўйича қайси жамоалар билан беллашиши айтилгани йўқ.

Биринчи Бутунжаҳон кўчманчи ўйинларининг тантанали очилиш маросими 9 сентябрь куни кечқурун ўтказилди. Маросимда мингга яқин одам иштирок этган кўчманчилар цивилизацияси тарихини акс эттирувчи жуда қизиқарли ва ёрқин шоу намойиш этилди. Шоу дунёнинг 17 давлати – Озарбайжон, Австрия, АҚШ, Россия, Бразилия, Беларус, Германия, Қозоғистон, Литва, Ўзбекистон, Монголия, Афғонистонн, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Швеция ва Жанубий Кореядан келган спорт делегацияларининг паради билан якунланди.

Биринчи Бутунжаҳон кўчманчи ўйинларининг барча иштирокчиларини тантанада ҳозир бўлган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев қутлади.

Шунингдек, мусобақа иштирокчиларига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Афғонистон иккинчи вице президенти Муҳаммад Карим Ҳалилий, Халқаро футбол федерацияси –ФИФА президенти Йозеф Батлер ҳам табрик йўллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG