Линклар

Петербург полицияси жорий йилнинг 6 сентябр куни шаҳарнинг Приморский туманида топилган, кўринишидан 7 яшар муҳожир боланинг яқинларини изламоқда. Ўғил бола ҳозирда шаҳар болалар шифохонасида врачлар назоратида қолмоқда.

Ўтган шанба куни Санкт-Петербургнинг Комендантский проспектида кетаётган йўловчилар кўчада қаровсиз юрган ва кўринишидан осиёлик бўлган болага эътибор қилган. У узоқ вақт болалар майдончасида ўйнаган ва кейин қаергадир кетиб қолган.

Кўп ўтмай у полиция бўлимига ўзи кириб келди, дейди Озодликка Петербургдаги Болалар ҳуқуқлари ҳимоячиси Светлана Агапитова ёрдамчиларидан бири.

- Ташқи кўринишидан ва антропометрик кўрсаткичлари асосида врачлар ўғил бола тақрибан 7 ёшда эканини аниқлашди. Рус тилини билмайди, лекин бироз тушунади, қайси тилда суҳбатлашаётгани ҳам ҳозирча номаълум. Гап шундаки, бола ҳозир Цимбалина номидаги болалар шифохонасига юборилган ва у расман полиция қарамоғида, яъни бизга берилмаган. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот ходимлари боланинг ота-онасини қидиришмоқда, деди Болалар омбудсмани ваколатхонаси ходимаси.

Светлана Агапитова ёрдамчиси полиция ҳозирча боланинг фотосуратини тақдим этмагани ва ўз кучи билан қидираётганини билдирди.

Олинган маълумотларга кўра, Петербургнинг Комендантский проспектидаги 17 уй яқинидан топилган бола ота-онасини йўқотиб қўйганини тушунтирган. Шифокорлар бола яхши кийингани ва парваришланганини таъкидлашмоқда.

Цимбалина номидаги қаровисиз қолган болалар реабилитацияси тиббий марказида Озодликка бола соппа-соғ экани ва ўзини яхши ҳис этаётганини айтишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG