Линклар

logo-print

Ўзбекистон бўйлаб яна бир пахта терими мавсуми мамлакат бўйлаб юз минглаб талаба¸ врач¸ ўқитувчи ва ишчи-хизматчиларни мажбурий далага ҳайдаш билан бошланди. Оддий ўзбекистонликларнинг Озодликка маълум қилишича¸ “милий бойлик” аталмиш пахтани териш каби миллий кампаниядан қолишнинг ягона йўли – сафарбарликка маъсул шахсларга улар белгилаган миқдордаги порани беришдир.

Бу пора нархи эса¸айтилишича¸ пахтага бормаслик оқибатларининг оғир-енгилига қараб белгиланмоқда.

Энг қиммат ўлпон талабага солинмоқда

Ўзбекистон вилоятларидаги аксар олий ўқув юртлари¸ пойтахт Тошкентдаги айрим универститет ва институтлар талабаларни оммавий равишда пахтага юборишга киришди.

Сафарбарлик арафасида ҳар бир талабадан “пахтага бормасам ўқишдан ҳайдалишга розиман” деган “Кафолат хати” ëздириб олинишига қараганда¸ пахтага бормаслик ўқишдан ҳайдалиш билан баробар. Аксарияти ўнлаб минг доллар пора бериб ўқишга киргани иддао қилинадиган талабалар эса¸ пахтани деб ўқишдан ҳайдалишни истамайди. Шунча пулга ўқишга кирган¸ яна озгина харажатдан қочмаса¸ талабаларнинг ўз иқрорича¸ миллий бойликни термаслик имтиëзини сотиб олиши мумкин:

- Долясини берсангиз¸ қолсангиз бўлади. Ўтган йили курсдошларим 200 доллар билан пахтадан қолган эди. Улар пахтага боришди¸ ўша ерда домлалар билан келишиб¸ секин сурворишди. Бу йил нархлар анча ошган. Айтишларича¸ 500 дан 800 долларгача. Битта бойвачча курсдошим деканга 500 бериб¸ пахтадан қолганини ўзи айтди¸ дейди Ўзбекистондаги олийгоҳларидан бири талабаси.

Дўкондор солиқчини сотиб олиш ëки дўконини ëпишга мажбур!

Жиззах вилояти Зафаробод тумани марказидаги дўконлардан бири эгасининг Озодликка маълум қилишича¸ айни кунларда туман солиқ идораси ходимлари дўконма-дўкон юриб¸ ë ўзларига пахта мавсумидаги ҳар ой учун 500 минг сўм пора бериши¸ ëки жаримага тортилиб¸ дўкондан ажралиш ва пахта даласига ҳайдалиш билан пўписа қилмоқда:

- Магазиним бор. Солиқчи ҳар кун келиб¸ 500 минг сўм сўраяпти¸ пахтага деб. Бўлмаса¸ магазинингни ëпиб¸ ўзингни жаримага тортаман¸ деб қўрқитаяпти. Ойига 500 минг сўм берсанг¸ пахтага чиқмайсан¸ бўлмаса¸ дўконни ëпиб¸ далага ҳайдайман дейди. Пахта уч ой чўзилса¸ 1¸5 миллион сўм солиқчиларга беришим керак. Бу пулни уларга¸ ҳеч қанақа ҳужжатсиз беришим керак¸ яъни пора¸ дейди зафарободлик тадбиркор.

Бошланғич синф болаларига ҳам пахта солиғи солинди

Андижон вилояти Избоскан туман маркази Пойтуғ шаҳарчасидаги 2-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига пахта мавсумида кунига пахта учун 5000 сўм олиб келасизлар¸ бўлмаса¸ ота-оналарингиз пахта териб бериши керак¸ деган талаб қўйилди¸ деб хабар беради фарзанди шу мактабда ўқийдиган ота-оналардан бири:

- Мактаб яқинда капитал ремонтдан чиқди¸ 20 миллиард сўм сарфлаб¸ ҳамма ëқни безаб-тузтишди. Эндигина янги мактабга кўчиб киришди. Кеча болам мактабдан шунақа топшириқ бўлгани¸ пахта мавсумидаги ҳар кун учун кунига 5000 сўм олиб бориши кераклигини айтиб келди. Бермасак¸ пахтага чиқишимиз керак эмиш. Бу қанақа топшириқ¸ қанақа солиқ¸ тушунмадим. Бугунча пул бердим¸ лекин нималигини яхшилаб суриштириб кўраман¸ дейди Озодлик билан суҳбатда избосканлик ота-оналардан бири.

Суҳбат давомида бу манба¸ Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров айни шу 2-мактабда ўқиганини таъкидлай туриб¸ ота-оналар бош прокурор мактабида болаларга пахта “ўлпон”и солинганини тушуна олмаëтганини билдирди.

Азиз муштарий¸ Озодликнинг “Пахта-2014” лойиҳасига ўз атрофингиздаги вазият¸ хусусан¸ давлат ва ҳокимият амалдорлари учун янги пора манбаига айланган "пахта бизнеси"даги нарху навога оид маълумот¸ сурат ва видеотасвирларни йўлламоқчи бўлсангиз¸ WhatsAppдаги +420 724 971 539 рақами билан боғланинг; OzodSkype, OzodOvoz ва OzodlikOnline Skype манзилларига қўнғироқ қилинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG