Линклар

logo-print

Чирчиқ шаҳридан Озодликка боғланган фуқаро шаҳардаги академик лицей директори ота-оналарга 1-2 курс талабалари 100 минг сўмдан, учинчи курснинг пахтага боришни хоҳламаган талабалари 400 минг сўмдан пул йиғиб бериши кераклигини айтганини иддао қилди. Суҳбатдошга кўра, директор 1-2 курс талабаларидан йиғиладиган пул уларга дарс ўтадиган ўқитувчиларни пахтадан олиб қолиб, ўрнига одам ёллаш учун сарфланишини айтган. Бошқа вилоятлардан Озодликка боғланган фуқаролар ҳам ўзлари яшайдиган ҳудудда талабалардан пул йиғиб олинаётганидан шикоят қилди.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридан Озодликка боғланган 24 ёшли олий маълумотли Дилбар ўз синглиси Чирчиқ шаҳар академик лицейининг иккинчи курсида ўқишини, лицей директори ота-оналарни йиғиб, 100 минг сўмдан пул тўплаб беришлари кераклигини айтганини иддао қилди.

Суҳбатдошга кўра, лицей директори талабалардан йиғилган пул пахтага бориши керак бўлган ўқитувчилар ўрнига одамни ёллаш учун сарфланишини тушунтирган.

- Лицей директори пахта масаласи бўйича ҳамма ота-онани чақириб, мажлис қилди. Мажлисга дадамлар бордилар. Йиғилишда 1-2 курс талабалари пахтага бормаслиги, 3-курс талабалари бориши айтилган. Кейин 3-курсдагилар бормаса, 400 минг сўмдан, 1-2 курсдагилар эса 100 минг сўмдан пул йиғиб беришлари кераклиги айтилган.

1-2 курс ўқитувчилари пахтага кетса, дарс ўтишга ўқитувчилар қолмас экан. Шунинг учун 100 минг сўмдан пул йиғишдан мақсад ўқитувчиларни дарс ўтиш учун олиб қолиш ва пахтага бошқа одамларни ёллаш экан, - дейди Дилбар.

Унга кўра, ота-оналар пулни шу кунларда йиғиб беришлари керак.

Мажлисда қатнашган ота-оналардан ҳеч ким лицей раҳбари айтган гапга қарши чиқмаган.

- Ўртоғим билан гаплашган эдим, бошқа вилоятларда ҳам коллеж ва лицейларнинг 1-2 курс талабалари пахтага бормаётган экан. Ўртоғим бошқа коллеждаги танишлари билан гаплашган экан, уларга 50 минг сўмдан пул йиғиб бериш кераклигини айтишибди. Бу пул ёрдам ва ўқитувчилар ўрнига одам ёллашга сарфланишини айтишибди. Бизнинг лицейда 1-2 курс талабаларига 100 минг сўмдан деб айтган, - дейди Дилбар.

Унинг фикрича, ўқитувчилар пахта теримига жалб этилмаслиги учун талабалардан шунча пул тўлашни талаб қилиш адолатдан эмас.

- Мен ҳайронман. Ҳар бир ўқувчидан шунчадап пул олса, қанча бўлади? 1-2 курсда нечта гуруҳ бор? Наҳотки шунчадан пул йиғса? Ўқитувчиларни пахтадан олиб қолишнинг оғирлиги нима учун айнан ўқувчилар зиммасига тушиши керак?

Масалан, ўқитувчиларнинг 15 фоизи пахтага кетса, қолгани дарс ўтиши керак. Менимча, пахтадаги ўқитувчилар ҳар 15 кунда алмашиши керак, - дейди Дилбар.

Чирчиқлик суҳбатдош ўз оиласи лицей директори айтган миқдордаги пулни ҳали тўламагани ва нима қилишни билмаётганини қўшимча қилди.

Бошқа вилоятлардан Озодликка боғланган фуқаролар ҳам ўзлари яшайдиган ҳудудда ўқитувчиларни пахтадан олиб қолиш учун талабалардан пул йиғилаётганини айтмоқдалар.

Хусусан, Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги 2-мактабда ҳам пахта билан боғлиқ пул йиғиш тадбири давом этаётгани иддао қилинди.

Исми сир тутилишини сўраган избосканлик фуқаро 2-мактабда фақат журнал бўйича битта бола кунига 5000 сўм пул олиб келиши керак экан.

Унга кўра, бошқа синфлардаги ҳар бир ўқувчига 1000 сўмдан пул олиб келиши кераклиги айтилган.

Айни пайтда битта синф пахта теримига биттадан одам топиб бериши мажбурий экан.

5 сентябрь куни Қашқадарë вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармасида мажлис ўтказган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев, Озодлик манбалари йўллаган хабарга кўра, бу йилги пахта терими мавсумида мактаблар, шунингдек, лицей ва коллежларнинг 18 ëшга тўлмаган ўқувчиларини далага чиқармаслик ҳақида қатъий буйруқ берган.

Бош вазир мамлакат миқëсида олий ўқув юртлари талабалари¸ қолаверса¸ давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ишчи-хизматчиларини ëппасига пахта теримига жалб қилиш ҳақида кўрсатма берган.

Ушбу кўрсатма асосида пойтахт Тошкент ва вилоятларда пахта теримига оммавий сафарбарлик жараëни қизиб бораётгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG