Линклар

Перм шаҳрининг Киров туман суди қарори билан россиялик 22 ёшли Максим Анисимов ва Евгений Лаптевлар қирғизистонлик ўзбек оиласи яшаётган хонадонга ўт қўйганликда гумони билан 72 соатга ҳибсга олинди. 6 сентябрь кунги ёнғинда ўзбеклар оиласининг уч нафар норасида фарзанди тириклайин куйиб ўлди. Терговчилар ҳибсга олинган шахслар Алишер исмли оила раҳбарига анчадан бери таҳдид қилиб келганини айтмоқда.

Киров туман суди кўп болали ўзбеклар оиласи яшайдиган квартирага ўт қўйиб, уч нафар вояга етмаган болани ўлдиришда гумонланиб қўлга олинган 22 яшар Роман Анисимов ва Евгений Лаптевларни яна 72 соат ҳибсда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.

6 сентябрь куни тонгги 4-ларда Перм шаҳрининг Федосеева кўчасидаги икки қаватли ёғоч уйлардан бирида чиққан ёнғин натижасида 2005, 2007 ва 2011 йилда туғилган уч нафар бола қурбон бўлган.

Перм ўлкаси бўйича Тергов қўмитаси расмий хабарида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105- моддаси 2- қисми (Икки кишидан ортиқ одамнинг ўлдирилиши) юзасидан жиноий иш очилганини маълум қилинди.

Озодлик олган маълумотга кўра, ёнғинда ўлган болалар (Фарида, Талъат ва Меҳмонгиза) ҳозирда Россия фуқаролигини олган эр (асли қирғизистонлик) - хотин (асли ўзбекистонлик)нинг фарзандлари бўлган.

Тергов очиқлаган маълумотларга кўра, номаълум кимсалар кечаси резина шланги орқали квартиранинг кираверишига бензин қуйиб, уйни ёқиб юборган. Бу пайтда квартирада тўрт бола ва уларнинг ота-онаси бўлган. Болаларнинг отаси Алишер рафиқаси билан бирга тўлмаган яна бир фарзандини олиб, синдирилган деразадан ташқарига чиқишга улгуриб қолган. Бироқ хонага қайтиб кирганида, квартира тўлиқ ёнаётганива бошқа хонадаги уч боласининг аланга ичида қолганини кўрган.

Тезкор-оператив гуруҳ Закамск шаҳри фуқаролари бўлган Роман Анисимов ва Евгений Лаптевни ушбу ёнғинни содир этганликда гумонлаб ҳибсга олди. Анисимов билан Лаптев жиноятга мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди:

"Ҳақиқатан менда улар келишмовчилик бўлган. Аммо мен ҳеч кимга таҳдид ҳам қилганим йўқ. Қўлимдан бунақа ишлар келмайди", деди Роман Анисимов суд залида.

Иккинчи айбланувчи Евгений Лаптев эса нима учун ҳибсга олинганидан бехабарлигини гапирди:

"Бу ерда нимадир бўлганида мен бильярдхонада эдим. Бильярддан чиқиб, дод-вой, овозларни эшитиб қолдим. Биз ўша ерга бордик – ҳеч қанақа ёнғин йўқ, тинч эди. Фақат машиналар турган эди", дейди ўзини айбсиз эканини гапирган гумондор Лаптев.

Бироқ терговчилар бошқа тахминларни келтирмоқда. Аниқлашича, ўлган болаларнинг отаси Алишер шу атрофдаги ширкатлардан бирида оддий ишчи бўлган, унинг рафиқаси болалари билан уйда ўтирган.

“Тергов тахминларига кўра, жиноятнинг содир этилишига жабрланувчи уй эгаси ва айбланувчилардан бири ўртасида мавжуд бўлган шахсий адоват сабаб бўлган”, дейилади Перм ўлкаси терговчилари расмий тушунтириш хатида.

Алишернинг қўшниларидан олинган маълумотга кўра, унинг охирги бир йилда Лаптев билан келишмовчилиги бўлган. Бу жанжаллардан бирида Евгений Лаптев ўзбек муҳожири оиласини ўлдириб юбориш билан қўрқитган, улар бир неча маротаба унинг дераза ойналарини синдириб кетган.

Адвокат Людмила Ульянова суд раисига айбланувчиларнинг бу ҳодисага алоқаси борлигини тасдиқловчи бирор исбот-далил йўқлигини айтиб, уларни қўйиб юборишни сўради.

"Уларни ҳибсга олиниши қанчалик адолатли ва қонунийлиги тўғрисида қарор чиқариш эрта. Яъни судга уларни айбини исботловчи бирор исбот-далил келтирилмади", деди адвокат.

Терговчилар агарда судда айбланувчилар айби исботланса, Россия қонунчилигига мувофиқ уларга 20 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлигини гапирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG