Линклар

logo-print

Муниса Ризаеванинг маъмури товламачиликда гумонланмоқда


Иддаоларга кўра, маъмур Жаҳонгир хонанда Муниса Ризаевани (суратда) ҳам "анча пулга тушириб" кетган.

Иддаоларга кўра, маъмур Жаҳонгир хонанда Муниса Ризаевани (суратда) ҳам "анча пулга тушириб" кетган.

Эстрада хонандаси Муниса Ризаеванинг маъмури Жаҳонгир одамлардан каттагина пул олиб, кўздан ғойиб бўлган. Озодлик манбаларига кўра, Жаҳонгир Муниса Ризаева ва ўзбек шоу бизнесининг бошқа айрим вакиллари номидан “заклад” олиб, хорижга қочиб кетган.

Жаҳонгирнинг мўмайгина пул билан “қуён бўлгани” ҳақида Озодликка хонанда Муниса Ризаевага яқин кишилардан бири маълум қилди. Унинг айтишича, Жаҳонгир одамлардан пулларни турли баҳоналар билан олган.

- Одамлардан пул олган. Ўзига қарзга, унга-бунга сўраган. “У артистни гаплашиб бераман, бу артистни гаплашиб бераман” деб, ҳамма одамлардан олган ҳар хил пулларни.

Озодлик: Мунисанинг номидан ҳам олганми пулларни?

- Ҳа. Тўйга “заклад” деб олган-да. Ҳозир (Муниса) шу пуллар эвазига тўйларга бориб беряпти. Кўп жойларга текинга боряпти. Бир хил жойдан 300 (АҚШ доллари назарда тутилмоқда – таҳр.) олган, 200 олган, - дейди Муниса Ризаевага яқин манба.

Айни пайтда суҳбатдошимиз айрим нашрларда “Жаҳонгир ноябрь ойигача бўладиган тўйлар учун заклад олиб қўйган”и ҳақида келтирилган маълумотлар тўғри эмаслиги ҳам қўшимча қилди.

- Сентябрь ойи охиригача олинган, октябрь ойи учун эса беш-олтита тўй олинган, - деди Озодлик манбаси.

Унинг айтишича, Жаҳонгир кўздан ғойиб бўлганидан кейин унга пул берган кишиларнинг айримлари саросимага тушиб, айримлари эса ғазабланиб, милицияга шикоят қилган. Товламачилик ҳиди келиб турган бу иш юзасидан хонанда Муниса Ризаева ҳам ички ишлар идораларига чақирилган.

“Бу ишлардан Мунисанинг хабари йўқ эди” деган Озодлик манбаси ҳозир хонанда ҳам мазкур иш бўйича жабрланувчига айланганини айтади. Чунки, суҳбатдошимизга кўра, Жаҳонгир Муниса Ризаевадан ҳам жуда катта миқдорда пул олган. Озодлик манбаси “Жаҳонгир Мунисадан қанча пул олган?” деган саволга жавобан аниқ бир рақам айтмади. Бироқ, унинг ишора қилишича, Жаҳонгир Мунисадан олган пулга озроқ минилган иккита Ласетти олиш мумкин эди. Бу пулларни Жаҳонгир хонандадан қарзларини ёпиш учун олган.

“Муниса Жаҳонгирнинг қарзларини тўлашга мажбур эмасди-ку, нега унга пул берган?” деган саволимизга суҳбатдошимиз қуйидагича жавоб берди:

- Обязанмас эди, лекин Муниса ҳар тарафлама тўғри тушунадиган қиз. “Шароитим шунақа, болаларим бор, жиндек ёрдам беринг” деб, илтимос қилган-да, - дейди Муниса Ризаевага яқин манба.

Суҳбатдошимизга кўра, Жаҳонгирнинг уч фарзанди ва ой-куни яқин бўлган хотини айни пайтда Тошкентда, собиқ маъмурнинг ўзи эса Москвада экани тахмин қилинаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG