Линклар

Хиндистон, Поркистон ва Эроннинг ШҲТга аъзо бўлиш нияти билдирилганига қарамай, ташкилот бош котиби Дмитрий Мезенцев Душанбе саммитида янги аъзоларни қабул қилиш масаласи муҳокама қилинмаслигини билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Душанбеда 11-12 сентябрда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити олдидан “Российская газета”га ёзган мақоласида ташкилотга раислик қилиш ваколати Москвага ўтишини ва бунинг ортидан ташкилотга янги аъзоларни қабул қилиш жараёни бошланиши мумкинлигини таъкидлаган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш истагини Хиндистон ва Покистон билдириб келмоқда. Ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Эрон ҳам мана шундай ниятда экани айтилади. Бироқ Хиндистон ва Покистон ўртасидаги Кашмир муаммоси, Эроннинг халқаро ҳамжамиятдан изоляция қилингани бу ниятнинг амалга ошишига тўсиқ бўлиб келаётган омиллар қаторида тилга олинади.

Таҳлилчилар фикрича, Украина бўҳрони ортидан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан Россияга нисбатан санкцияларнинг жорий қилиниши Москвани Осиёдаги ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга ундамоқда. Бунинг натижасида эса Хиндистон, Покистон ва Эрон ШҲТга аъзо сифатида қабул қилиниши мумкин.

-ШҲТ катта сиёсий майдон. Бугунги кунда АҚШ ва ғарб давлатлари Эрон, Хитой ва Россияга босим ўтказишга ҳаракат қилиб келмоқда. Албатта, бундай вазиятда мазкур мамлакатлар сиёсий жиҳатдан бирлашиб, хавфсизлигини мустаҳкамлашга мажбур бўлади, -деб ҳисоблайди Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов.

Ташкилот бош котиби Дмитрий Мезенцев матбуотга берган суҳбатида Душанбе саммитида янги аъзоларни қабул қилиш масаласи муҳокама қилинмаслигини билдирди. Бироқ Душанбе саммитида ташкилотга аъзо бўлиш тартиб-қоидалари қабул қилинади ва бунинг натижасида ШҲТни янги аъзо давлатлар ҳисобидан кенгайтириш имконияти яратилади.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Душанбе саммити олдидан Хиндистон ва Покистон ташкилот аъзолигига қабул қилиниши мумкин бўлган номзордлар эканини айтди. Айни пайтда Ушаков “Эроннинг аъзолик масаласи БМТнинг мазкур мамлакатга жорий этган санкциялари амалда эканини ҳисобга олган ҳолда ортга сурилиши мумкин”, деб эътироф этди.

Хабарларда айтилишича, Душанбе саммитида Украинадаги бўҳрон ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бундан ташқари саммит доирасида Россия президенти Хитой ва Монголия раҳбарлари билан учрашиб, Хитой орқали Монголияга газ қувири ётқизиш масаласини муҳокама қилиши айтилмоқда.

Президент Владимир Путин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан ҳам яккама-якка учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистондан ташқари Тожикистон, Россия, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо давлат ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG