Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:49

Кўзи ожиз ва руҳий хасталар “Халқ сўзи” газетасига мажбуран обуна қилинмоқда


Ҳарф танимас болалар ҳам "Халқ сўзи" ўқисин!

Андижон вилояти Асака туманидаги биринчи синф ўқувчилари газета ва журналларга мажбуран обуна қилинмоқда, дейди шу туманда яшовчи ўзини Нўъмонжон деб таништирган ота-оналардан бири:

- Фарзандим биринчи синфга борди. Ҳозир "газетага обуна қиламиз" деб биздан 10 минг сўмдан йиғиб олишди. Болам энди биринчи синфга борди¸ у ҳали ўқишни билмайдику! Шундай деб айтсак¸ ўқитувчилар бизга обуна мажбурий деб айтди¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ синф раҳбарларига юқоридан “Обуна учун мана бунча пул топширишинглар керак” деб айтилган ва улар бу топшириқни бажаришга тиришмоқдалар.

Озодликка маълум бўлишича¸ нафақат ўқувчи¸ балки ўқитувчилар ҳам давлат матбуоти нашрига обуна бўлишга мажбурланмоқда.

Андижон вилоятида яшовчи ўқитувчи Равшан Содиқовга кўра, даврий нашрларга мажбурий обуна ўқитувчиларга малол келмоқда:

- Фақат ойликка кун кўрувчи ўқитувчининг чўнтагига зарар. Иккинчидан, обуна қилинган “Халқ сўзи” газетаси ўқишга арзимайди. Бу ўқитувчиларнинг ойлигини баракасини учираяпти, дейди Равшан Содиқов.

Кўзи ожизлар ҳам обунага мажбурланмоқда

Жиззах вилоятидаги кўзи ожиз ногиронлардан бири исми сир сақланишини сўраган ҳолда Озодликка мурожаат қилиб¸ газеталарга обуна қилиш учун пенсиясидан пул олиб қолинганидан шикоят қилди:

- Бизнинг брайл ëзувида чоп қилинадиган “Бир сафда” деган журналимиз бор. Икки ойда бир чиқадиган бу журналимизга обуна бўлганмиз иш жойидан. Лекин нега мен “Халқ сўзи” газетасига ҳам обуна бўлишим керак, буни тушунмадим. Идорамиз бошлиғига бу ҳақда айтсам, қўшниларга овоз чиқариб ўқиттиринг, дейди. Бу нима майнавозчилик¸ кўзи ожиз одамнинг устидан кулиш эмасми бу, дейди жиззахлик кўзи ожиз ногирон.

Uznews.net Интернет нашри ҳам Жиззах вилооятининг Дўстлик туманида яшовчи шизофрения ташхиси қўйилган 38 яшар руҳий касалнинг пенсиясидан обунага чегириб қолишаëтгани ҳақида ëзди.

Озодликка маълум бўлишича¸ ногиронлар нафақаларидан обуна учун пул чегириб қолиш амалиëти бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Оддий ўзбекистонликлар таъкидича¸ “мажбурий обуна” амалиёти энг аввало пенсионерларга нисбатан қўлланилади.

Хоразмнинг Мухомон қишлоғида яшовчи пенсионер аёл Назира опа Эшчонованинг Озодликка айтишича, ҳар йилги обуна мавсумида почта ходимлари тумандаги деярли барча пенсионерларни камида иккита газета ёки журналга обуна бўлишга мажбур қилишади.

- Ҳукумат газетасига мажбурий обуна қилади. Кейин яна ўзингиз хоҳлаб бошқа бир газетага обуна бўлишингиз керак, дейди хоразмлик пенсионер аёл.

Разнарядка тизими

Мамлакатдаги барча идора ва ташкилот ишчи хизматлари даврий нашрларга мажбурий тарзда обуна қилинмоқда¸ дейди “Матбуот тарқатувчи” давлат ширкатидаги Озодлик манбаси:

- Ҳар битта идорага разнарядка берганмиз обуна учун. Бу разнарядка ижтимоий аҳамиятга эга бўлган “Халқ сўзи” ва “Ўзбекистон овози” газеталарига обунани назарда тутади. Разнарядка бажарилиши юзасидан ҳар ўн кунда мажлис ўтказиб турибмиз¸ дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошга кўра¸ ҳар битта бюджет ташкилоти¸ энг аввало ҳукумат газетаси, партиялар газеталари, ундан сўнг эса¸ ўз мутахассислиги бўйича газеталарга обуна бўлиши шарт.

Мажбурий обуна ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг яққол намунаси сифатида кўрилади.

Ўзбекистондаги мавжуд қонунларга кўра, истеъмолчини газета-журналларга обуна бўлишга мажбурлаш мумкин эмас.

XS
SM
MD
LG