Линклар

Тошкентдаги бизнеси тортиб олинган уч ака-укадан бири қамоқдан чиққач, жони узилди


Ўтган ҳафта Тошкент марказидаги “Комфорт-элит” мебель магазинларининг эгаси бўлган уч ака-укадан бирининг қамоқдан чиққач оламдан ўтгани маълум бўлди..

Уч ака-укадан бири Жаслиқда жазо ўтаëтгани ва яна бири чет элга қочиб кетгани Озодлик ўтказган журналистик суриштирув давомида аëн бўлди.

37 яшар тадбиркор Нажмиддин Абдужабборовнинг жанозасида қатнашган Озодлик манбасиниг айтишича, марҳум Намангандаги қамоқда сил касалига чалингани боис муддатидан олдин озод қилинган ва уйига келиб оламдан ўтган.

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Тошкент марказидаги “Комфорт-элит” мебель магазинлари эгалари - уч ака-ука Абдужабборовлар 2011 йил баҳорида рейдерлик тажовузларига нишон бўлган:

“Ака-укалар очган “Комфорт-элит” дўкони Тошкентдаги баъзи каттаконларни назарига тушди. Кейин улар маҳкамага тортилди. Магазинлар мухрланди. Магазиндаги товарлар мусодара қилинди. Нажмиддин ва унинг катта акаси қамалди. Ширкатнинг ҳисобчиси ҳам қамалди. Битта акаси қочиб кетди.”- дейди Озодлик манбаси.

Ака-ука Абдужабборовларни яқиндан билганлардан бири, Ўзбекистон вазирликлардан бирининг мулозими исми айтилмаслиги шарти билан Озодликка баъзи маълумотларни очиқлади:

“Комфорт-элит” дўкони ака-укаларники эди. Акаси Рамзиддин 3 йилдан бери Жасликда ўтирибди. Ему обещают что он оттуда "живьем" не выйдет. Укаси Нажмиддин Попдаги турмада ўтирганди. Соппа-соғ бола эди силга чалиниб қайтиб келди. Бир ҳафта олдин тўсатдан ўлиб қолди. Беш нафар қизи чириллаб юришибди”, деб таъкидлаган суҳбатдош марҳум Нажмиддин Абдужабборовнинг бизнеси МХХдаги ака-ука Ҳаëт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг рейдерлик тажовузига нишон бўлганини иддао қилди:

- Ҳа, уларни хамма билади. Ҳаëт ва Жавдот Шарифхўжаевлар буйруғи билан буларнинг бизнеси синдирилди. Ҳатто мусодара қилинган мебелларни аслларидан уларга ҳам текканмиш. Хозир Ҳаëт ва Жавдот Шарифхўжаевлар ишдан олинди, камокда дейишади, лекин уйидан ҳар куни ўзининг служебний мерсида чикиб кетади. Ҳаммаси ўйин, тепани алдашдан бошқа нарсамас. Ҳатто Жавдатни ховлисидаги дорожкаларни тафтишчилар отбойный молотоклар билан илма-тешик қилиб ташлашларини видеога туширишганда ҳам хотинлари кулиб, қўшниларга "это они для отчета делают, у нас давно уже все за кордоном", деганмиш. Халқчилик, энди ҳамма кўриб турибди шоу-балетни. Уларку қутулар лекин уларнинг зулми боис турмада қолаëтган ака –укаларнинг тақдири остин- устин бўлди. Акаси Рамзиддинни чиқаришмас экан¸ умрингнинг охиригача ўтирасан, дейишган .Лекин Нажмиддинни врачлар бир ҳафта умри қолган дейишгандан кейин, турмада ўлиб қолса биздан кўришмасин деб, сал олдин уйига юборишибди. Уйда ўлди Уйида беш кизчасини қолдириб кетибди¸ дейди суҳбатдош.

“Комфорт-элит” дўконида бир муддат ишлаган ва ўзини Сирожиддин, деб таништирган тошкентлик 31 яшар йигит Озодлик билан суҳбатда ака-ука тадбиркорлар тақдири нега бундай ниҳоя топгани борасида аниқ хулосага келмаганини таъкидлади:

- Уларни "Ойбек"даги марказий энг катта магазинлари бугунгача бўм-бўш турибди. Бутун сеть дўконларидаги моллари суд ҳукми билан мусодара қилинган. Олиб қўйилган. Ҳозиргача оиласи ҳайрон нимага уларни "синдиришганини" сабабини тушунишолмаганидан.¸ дейди суҳбатдош.

Расмий айблов

Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ 2011 йил март ойида Тошкентдаги Италия ва Испаниядан келтирилган элита мебеллар савдоси билан шуғулланувчи йирик "Комфорт-Элит" дўконлар тармоғи устидан текширув бошланган.

Манба таъкидига кўра¸ ширкат раҳбарияти давлат ғазнасидан айлантириб ўтиш йўли билан 6 миллиард сўмдан зиёд (3,6 миллион АҚШ доллари) пулни ўзлаштиришни режалаштирганликда айбланган.

Суҳбатдошнинг айтишича¸ дўконлардан қаердан келтирилганини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган қиймати 10 миллард сўмдан зиёд (6 миллион АҚШ доллари) товар маҳсулотлари мусодара қилинган.

"Комфорт-Элит" дўконлар тармоғи "Komfort LTD", деб аталувчи Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирлиги қўшма корхонаси сифатида намаганлик уч ака-ука Абдужабборовларга тегишли бўлган.

Бу ширкатга ҳозирда Жаслиқда жазо ўтаëтган Рамзиддин Абдужабборов раҳбарлик қилгани ҳам билдирилди.

Хозирги кунда "Комфорт-Элит" дўконлар тармоғи асли бухоролик юрист Эркин Нарзиевга тегишли эканини Озодликнинг бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади.

Эркин Нарзиев россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Саодатнинг қизига уйланган.

МХХ даги коррупционерлар муваффақиятли бизнесни талан-тарож қилишди

Францияда қайддан ўтган "Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Отаева 37 яшар тадбиркор Нажмиддин Абдужабборов ўлими юзсидан суриштирув асносида МХХ даги коррупционерлар муваффақиятли бизнесни талан-тарож қилишди, деган хулосага келди:

- Ўзбекистон МХХсида муваффақиятли бизнесни талан-тарож қилиш систематик кўриниш касб этган. Бу уларнинг тирикчилигига айланган. Муваффақиятли бизнес худди эстафета байроқчаси каби қўлдан қўлга ўтади. Абдужабборовлар ҳаракати билан фойда келтирадиган бизнесга айланган "Комфорт-Элит" дўконлар тармоғи МХХ мулозимлари Ҳаëт ва Жавдат Шарифхўжаевлар тарафидан талон-тарож қилинди ва пировардида ким ошди савдоси орқали учинчи қўлга ўтди, дейди "Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Отаева Озодлик билан суҳбатда.

"Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" ўтказган суриштирув давомида аниқланишича, 37 яшар тадбиркор Нажмиддин Абдужабборов ўлимидан олдин Наманган вилояти Поп туманидаги УЯ 64/32 колониясида жазо ўтаган. Абдужабборов силга чалинганидан кейин Зарфшондаги қамоқхонага ўтказилган. Ўлимидан сал олдин Тоштурмага олиб келиниб, касаллиги боис озод қилинган.

"Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари уюшмаси" раҳбари Надежда Отаевага кўра, 37 яшар тадбиркор Нажмиддин Абдужабборов рейдерлик ва қийноқ қурбони бўлган.

МХХда "жиддий тозалашлар”кетмоқда

Озодлик манбаларининг айтишича, тадбиркорлар мулкини талон-тарож қилган МХХ ходимларидан баъзилари жазога тортилган.

Хавфсизлик хизмати ходимларининг қамалганини иддао қилган норасмий манбаларга кўра, МХХда "жиддий тозалашлар кетмоқда".

Озодликка исми сир қолиши шарти билан маълумот берган Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларидаги манбанинг иддао қилишича, МХХнинг Озодликдан маҳрум қилинган 12 ходими Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматидаги энг ëш генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев бошчилик қилган гуруҳнинг аъзоларидир.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин яна бир манба эса МХХ раиси ўринбосари, генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг укаси Жавдат Шарифхўжаев айни дамда "ишдан бўшатилгани ва тергов қилинаëтгани"ни иддао қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG