Линклар

ЕИнинг Россияга қарши навбатдаги санкциялари эртадан кучга киради


Европа Иттифоқи расмийларининг Озодликка айтишича, Россиянинг Украина бўҳронидаги ролига жавобан жорий қилинадиган янги санкциялар 12 сентябрдан кучга киради.

Санкциялар Европа Иттифоқининг “Расмий Журнал”ида эълон қилинган кундан бошлаб амал қила бошлайди.

Санкциялар жумласига Россиянинг Роснефть, Транснефть ва Газпром Нефть каби йирик ширкатларига ЕИ молиявий ёрдами ва кредитларини беришни тақиқлаш чоралари ҳам киради.

Янги жазо чоралари ЕИ етакчилари тарафидан 5 сентябрь куни НАТО саммити ташқарисида келишиб олинган ва 8 сентябрь куни Брюсселдаги учрашувда маъқулланган эди.

Лекин шарқий Украинада Киев ҳукумати билан россияпараст айирмачилар ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувига қандай амал қилинаётганини баҳолаш учун санкцияларни эълон қилиш кейинроққа қолдирилган эди.

Айни пайтда Польша ҳукуматининг билдиришича, 8 сентябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги санкцияларга жавобан “аксилчора” кўриш билан таҳдид қилганидан бери Россиядан Польшага узатиладиган газ ҳажмини 45 фоизга қисқартирган.

XS
SM
MD
LG