Линклар

“Левада маркази” жамиятшунослари Россия президенти Владимир Путиннинг давлат раҳбари мақомидаги фаолиятига баҳо беришни сўраб россияликларга мурожаат қилди. Айрим россияликлар Владимир Путиннинг халқаро саҳнадаги ютуқлари ва мамлакатнинг ҳарбий потенциалини оширганига эътибор қаратган бўлса, бошқалар давлат ичкарисидаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганини эътироф этди.

2014 йилнинг август охирларида Москвада жойлашган “ЛЕВАДА-МАРКАЗ” тадқиқотчилари Россия раҳбари Владимир Путин фаолиятига баҳо беришни сўраб, оддий россияликларга мурожаат қилди.

Россиянинг 46 минтақасида ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 30 фоизи Путин Россиянинг халқаро саҳнадаги обрўсини оширганига ишонишини билдирган.

Респондентларнинг 29 фоизи президент Путинни мамлакатда тартиб ўрнатган ва давлат ичкарисида сиёсий мувозанатни сақлаб турган шахс деб атаган. Шунингдек, 28 фоиз сўровда иштирок этган россиялик Владимир Путин Россия Қуролли кучлари жанговарлик қобилиятини оширганидан мамнун эканини билдириб, бу соҳада олиб борилган ислоҳотларни ижобий баҳолаган.

ЛЕВАДА ўтказган сўровдан аëн бўлишича¸ россияликларнинг 25 фоизи Путин ҳокимияти даврида эртанги кунга ишонч билан қаровчи ва вазият бунданда яхшиланишига ишонувчи оптимистга айланган. Сўров давомида Россия президенти ютуқлари сирасига мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти (22%), МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик ўрнатиш (17%), коррупция ва порахўрликка қарши кураш (13%) ва олигархлар яккаҳокимлигининг чекланиши (11%) кириши қайд этилди.

“Левада-Марказ” социологлари олиб борган сўровга кўра, 35 фоиз россиялик Владимир Путиннинг Россия ичкарисидаги вазиятга таъсири ошганини эътироф қилган ва бу таҳлилчилар таъкидича¸ Путин рейтингининг ошганини кўрсатади. Жорий йилнинг феврал ойида Путиннинг бу соҳадаги кўрсаткичи атиги 16 фоизни ташкил этган эди.

Айни пайтда, ижтимоий сўров Россияни 1999 йилдан буён бошқариб келаётган Владимир Путиннинг ахлоқ (2%), демократия (3%) ва россияликларнинг сиёсий ҳуқуқлари ҳимояси (4%) борасидаги рейтинги ўта пастлигини кўрсатди.

Сўровда иштирок этган россияликларнинг 16 фоизи Владимир Путин давлат раҳбари сифатида ҳеч қандай ютуққа эришмади, деган фикрни билдирган.

Шунингдек, респондентларнинг 39 фоизи Россия президенти кучишлатар тизим ходимлари, махфий хизмат, армия, Ички ишлар вазирлиги манфаатлари ҳимоясида эканига ишонишини билдирган. Жамиятшунослар олиб борган тадқиқотлари натижасида 14 фоиз респондент Владимир Путин “Россиянинг барча фуқаролари ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади”, деса, 30 фоизи у “олигархлар, банкирлар ва йирик тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиши”ни билдирган.

Сўнгги ижтимой сўров Владимир Путиннинг Россияда давлат раҳбари сифатида обрў-эътибори 2014 йилнинг ёз фаслидан бошлаб ошиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Айни пайтда мустақил жамиятшунослар ижтимоий сўров хулосалари россияликларнинг ҳақиқий қарашларини акс эттиришига шубҳа билдирмоқдалар.

Сиёсатшунос ва журналист Евгения Альбац ижтимоий сўровлар Россияда жамоатчилик фикри эмас, балки “марказий телеканалларда кўрилган барча хабарларнинг ўзлаштирилиш даражасини” ўрганишдир, деган фикрни билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG