Линклар

АҚШ иттифоқчилари билан “Исломий давлат”га қарши кураш бошлайди


"Исломий давлат" жанггарилари Ироқ кўчаларида.

"Исломий давлат" жанггарилари Ироқ кўчаларида.

АҚШ президенти 10 сентябрь куни саноқли ойлар ичида Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудини ишғол қилиб¸ бу ҳудудларда исломий халифат ўрнатганини иддао қилаëтган экстремист гуруҳни йўқ қилишга қаратилган кураш стратегиясини эълон қилади. 40 дан ошиқ давлат қўшилган халқаро коалиция етакчиси сифатида АҚШ ҳарбийлари ўзини “Исломий давлат” деб атаëтган террорчи гуруҳнинг Ироқ¸ қолаверса Суриядаги истеҳкомларини ҳаводан туриб йўқ қилишга киришиши кутилмоқда.

Ўзини “Исломий давлат” деб атаëтган гуруҳни йўқ қилишга қаратилган стратегиясини 11 сентябрь воқеалари хотирланиши арафасида эълон қилиш арафасида президент Обама Конгресс етакчилари билан учрашди.

Бу учрашувда террорчи гуруҳнинг Суриядаги истеҳкомларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштириш режаси тилга олинди¸ деб хабар қилди АҚШ матбуоти.

Айтилишича¸ Ироқ ва Суриянинг каттагини қисмини ишғол қилиб¸ бу ҳудудларда мисли кўрилмаган “диний тозалаш” ўтказишга киришган жанггариларни аввалига тўхтатиш¸ сўнгра бутунлай йўқ қилиш учун¸ АҚШ асосан аниқ нишонга олувчи ҳаво ҳужумларидан фойдаланмоқчи.

Обама “Исломий давлат”га қарши кураш стретегиясини эълон қилиши арафасида Яқин Шарқ¸ хусусан¸ Ироқ ва Шом бўйича таҳлилчи¸ Озодликнинг Ироқ хизмати раҳбари Сергей Данилочкин¸ АҚШ ҳарбий учқичларининг “Исломий давлат” назоратидаги Ироқ ҳудудларига уюштираëтган ҳаво ҳужумлари самара бераëтгани ва ушбу гуруҳ экспансияси нисбатан тўхтаганини билдирди.

Ироқ ва Шом ҳудудида исломий халифат ўрнатилганини иддао қилаëтган жанггарилар назоратидаги минтақалар аҳолисининг бугунги ҳаëти қандай¸ деган саволган Сергей Данилочкин¸ ҳукм сураëтган вазиятни хаос деб атади:

- Жанггарилар ўзлари ишғол қилган ҳудудда бундан сўнг шариат қонунлари амал қилишини эълон қилдилар. Лекин улар қўллаëтган қоидалар аксар мусулмонлар билган-тушунган шариатга кўп ҳам мос келмаëтир. Масалан¸ улар аҳолини икки гуруҳга бўлдилар – мўмин мусулмонлар ва мўмин бўлмаганлар. Кейинги гуруҳга нафақат бошқа дин ëки мазҳаб вакиллари¸ ўзини сунний мусулмон деб билгувчи¸ аммо жанггариларга ëқмаëтганлар ҳам бор.

Кейинги гуруҳ олдида¸ жанггарилар талабича битта йўл бор – нотўғри йўлдан қайтиб¸ улар кўрсатаëтган ҳақ йўлга ўтиш¸ ëки улар қўлидаги ўққа нишон бўлиш. Анбар вилоятидан олинган сўнгги хабарларга кўра¸ ҳақ йўлга ўтамиз¸ деб дала қўмондонларидан бири ҳузурига борганлар дом-дараксиз ғойиб бўлган. Афтидан¸ уларни ҳақ йўлга қайтишга нолойиқ деб топган жанггарилар¸ улардан ўқларини аяб ўтирмаган. Одамлар¸ мусулмонлар¸ қолаверса¸ ғайридинларга нисбатан бундай шавқатсиз террорнинг исломга қанақа алоқаси борлигини тушуна олмай ҳайрон ¸ дейди Сергей Данилочкин.

Ўзини асл ислом шариатини ўрнатувчи сифатида бундан аввал майдонга чиққан Афғонистон толиблари дастидан энг кўп зиëн кўрган хотин-қизлар бўлган эди. Таҳлилчи фикрича¸ “Исломий давлат” терроридан ҳам энг кўп азият чекаëтганлар¸ яна аëллар ва болалардир:

- Бундан икки кун аввал Мосул касалхонасида ишловчи икки мусулмон врач¸ жанггарилар жорий қилган шаклда кийинмагани¸ аниқроғи бошини рисоладагидай ўрамагани учун¸ жамоатчилик олдида қатл қилинган. Бу аëллар¸ тахминимизча¸ касб тақозо боис¸ балки операцияга халал бермаслик учун¸ ҳижоб киймаган. Бундай қатл орқали жанггарилар¸ жамоатчиликни ë ўз талаб-қоидаларини қабул қилиш¸ ëки ўққа нишон бўлишдан яна бир бор огоҳлантирди¸ дейди Сергей Данилочкин.

Гарчи аксар аҳоли орасида бундай шариатдан норозилик кучайиб¸ сунний мусулмонлари¸ ҳатто¸ бу гуруҳ билан яқинларгача ҳамкорлик қилиб келган баасчилар ҳам бундай террордан қочиб қутула олмаëтган бир пайтда¸ оддий аҳоли ҳозирча бу зулмга қарши эътироз билдириш имкони йўқлиги боис сукут сақламоқда¸ деб қўшимча қилади Сергей Данилочкин.

АҚШ ҳарбийлари “Исломий давлат” истеҳкомлари ва етакчиларини аниқ нишонга олишни давом эттириб¸ бу гуруҳ ишғол қилган ҳудудларни озод қилишга ўтса¸ таҳлилчи таъкидича¸ мазкур ҳудудларда ҳукм сураëтган террор манзараси аниқ намоëн бўлади.

XS
SM
MD
LG