Линклар

Бўрибой Жўраев: Ўшда миллатлараро жанжалларнинг олдини олиш бўйича ишлаяпмиз

  • Шерзод

Миллатлараро муносабатларни яхшилаш йўналишида Ўшдаги мактабларда кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Миллатлараро муносабатларни яхшилаш йўналишида Ўшдаги мактабларда кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўшда сўнги 4 ойда миллатлараро низоларнинг олдини олиш юзасидан ташкил этилган жамоатчилик қабулхонасига ўттиздан ортиқроқ шахслар мурожаат қилган. Уларнинг барча мурожаатлари ижобий томонга ҳал этилган.

Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва миллатлараро муносабатлар бўйича Қирғизистон Давлат агентлигининг Ўшдаги жамоатчилик қабулхонаси миллатлараро низоларнинг олдини олиш йўналишида фаолият юритади. Мазкур қабулхонага ўшликлар орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган давлат ва жамоат арбоби Бўрибой Жўраев раҳбарлик қилмоқда.

Шу йилнинг май ойида ташкил этилган жамоатчилик қабулхонаси ходимлари сўнгги тўрт ой мобайнида ўттиздан ортиқ аризаларни ўрганиб, уларнинг барчасини ижобий томонга ҳал этган.

Бўривой Жўраевнинг айтишича, миллатлараро жанжаллар асосан ўзбек ва қирғиз ҳайдовчилари, умумий ётоқхонада яшовчи одамлар ва жамоат жойларида маст аҳволда бўлган шахслар ўртасида содир бўлмоқда.

Маориф вазирлиги томонидан ўзбек мактаблари битирувчиларининг олийгоҳга кириш учун давлат имтихонларини ўзбек тилида топшириш ҳуқуқидан маҳрум қилингани, тест имтихонларининг биринчи босқичи топшириб бўлинганидан кейингина ўзбек тилидаги имтихонларнинг қайта жорий этилгани, сўнгги олти ой ичида миллатлараро муносабатлар доирасида кузатилган энг салбий кўриниш бўлди.

Бўривой Жўраевга кўра, миллатлараро низолар юзасидан арзланган одамлар орадан кўп ўтмай ўз аризларини қайтариб олмоқда ва бунинг оқибатида айбдорлар жазоланмай қолаётир.

- Бизнинг камчилигимиз шундаки, элимиз шундай воқеалар бўлса, шуни яширишга, ўзаро келишиб олишга ҳаракат қилар экан. Аризасини қайтиб олар экан. Шундай ҳодисалар кўп бўлаяпди. Аввал келиб ариза беришади, кейин ота-оналар келади, ўртага тушади, айбдорнинг: “Қайта бундай қилмайман”, деган ваъдасини олиб, ярашиб кетаверади,- дейди Бўрибой Жўраев.

Жамоат арбоби маиший асосда юзага келаётган миллатлараро жанжалларга эътиборни кучайтириш ва уларни бартараф қилиш керак деб ҳисоблайди. Бўривой Жўраевга кўра, айнан шу каби воқеаларга эътиборсизлик натижасида 2010 йилда Ўш воқеалари содир бўлган.

- 2010 йил воқеалари арафасида фаоллар томонидан 2-3 ой миллатлараро жанжаллар рўйхатга олинган, “бу ерда муштлашув бўлди, у ерда муштлашув бўлди”, деб орган ходимлари ва мэрияга маълумот берилган. “Бир ойда 20та бўлди, икки ойда 30тага етибди, мана бунисида 50та бўлди”, деган ташвишли сигналларни берганмиз. Охири миллатлараро муштлашувлар сони ойига 150дан ортиб кетгандан кейин воқеа каттасига айланиб, июль воқеалари содир бўлди. Ҳозир шундай нарсаларни ўз вақтида олдини олишга ҳаракат қилаяпмиз,- дейди Бўривой Жўраев.

Айни пайтда ўшлик ўзбеклар орасида “куч тизимларига ариза ёзсанг эътибор берилмайди ёки ўзинингни айбдор қилишади”, қабилида фикр юритиш одатга айланган. Бўривой Жўраев бу каби фикрлаш нотўғри эканини, миллатчилик қилган ҳуқуқ-тартибот ходимларига нисбатан ҳам жамоатчилик қабулхонаси талаби билан жазо чоралари қўлланилганини айтди:

- Бирорта орган ходими нотўғри ҳати-ҳаракат қилган бўлса, биз албатда ўша одамнинг устидан ариза ёзиб, уларни прокурорга, Миллий хавфсизлик хизматига, мэрияга жўнатамиз. Республика даражасида ҳал қилинувчи ишлар бўлса, миллатлараро муносабатлар Давлат агентлигига етказамиз. Бу каби масалаларда жамоатчилик фаол бўлиши керак, акс ҳолда бу ишлардан самара бўлмайди, - дейди Бўривой Жўраев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG