Линклар

logo-print

7 сентябрь куни Тошкентдаги Pepsi компанияси бош офисида акция ютуқларини тарқатиш пайти ғолиблар ўртасида муштлашув келиб чиқди. Ушбу можаро ортидан ширкатнинг бир неча ходими ҳибсга олинган, акция ютуқларини тарқатиш эса тўрт кунга кечиккан.

Pepsi компанияси ўтказган “Жамоаларни тўпланг – Совғаларга эга бўлинг” акцияси ғолиблари ўз ютуқлари вақтида берилмаганидан норози бўлиб, Озодликка мурожаат қилишди.

Тошкент шаҳрида яшовчи Нигора ўғли Pepsi акциясида иштирок этиб, сувенир копток ютгани, лекин совғадан дарак йўқлигини айтади.

- Олтита футболчининг исмини йиғиш керак эди. Шу футболчиларнинг исми код шаклида Пепси қопқоқларига ёзилган. Агар олтита рақам топса, соврин берилади. Ўғлим копток оламан, деб роса ҳаракат қилди. Лекин совғасини бермади. Ғолибни телефон қилиб чақириши керак эди, чақирмадиям. Ҳеч қанақа боланинг ҳали совға олганини эшитмадим. Совғадан ҳеч қанақа дарак йўқ,- дейди Нигора.

Бу каби норозиликлар Facebook, Twitter, Odnoklassniki каби ижтимоий тармоқларда кўплаб учрамоқда.

Жумладан, Facebookдаги "Жамоатчилик назорати" (Общественный конт-роль) гуруҳида тўрт кундирки, Pepsi акциясига норозиликлар билдирилмоқда.

Daryo.uz сайти ҳам “Pepsi компанияси ўзи эълон қилган акция шартларини бажармасликда айбланмоқда” номли мақоласида ушбу муаммога тўхталган.

Pepsi компанияси юзага келган вазият бўйича акция ғолибларига ҳеч қандай расмий изоҳ бермагани шикоятлар сонининг кўпайшига сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

Озодлик мухбири Pepsi компанияси билан боғланиб, акция ютуқларини бериш кечикаётгани сабабларини сўради.

Мазкур ширкатнинг исмини очиқламаётганимиз расмийси совғаларнинг ўз вақтида берилмаётганига бир неча сабабни кўрсатди.

Расмийга кўра, акция совғаларини тарқатиш белгиланганидек, 6 сентябрь куни бошланган, лекин шу куни техник муаммога дуч келинган:

“Биз бунақа катта ажиотаж бўлади, деб ўйламаган эдик. Шу куни мурожаатлар сони жуда кўплигидан компьютер серверининг кучи етмай қолди. Сервер сбой берганидан сўнг, программа ишдан чиқди ва биз совғаларни тарқата олмай қолдик”, дейди суҳбатдош.

Расмийга кўра, 7 сентябрь куни совғаларни тарқатиш давом эттирилган, лекин акция ғолиблари орасида муштлашув келиб чиққан:

“7 сентябрда нормал ишлаймиз, деб ўйлагандик. Лекин жуда кўп одам келди. Биз битта точкада кун давомида 200-300 одамга хизмат кўрсатамиз, деб режалаштиргандик. Лекин бирданига бир пайтнинг ўзида 500-600 одам келди. Одам кўплигидан навбатларда тартибсизлик келиб чиқди. Одамлар компьютерда ўтирган қизимизни ўлдириб қўйишига оз қолди. Кейин навбатда турганлар бир-бири билан муштлашиб кетди. Бунинг ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари чақиртирилди”, дейди Pepsi расмийси.

Унинг айтишича, милиция ходимлари юзага келган можаро ортидан Pepsi ширкатининг бир неча ходимини ҳибсга олиб, кейинчалик қўйиб юборган. Шунингдек, акция совғаларини тарқатиш вақтинча тақиқланган.

Pepsi компаниясидан олинган сўнгги маълумотга кўра, 10 сентябрь куни ҳар бир бўлимга қўшимча милиция ходимлари бириктирилган ва акция совғаларини тарқатиш қайта йўлга қўйилган.

Pepsi расмий сайтидаги маълумотга кўра, акция боис юзага келган ажиотаж ва можаролар боис 12 сентябрдан бошланадиган акциянинг иккинчи босқичига ўзгартириш киритилиб, бир кишига учтадан ортиқ совға ютиш чеклаб қўйилган.

Pepsi компанияси Мустақиллик байрами арафасида бошлаган “Жамоаларни тўпланг – Совғаларга эга бўлинг” акциясида ғолибларга уч хил совға - сувенир копток, сувенир стакан ва Pepsi рамзи туширилган сумка ажратилган.

Бу совғаларни ютиш учун футбол юлдузлари исми туширилган олтита Pepsi қопқоғини йиғиш лозим.

Озодликнинг Тошкентдаги мобил мухбири ўрганишича, ҳозирда Pepsiнинг сувенир коптогини дўкондан тахминан 12 минг сўмга харид қилиш мумкин. Айни пайтда Pepsi акциясида иштирок этиб ушбу коптокни ютиб олиш учун тахминан шунча маблағ сарфлаш лозим.

Бугунги кунда Тошкент дўконларида Pepsiнинг 1,5 литри 3790 сўм, 1 литри 2790 сўм, 0,5 литри 1790 сўмга сотилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG