Линклар

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри турғуни 45 ёшли Комил Рахматов тўрт фарзанди ва хотинини уйда қолдириб, ўзи Ўш аэропортидан Туркияга учиб кетишга ҳаракат қилаётган пайтда қўлга олинди.

Ўш шаҳар милицияси тарқатган маълумотномада, Комил Рахматов Туркия орқали Фаластиннинг Ғазо минтақасига бориб, у ерда жиҳодчиларга қўшилмоқчи экани тўғрисида етиб келган тезкор маълумотларга асосланган ҳолда қўлга олингани иддао қилинган.

-Биз ҳозир бир қатор дастлабки текширув ишларини ўтказишимиз керак. Бу шахсни Яқин Шарқ ёки Араб давлатларидан туриб урушда иштирок этишга даъват этган кучлар бор, деган тахминни ҳам мустасно этиб бўлмайди. Уларнинг кетиш йўлларини, алоқаларини аниқлаганимиздан кейин, бу ишни Миллий хавфсизлик хизматига ўтказиб берамиз, - деди Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Комил Рахматов қўлга олинганидан сўнг Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига берган суҳбатида ҳақиқатдан ҳам жиҳод қилиш ниятида Фаластинга кетишга ҳаракат қилганини айтди:

-Ўшдан Туркияга учишга ҳаракат қилдик.Уруш кетаяпти-ку, Фаластинда еврейлар билан. Туркиядан Фаластинга автобуслар бор экан. Автобусда етқазиб олиб борар экан, -деди Комил Рахматов.

Унинг айтишича, у тўрт фарзанди ва аёлини қариндошлари ўз таъминотига олишига ишонган ҳолда Ғазога кетмоқчи бўлган. Рахматов турмуш ўртоғи унинг бу фикрига қарши бўлганини, аммо у хотинининг қаршилигига қарамай, йўлга чиққанини айтди.

-Ака –укаларим, қайни укаларим оиламга ёрдам қилади. Албатта, аёлим “Ҳа” демайди, аёл киши кетишингизни хоҳламайди-ку. Тушунтиришга ҳаракат қилдим. Тушунса ҳам тушунмаса ҳам кетаверамиз-да, -деди Комил Рахматов.

Айни пайтда Комил Рахматов Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланмоқда.

Қирғизистон расмий идораларининг маълум қилишича, мамлакатнинг ўзидан ҳам “жиҳод қилиш учун” уруш бўлаётган ҳудудларга чиқиб кетган қирғизистонликлар сони юзга яқинлаб қолган. Уларнинг ўнга яқини қирғизистонлик хотин-қизлар экани айтилади.

-Биз Сурияда жиҳод бўлаяптими ёки манфаатдор кучлар ўртасида уруш бўлаяптими деган маънода тушунтириш ишлари олиб борганимиздан кейин у ёқларга кетаётган одамлар сони камайди. Бугунги кунда Сурияга урушда қатнашиш учун тўқсондан ортиқ қирғизистонлик кетгани маълум. Уларнинг 5 нафари ўша ёқларда ҳалок бўлган, - деди Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулайманов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG