Линклар

Ўзбек пахтаси Ucell бошига бало бўлди


TeliaSonera Ўзбекистонда мажбурий меҳнат эвазига бажариладиган пахта мавсумига пул бераётгани таажжуб уйғотмоқда.

TeliaSonera Ўзбекистонда мажбурий меҳнат эвазига бажариладиган пахта мавсумига пул бераётгани таажжуб уйғотмоқда.

TeliaSonera Ўзбекистонда пахта мавсуми давомида мажбурий меҳнатни рағбатлантирмоқда. Катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ коррупция жанжали ҳали бартараф қилинмай туриб яна бир шубҳали вазиятга тушиб қолган кўринади. Ўзбекистондаги Ucell мобил операторининг пахта йиғим теримига ҳомийлик тариқасида 50 минг АҚШ доллари ажратиши TeliaSonera компаниясининг Швециядаги айрим ҳақдорлари тарафидан пора сифатида талқин қилинмоқда.

TeliaSonera Ўзбекистонда пахта мавсумига ҳомийлик қилаётгани ҳақида Швециянинг ТТ агентлиги жума куни хабар қилди. Швед агентлиги Ўзбекистондаги “диктаторлик режимининг асосий экспорт маҳсулоти” дея атаган пахта етиштиришда болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётганига қарамасдан боши коррупция билан боғлиқ жанжалдан чиқмаётган TeliaSonera пахта мавсумига 50 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратгани ҳақида ўтган ҳафта Тошкентга борган швед инвесторларидан бири гапириб берган.

TeliaSonera мулозимлари билан бирга Тошкентга борган Folksam суғурта компаниясининг корпоратив масъулият бўлими бошлиғи Карина Лундберг Марков, Озодлик билан суҳбатда, швед ҳукуматига алоқадор ширкатнинг коррупцияга аралашганига доир иддаоларни текшираётиб, унинг Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни рағбатлантираётганини аниқлаганидан хайрон қолганини айтади.

- Биз TeliaSonera билан боғлиқ ўтмишдаги муаммолар ҳақида суриштираётиб, ширкатнинг спонсорлик фаолияти ҳақида сўрадик. Чунки кўпинча пора спонсорлик сифатида берилиши ҳеч кимга сир эмас. Шунда TeliaSonera пахта мавсумига ҳомийлик қилаётганини аниқладик ва бундан таажжубга тушдик. Чунки Ўзбекистонда пахта мавсуми билан боғлиқ мажбурий меҳнат, ҳатто болалар меҳнатига доир муаммолар ҳақида Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ишончли манбалар йиллар давомида айтиб келади,- дея таажжубини яширмайди Лундберг Марков хоним.

TeliaSonera-нинг бир фоизлик улушига эгалик қиладиган Folksam суғурта компанияси расмийси Карина Лундберг Марков катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли ширкат вакиллари вазиятни Ўзбекистонда пахта мавсумига ҳисса қўшиш мажбурий экани билан изоҳлашга уринди, дея давом этади.

- Улар бизга Ўзбекистонда ҳар бир компания, ташкилот ва ҳар бир одам пахта мавсумида қатнашиши мажбурий экани ва қандайдир ҳисса қўшиши кераклигини тушинтиришга уринишди. TeliaSonera вакилларининг айтишича, улардан учта йўлдан бирини танлаш таклиф қилинган: биринчиси, ўз ишчиларини пахта тергани юбориш бўлган. Бу йўлни улар рад этган. Иккинчиси, қандайдир бошқа ташкилотга пул тўлаб, теримчиларни ёллаш бўлган, буни ҳам улар рад қилган. Учинчи йўли эса пахта далаларидаги теримчилар учун овқат ва кўнгилочар дастурлар ҳаражатини кўтариш бўлган. Улар ана шу йўлни танлаган,- дейди Лундберг Марков хоним.

ТТ агентлиги TeliaSonera вице президенти Питер Борсосдан “бу йилги пахта мавсумида озиқ-овқат сотиб олиш учун 50 минг АҚШ доллари ажратдик”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Лундберг Марков хонимнинг Озодликка айтишича, TeliaSonera вакиллари 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўлов қонуний бўлганини исботлаб бера олмаган. TeliaSonera Ўзбекистонда коррупцион фаолиятда аралшгани билан боғлиқ жанжални баратараф қилмасдан, яна бундай шубҳали олди-бердиларни амалга ошираётгани ташвишлидир, дея давом этади Folksam суғурта ширкати вакили.

- Мен улардан пахта мавсумига ҳомийлик қилиш мажбурий эканини белгиловчи қонун борми, деб сўрадим. Лекин TeliaSonera вакиллари мазкур олди-берди қонуний эканини аниқ тасдиқлаб бериша олмади. Улар шунчаки, биз шундай қилишга мажбурмиз, дейишди холос. Ҳамма шундай қилиши керак, пахта мавсумига ҳомийлик қилишдан бош тортган компания муаммоларга учрайди ва ҳатто мамлакатда бизнес қилиш имконидан маҳрум бўлиши мумкин, деган важларни келтиришди. Бу умуман куракда турмайдиган баҳонадир. Шунинг учун TeliaSonera раҳбарияти ва бошқарув кенгашидан бу спонсорлик қанчалик қонуний эканини яхшилаб текширишларини сўрайман, дейди TeliaSonera фаолиятини тафтиш қилишда иштирок этаётган Карина Лундберг Марков.

Швеция ва Финляндия ҳукуматларига алоқадор ширкат Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни рағбатлантираётгани халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини ҳам таажжубга солмоқда. Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Эндрю Штролайн, Озодлик билан суҳбатда буни даҳшатли ҳол, дея баҳолади.

- Очиғини айтсам, бу хабар мен даҳшатга солди. Хориж ширкати Ўзбекистонда йиллик амалиётга айланган бир миллиондан ошиқ болалар ва катталар мажбурий меҳнатини рағбатлантиришда иштирок этаётганини тушуниш қийиндир. Агар улар Ўзбекистон ҳукумати томонидан бундай ноқонуний ҳаракатга мажбурланаётган бўлса, балки улар Ўзбекистонда бизнес қилиш шартми, деган савол устида бош қотиришлари лозимдир. Улар шундоқ ҳам ноқонуний талабларни сўзсиз бажариб, инсон ҳуқуқлари масаласида дунёда энг мустабид режим билан муаммоларга тушиб қолди. Энди эса, улар мажбурий меҳнатни рағбатлантиришга мажбурланмоқда,- дейди Ҳуман Райтс Уотч вакили Эндрю Штролайн.

Ўзбекистонда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилиши йиллардан бери халқаро танқидларга учраб келади. Жаҳоннинг 130га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Жорий йилги пахта мавсумида ҳам ўзбекистонликлар пахта далаларига мажбуран ҳайдалаётгани, пахтага чиқмаслик учун одамлар катта миқдорда пора беришга мажбур бўлаётгани ҳақида Озодлик хабар бериб бормоқда.

Айни пайтда Швеция прокуратураси TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қилиш имкони учун Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани юзасидан терговни давом эттирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG